Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади
— Тракторчилар келишяптими?! Ичкарига олинглар, ичкарига… Ичкари уй бўшми? Ким ўтирибди? Ўқитувчилар?! Чиқар ҳаммасини ташқарига!
Машҳур сўз устаси Ҳожибой Тожибоев жамиятдаги, инсонлар тафаккуридаги ўзгаришларни кулгига олар экан, турли сабаблар туфайли ўқитувчилар обрўси тўкилаётганига ҳам ишора қилган эди, бир пайтлар. Бу ҳазил-ҳангома қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқатга яқинлиги сабабли халқимиз юрагидан жой олди.
Дарвоқе, авваллари давраларнинг тўри, маслаҳатнинг зўри ўқитувчиники бўлганини педагоглар ҳам, катта ёшли инсонлар ҳам яхши эслайди, қўмсайди. Халқимиз азалдан ардоқлаб, кўкларга кўтариб келган устоз обрўсига ҳамон путур етказаётган бир қанча омиллар борки, қуйида улар хусусида фикр юритамиз.
Мамлакатимиз мустақиллигининг даст¬лабки йилларида ҳар бир соҳа олдида қийинчиликлар, муаммолар юзага келгани сир эмас. Бу таълим тизимини ҳам четлаб ўтмади. Одамлар ўқиш, илм олишдан кўра, кўпроқ тирикчилик ғамига тушгани, айрим ўқитувчилар “касбини ўзгартириб”, ўзини савдога ва бошқа соҳаларга ургани бор гап. Натижада мактабларда малакали кадрлар етишмовчилиги кескин ортди. Бўшаб қолган иш ўринлари эса ўрта махсус маълумотли ёки номутахассис педагог-кадрлар билан тўлдирилди. Баъзан шундай ҳолатлар бўлдики, ёш авлод таълим-тарбияси ҳақиқий педагогга эмас, ҳеч қаерда иши юришмай, ишсиз қолган “кадр”ларга ишониб топширилди.
— Таълим соҳасида 48 йиллик тажрибага эгаман, — дейди Олмазор туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси Мунира Раҳматқориева. — Йиллар давомида кўп ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Энди мустақилликка эришиб, давлатимиз оёққа тураётган йиллари мактабларнинг моддий-техник аҳволи ночорлиги, ўқитувчи маошининг камлиги сабабли тажрибали, юқори малакали мутахассислар бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Бу мактаблар нуфузини тушириб юборди. Ўқитувчиларга паст назар билан қараш шаклланди. Ота-оналар ҳам фарзандининг ўқиши, илм олишидан кўра, пул топишини афзал кўра бошлади. Болаларни одоб-ахлоққа чақириб, яхши ўқишга даъват қилган муаллимга “Сен кимсанки, боламга хўжайинлик қиласан! Ўқиб олим бўладими ё менга дунё олиб берадими?!” мазмунида эътироз билдирувчи ота-оналар кўпайди. “Нуроний” жамғармасининг Юнусобод туман бўлими раиси Анвар Ғуломовнинг таъкидлашича, ўша даврда “Муаллимлик касбини янглишиб танлабман!” деган нотўғри қарашга берилган, вазифасини сидқидилдан бажаришга иштиёқ сезмайдиган кадрлар пайдо бўлди.
— “Келажакда ўқитувчи бўламан!” деган ўспиринни кам учратамиз, — дейди Анвар Ғуломов. — Тўғри-да, тинмай касбидан нолийдиган ўқитувчига қайси ўқувчи ҳавас қилади!
“Оддий муаллим” иборасидаги “оддий” сўзи замиридаги юксак инсонийлик, зиё тушунчалари бузиб талқин қилиниб, “оддий ўқитувчи” атамаси камхаржликни, “қўли калталик”ни ифода этадиган бўлиб қолди. “Оддий ўқитувчиликнинг орқасидан...”, деган гаплар муомалага кирди.
Мактаб — олий даргоҳ. Унда хизмат қилаётганлар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир ўтказиши, мактаб ва муаллим номига доғ тушириши асло мумкин эмас. Абдулла Қаҳҳор, Шавкат Раҳмон ўзбек адабиётини иқтидорсиз ҳаваскорлар ва саёз асарлардан қанчалик ҳимоя қилганини яхши биламиз. Агар мактабларда ҳам таълимни, педагогликни чаласавод, номуносиб кадрлардан ҳимоялайдиган шундай жонкуяр устозлар кўпайганида тизимда “адашган ўқитувчилар” учрамасди. Таълим сифати ва самарадорлиги бундан-да юксалган, ўқитувчилик энг обрўли касблардан бирига айланган бўларди.
Шукрки, мамлакатимиз йилдан-йилга ривожланмоқда. Айниқса, таълим тизимидаги муваффақиятлар барчамизни қувонтиради. Маълумотларга кўра, 1991 йилгача республикада 8214 та мактаб мавжуд бўлиб, шундан 4689 таси (57 фоизи) лойиҳалаштирилган биноларда жойлашган. 3525 та мактаб (43 фоиз) мослаштирилган биноларда, шундан 1167 таси (33 фоизи) ўтган асрнинг 40—60-йиллари ҳашар йўли билан пахса ва хом ғиштдан қурилган, бирор-бир меъёрга жавоб бермайдиган биноларда фаолият олиб борган. Ўтган йиллар мобайнида деярли барча таълим муассасалари капитал ёки жорий таъмирланди. 1991—2003 йилларда республикамизнинг барча ҳудудида 1 миллион 893 минг ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактаблари ҳамда 152,8 минг ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасалари қурилди ва таъмирланди.
2004—2009 йиллар мобайнида Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида жами 8501 та мактабда; (351 та мактабнинг биноси янгидан қурилди, 2470 таси капитал реконструкция қилинди, 3608 таси капитал ва 2069 таси жорий таъмирланди). 2010—2016 йилларда Инвестиция дастури асосида 2255 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу мақсадлар учун 2,9 триллион сўм сарфланди.
Таълим муассасалари 1,09 триллион сўмлик замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси билан таъминланди. Мактабларнинг ўқув мебеллари билан жиҳозланганлик даражаси 82591 синф тўпламга (2004 йилдагига нисбатан 78,1 фоизга кўп), физика лаборатория хонаси 8519 тага (87,8 фоиз), кимё лаборатория хонаси 8550 тага (88,2 фоиз), биология лаборатория хонаси 8541 тага (88,1 фоиз) етди.
2004 йилда республика бўйича бор-йўғи 1342 та (14 фоиз) мактабга замонавий компьютер берилган бўлса, бугунги кунда энг сўнгги русумдаги ўқув компьютер синфлари 12 956 тани ёки умумий мактаблар сонининг 81,5 фоизини ташкил этади.
Бундан ташқари, сўнгги 11 йил давомида мактаб ўқитувчиларининг ўртача иш ҳақи миқдори 17 бараварга ошгани педагогларнинг моддий фаровонлиги юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 25 ноябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган энг илғор ва фаол педагоглар ойлик маошининг 40 фоизигача устама ҳақ олмоқда. Албатта, бу эътибор ва ғамхўрлик ўз мевасини бериши лозим. Аммо...
“Ўқитувчи бўлмайман”
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўқитувчи ва ўқув муассасаси” мавзусида ижтимоий сўров ўтказди. Мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари иштирок этган сўров натижаларидан маълум бўлишича, охирги йилларда ҳар бешинчи педагог обрўсини йўқотиб бормоқда. Ўқувчилар уларга тақлид ва ҳавас қилишни истамайди. “Нега?” деган оғриқли савол туғилади.
— Бугун ўқитувчи обрўсининг тушишига унинг жамоат ишларига фаол жалб этилаётгани ҳам сабаб бўляпти, — дейди Чилонзор туманидаги 178-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Наргиза Тошматова (исм-фамилия респондентнинг илтимосига кўра ўзгартирилди). — Касбимни яхши кўрсам-да, айрим сабабларга кўра, соҳадан кетмоқчиман. Олий ўқув юртини тамомлаб, фаолиятимни катта иштиёқ билан бошлагандим, мақсадларим ҳам улкан эди. Йиллар ўтиб, касбимдан кўнглим совий бошлади. Ҳаммасига қўл силтаб, бошқа ишга ўтиш истаги пайдо бўлди. Бугун бу истак қатъий қарорга айланди. Бунга ойлик маош сабаб эмас. Маошимдан нолимайман. Ҳозир яхши ишласангиз, устама ҳақ, мукофот пули оласиз. Сабаби бошқа: мактабда турли баҳоналар билан пул йиғиш, ўқитувчиларни ҳар хил тадбирлар, семинарларга, жамоат ишларига мажбуран жалб қилиш ҳолатлари кўпайиб кетган. Айтилдими, бас, дарсни ташлаб бўлса-да, тадбирларга бориш керак. Бу касбий маҳоратимизни оширишга хизмат қилса-ку, яхши. Аммо кўп ҳолларда вақтимизга ачиниб қайтамиз. Мен кераксиз тадбирбозликдан кўра, 45 дақиқалик дарсимни муҳим деб ҳисоблайман.
Муаллима синф бурчагидаги жавон томон ишора қилди. Бу ерда кўплаб альбом шаклидаги дафтарлар ўрин олган эди.
— Бу микроҳудудни назорат қилиш дафтари. Ҳудудимизда 70 та кўп қаватли тураржой биноси бор. Бизга ана шу уйлар бўлиб берилган. Дарсдан кейин микроҳудуддаги ҳар бир хонадонга кириб, зарур маълумотларни қайд этамиз. Бир йилда икки марта назорат олиб борилса-да, ўқитувчи ўзига белгиланган хонадонларни бир кунда айланиб чиқолмайди. Ахир, ким қайси мактабга ўтгани, яшаш жойини ўзгартиргани каби маълумотларни йиғиш оз вақт талаб қиладими?! Ўтган йилларда ҳар бир хонадонда нечта бола борлиги, таҳсил олаётган мактаби рўйхатга олинарди. Энди ҳудудда яшовчиларнинг нечтаси доимий, нечтаси вақтинча рўйхатда туриши, қанчаси мактабда ўқийди, қанчаси МТМга боради, таълим муассасаси кўрсатилиши керак. Бундан ташқари, ҳар йили нечта чақалоқ туғилгани, жинси, миллати ҳам қайд этилади. Бундай ортиқча юкламалардан чарчадим. Агар ўқувчилар дафтари, кундаликларини текшириш, педагогик юкламаларни бажариш, режа, конспект дафтарлари ёзиш, дарсга доир кўргазмали қурол тайёрлаш, дарс ишланмалари устида ишлаш, ўқувчиларимнинг руҳий-ахлоқий ҳолатини назоратга олиш бўлса, эътирозим йўқ. Бу ишлар ўқитувчининг вазифасига киради. Аммо микроҳудуд назорати, ҳар ҳафта эшик олдида навбатчилик қилиш, кўчаларни ободонлаштириш каби ишлар касбий вазифамизга дахлдор эмас-ку!
Директор ўқитувчининг ҳимоячиси (бўлиши керак!)
Муҳаббат опа 30 йиллик педагог. Ўқувчиларда математикага қизиқиш уйғотиб, иқтидорли болалар салоҳиятини тезда илғаб, улар билан самарали ишлай олади. Шундан ўқувчиларининг кўрсаткичлари жуда яхши. Лекин бир куни мактабга қўққисдан келган текширувчилар унинг дарсини кузатди. Машғулот сўнгида ўқитувчи йўл қўйган камчиликлар синф¬хонанинг ўзидаёқ бирма-бир саналди. Ўқувчилар ҳайратда. Ахир улар шу вақтгача устозининг бенуқсон дарс ўтишига, ҳеч қачон камчиликка йўл қўймаслигига ишонишарди-да. Эътироз ўқитувчига ҳам хуш келмади, чунки у доим дарс¬га масъулият билан ёндашар, ўз методларидан кўнгли тўларди. Ўқувчилар олдида юз берган тортишув мактаб раҳбари хонасида давом этди. Ўқитувчи камчиликлари ўқувчилар олдида муҳокама этилганидан норози бўлиб, мактаб раҳбарининг ҳимоясидан умид қилганди. Аммо бундай бўлмади. Ҳодиса моҳир педагогнинг руҳиятига салбий таъсир қилди. “Ортиқ дарс беролмайман. Ўқувчиларим мен ҳақимда энди нима деб ўйлайди?” деган истиҳола билан ишидан воз кечди...
Чиндан ҳам юқори ташкилотлардан келган текширувчилар томонидан ўқитувчига нисбатан эътироз билдирилса, мактаб директори уни ҳимоя қилиши лозим. Агар бу танқидлар тўғри бўлса ҳам кўпчилик олдида педагогга танбеҳ бериш салбий натижа бериши мумкин. Шу боис таълим муассасаси раҳбари ходимни чақириб, камчиликларини алоҳида ўзига айтиши керак. Шунда ўқитувчи хатоларини тушуниб, уни тўғрилашга интилади, қолаверса, раҳбарга бўлган ҳурмати ортади.
Билимли, маҳоратли ўқитувчи ҳамиша бир поғона юқори туради. Аммо ташқи томондан ўтказилган биргина таъсир бола кўнглидаги ана шу юксак эҳтиромни бир лаҳзада йўққа чиқариши ҳеч гап эмас. Ота-онанинг фарзанди олдида ўқитувчиси ҳақида салбий фикр билдириши, юқоридаги каби ҳолатлар бунга мисолдир.
— Охирги йилларда фарзандига паст баҳо қўйсангиз ҳам жанжал кўтариб келадиганлар кўпайди, — дейди Юқоричирчиқ туманидаги 15-мактаб ўқитувчиси Дилноза Норматова. — “Сен яхши ўқитганингда болам “икки” олмасди. “Икки” қўйгунча, унга билмаганларини яхшилаб ўргат. Боламни доскада машқ ёзишга мажбурлашга нима ҳаққинг бор”, дея ўша жазонинг, қўйилган “икки” баҳонинг сабабини суриштирмай, дўқ-пўписа қиладиганлар бор. Аксарият ҳолатларда бу жанжаллар раҳбар хонасигача етиб боради. Энг ёмони, раҳбар ҳам ота-оналарнинг ёнини олиб, ўқитувчини тажрибасизликда, хато қилганликда айблайди. Менимча, мактаб директори шундай вазиятда холис, имкон қадар ўқитувчи ва ота-онани муросага келтирувчи бўлиши керак. Шундай йўл тутилса, ота-оналар кичик бир важ билан ўқитувчининг обрўсини тўкишга ботинолмасди. Қолаверса, баъзи ҳолларда мактаб раҳбарияти ўқувчилар ўртасида ўқитувчининг обрўсига путур етказади.
Эркак ўқитувчи борми?
Шаҳрисабз тумани Шакартери қишлоғидаги 78-мактабда бир неча йиллардан буён малакали, олий маълумотли тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси йўқ. 7 йил муқаддам бу фандан сабоқ берган муаллимни ҳануз ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналар соғиниб эслайди. Маҳоратли, билимли, болалар билан тез тил топиша оладиган педагог кўплаб ўқувчиларда фанига қизиқиш уйғотган. Айниқса, ўғил болалар орасида келажакда архитектор, рассом бўлишга қарор қилганлар кўпайди. Ўқитувчи улар билан дарсдан кейин ҳам шуғулланарди. Иқтидорли шогирдлари Ҳиндистонда ўтказилган халқаро ёш рассомлар кўрик-танловида иштирок этиб, “Ўзбекистоннинг тарихий обидалари” мавзусидаги суратлари билан ғолибликни қўлга киритишди. Аммо дарс соатининг камлиги натижасида маоши озлик қилган ўқитувчи мактабдан кетишга мажбур бўлди...
Шу каби сабаблар аксарият эркак ўқитувчиларни мактабдан кетишга ундаган бўлса, бу вазиятни кўриб вояга етаётган ўсмирларда ўқитувчиликка ҳавас сўнмоқда. Натижада мактабларда эркак ўқитувчилар камайиб, бу таълим-тарбия жараёнига ҳам сезиларли таъсир ўтказяпти.
— Педагогик жамоада эркак ўқитувчиларнинг ўрни катта, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактаб директори Шаҳноза Қосимова. — Бизда аксарият ўқитувчилар аёллар бўлгани учун шу фикрга келганман. Мисол учун, танаффус пайти ўқитувчилар хонасида муаллимлар ўзаро педагогик маҳорат, фанга доир масалалар юзасидан фикрлашиб, долзарб муаммолар устида баҳс-мунозара юритганига гувоҳ бўлмайман. Аксарият ҳолларда бу дақиқалар майда-чуйда мавзулардаги шивир-шивирларга сарфланади. Аҳамият берсам, ана шундай “шивир-шивир”лар бирор эркак ўқитувчи хонага кириб келиши билан ниҳоясига етади. Биргина ўқитувчилар хонасида эркак ўқитувчиларнинг ўрни қанчалик муҳимлигини шундан ҳам англаса бўлади. Энди синфхоналарни, дарс жараёнини ҳам шу нуқтаи назардан кузатсак, хулоса янада ойдинлашади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик “Жиноятнинг узун йўли” асарида шундай ёзади: “Мутахассисларнинг кузатишича, ўғил болаларнинг ҳис-туйғуларида, феъл-атворларида (характерида) илмий тилда “фениминация” деган ҳолат кузатиляпти. Лотинча “фемина” — “аёл” маъносини билдиради. Мазкур илмий атама ўғил болаларда қатъиятсизлик ошиб бораётганини англатади. Кенгроқ маънода шарҳласак, ўғил болалар жиддий бир қарорга келишда сусткашлик қиладилар, уларда масъулиятга нисбатан қўрқув мавжуд, бошқаришдан бўйин товламоқлик, мустақил қарорга келишдан қочишга уриниш, иродасизлик ва ўта таъсирчанлик сезиляпти. Булар эркакларга хос бўлмаган ҳолатлар эканини таъкидламасак ҳам бўлар. Бунинг асосий сабаби сифатида олимлар мактаб ўқитувчиларининг асосан аёллардан иборат эканини кўрсатишади. Мактаб ўқитувчиларининг 80—90 фоизи аёл экани ва бунинг муҳим ижтимоий муаммо экани дунёдаги кўп мамлакатларга хосдир”.
Замон зайли билан одамларнинг вақти тиғиз. Оила бошлиқлари ишдан кеч қайтади. Ўрни келганда айтиш керак, ўз боласига-да вақт ажратолмаётганлар талайгина. Айрим оилаларда эса фарзанд¬лар ёлғиз она қарамоғида улғаймоқда. Болалар тарбиясида эркак ўқитувчиларнинг ўрнини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Бу таълим масканларидаги ахлоқий-тарбиявий муҳитда яққол намоён бўлади.
Муаллим ҳам чарчайди...
Бугун ўқитувчилар ўз устида қай даражада ишлаяпти? Ҳар уч-беш йилдаги малака ошириш курсларини қўйиб турайлик-да, кундалик бадиий, илмий, эстетик эҳтиёжларини қай даражада тўлдириб бораётганига эътибор қаратайлик.
Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази тингловчилари ўртасида ўтказган сўровимизда қатнашган 27 нафар турли фан ўқитувчиларидан фақат 4 нафари оммавий ахборот воситаларида ўқиган охирги мақоласини аниқ кўрсатди. “Таълимий нашр¬лар орқали берилаётган қайси методик тавсиядан фойдаланяпсиз?” деган саволга 5 нафар ўқитувчигина аниқ жавоб ёзган. 2 нафар ўқитувчи мутахассислигига оид охирги ўқиган илмий-методик асар номини ёза олди. Сўровномада ўқитувчилар иш фаолиятида учраётган муаммолар ҳақида ҳам фикр билдиришди. Ҳар бир респондент ўз устида ишлашга вақти йўқлиги, ортиқча қоғозбозликлар кўплигини алоҳида қайд этган. Бир иштирокчи “Ўқитувчи ҳужжатлари” деган кичик сарлавҳа остида қуйидаги узун рўйхатни келтирган:
1. Синф журнали.
2. Синф раҳбари папкаси.
3. Синф раҳбари журнали.
4. Синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари.
5. Ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати.
6. Ота-она билан ишлаш дафтари.
7. Дарс конспекти.
8. Йиллик режа.
9. Педагогик соат.
10. Дарс таҳлили.
11. Фанга оид кўргазмалар.
12. Паст ўзлаштирувчилар, бўшлиқ билан ишлаш режа ва дафтари.
13. Иқтидорли ўқувчи билан ишлаш режа ва дафтари.
14. Ўқувчиларнинг айланма дафтарлари.
15. Ўқувчилар назорат иши дафтари.
16. Услубий бирлашма ҳужжатлари.
17. Тест банки.
18. Ўз устида ишлаш папкаси.
19. Тўгарак журнали.
20. Тўгарак билан ишлаш папкаси.
21. Микроҳудуд билан ишлаш даф¬тари.
22. “Ораста қизлар” папкаси.
23. Фильтр дафтари ва шошилинч буйруқлар, ҳисоботлар, маълумотлар ва ҳоказолар...
Чиндан ҳам, мактабларда ўқитувчига шунчалик кўп вазифа юкланганми, деган савол билан педагогларга юзландик. Маълум бўлишича, юқоридаги ҳужжатлар умумий бўлиб, уларнинг ҳар бирида ўқитувчига яна кўплаб вазифалар бор экан. Масалан, синф раҳбари папкасида синф раҳбарининг шахсий ҳужжатлар жамланмаси, синф раҳбарининг низоми, йиллик иш режаси ва ойлик ҳисоботлари, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳақида маълумот, ўқувчилар қоидалари, ўқувчиларнинг кундалик дафтар тўлдириш қоидалари, ота-оналар йиғилишини ўтказиш режаси ва баённомалар, ташкил этилаётган тадбир, очиқ дарс, танлов, олимпиада натижалари ҳақидаги маълумотлар жой олиши керак...
Булар фақат қоғозни тўлдириш ишлари, холос. Уларнинг амалдаги жараёнини ҳам ўйласак, ўқитувчи зиммасидаги юкламалар қанчалар кўплиги ойдинлашади. Шулардан ортиб, ўқитувчи дарс ҳам ўтиши керак, дарсдан ташқари ўқувчилар билан шуғулланиши, тадбир ва очиқ дарсларни ташкил қилиши ва ўз устида ишлаши лозим. Инсоф билан айтинг-чи, шунча юклама билан улардан яна китоб ўқишни талаб қилиш тўғрими? Имкони бўлса, барча педагоглар ҳам китоб ўқишни, ўз билимини ошириб боришни хоҳлайди. Ахир, бусиз эртага ўқувчи олдида уялиб қолиши ҳеч гап эмас. Афсуски, уларда бунинг учун вақт етишмаяпти.
“Ҳар куни ҳадик ичида ўтирамиз, — дейилади жавобларнинг бирида. — Бугун қаердан текширувчи келаркан, нимани текшираркан, ҳамма ҳужжатларим тўлиқмикан. Ачинарлиси, текширувчи ўқитувчига ҳужжатларнинг тўлиқлигига қараб баҳо беради. Наҳотки, ўқитувчининг маҳорати, билим даражасини шу тилсиз қоғозлар холис айтиб бера олса?! Ахир, уларнинг ҳаммаси кўчирма-ку”.
Ҳақиқатан ҳам, ўқитувчига холис баҳо унинг дарсини кузатиб, ўқувчилар билимидаги самарадорликка кўра берилиши керак. Зеро, мактаб таълимидаги энг бирламчи масала ўқувчига сифатли таълим бериш. Аммо ортиқча қоғозбозлик дарснинг сифатини бузиш билан бирга, ўқитувчининг қимматли вақти беҳуда сарфланишига сабаб бўлмоқда. Натижада китоб ўқимайдиган, янгиликка интилмайдиган, ҳатто ҳордиқ чиқариш учун ўзига вақт ажрата олмайдиган (буни қарангки, ўқитувчи ҳам чарчайди!) тажанг кайфиятдаги муаллимлар пайдо бўляпти.
Таъмагирлик беобрў қилади
Ҳар бир инсон меҳнатига яраша тақдирланишни истайди. Мукофот ҳам икки хил бўлади: моддий ва маънавий. Ўқитувчи фаолияти давомида бунинг иккисига ҳам эришади. Аммо шунча эришганларига қаноат қилмайдиганлар “муаллим” номига доғ туширмоқда. Келинг, мавжуд ҳолатни хаспўшламай, очиқ айтайлик. Турли байрамлар, битирув оқшомлари ва ҳатто туғилган куни олдидан ўзининг “баҳоси”ни секингина ота-оналарга шипшиб қўядиган, агар совға ўзи истагандек бўлмаса, қошларини чимириб, терс ўгириладиганлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, пойтахтда. Бу ҳам ўқитувчи обрўсига путур етказувчи бош омиллардандир. “Келишилган совғалар” ўқитувчининг обрўси, мавқеини туширади. Зеро, таъмагирлик бошланган жойда холислик, ҳаққонийлик, қатъият ва шахсий принцип каби педагогик хислатлар чекинади.
“Ҳурматга лойиқ бўлайлик!”
— Ишлайман, деган муаллим учун барча шароит мавжуд, — дейди Шаҳрисабз туманидаги 78-мактаб ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Назокат Воҳидова. — Фақат юракда меҳр, истак бўлиши керак. Бир неча йиллар олдин қишлоғимизда кунига 20 соат ток бўлмасди. Бўр ва доска, кўргазмали қуроллар ёрдамида дарс ўтардик. Уйга қайтгач, уй ишлари билан кеч бўлганини ҳам сезмай қолардим. Тонгга қадар эртанги дарсга тайёргарлик кўриб, ўқувчиларнинг ёзма ишларини текшириб бўлардим. Эрталабдан яна мактабга отланардим. Касбимни яхши кўрганим учун бу менга оғирлик қилмасди. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ишлаган, маҳоратини ошириб борган ўқитувчи, албатта, ҳурмат қозонади. Менимча, жамиятда ўқитувчиларнинг обрўси тушишига уларнинг ўзи ҳам сабабчи бўляпти. Ўзимизга “Нега ўқувчилар мени ҳурмат қилмаяпти?”, “Нега ота-она бундай муносабатда бўляпти?” каби саволларни бериб кўрайлик! Ҳар байрамда ота-оналардан нимадир таъма қилиб турсак, битирув кечасига менга фалон нарса совға қилинглар, деб шарт қўйсак, ўқувчи қизлар билан бир хонада тирноқ бўяб ўтирсак, баҳони нархласак, энг ёмони, фанимизни яхши билмасак, эл ичида қандай ҳурматимиз бўлсин?! Ўқитувчи — илм кишиси. Унинг кўзи тўқ, назари баланд, маънавияти юксак бўлиши керак. Ана шу хислатларни ўзида жамлаганларгина устозлик мақомига, эъзозга сазовор бўлади.
“Ўқитувчилик — қўшимча юк”ми?
Умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти қайси органнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида ташкил этилади? Мактаб ўқитувчилари фаолияти қайси ташкилотнинг буйруқларига кўра юритилади? Бугунги кунда бу ваколат икки ташкилот томонидан амалга оширилаётганини ҳаммамиз биламиз: халқ таълими бошқ¬арув идоралари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
— Ўқитувчи фақат иш берувчига бўйсунади, — дейди Республика таълим маркази директор ўринбосари Меҳринисо Пардаева. — Ўқитувчига иш берувчи мактаб раҳбаридир. Ўқув-тарбия жараёни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан чиқарилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этилади. Маҳаллий ҳокимиятнинг таълим муассасаси фаолиятидаги ваколатлари “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддаси орқали тартибга солинган. Яъни, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таълим муассасалари фаолиятининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлигини таъминлайди; таълим муассасаларини ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади (республика тасарруфида бўлган муассасалар бундан мустасно), уларнинг уставларини рўйхатга олади; ўз ҳудудларидаги таълим муассасаларини ваколат доирасида молиялаш миқдорларини ва имтиёзларни белгилайди; таълим сифати ва даражасига, шунингдек, педагог ходимларнинг касб фаолиятига бўлган давлат талабларига риоя этилишини таъминлайди.
Ҳокимиятнинг таълим муассасалари фаолиятига аралашуви жамоатчилик назоратида амалга оширилиши керак. Агар маҳаллий ҳокимият дарснинг сифати, самарадорлиги бўйича назорат ўтказмоқчи бўлса, бунга тегишли меъёрий ҳужжат қабул қилиши лозим. Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қабул қилинган 181-сонли буйруқда ўқитувчининг лавозим вазифа ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатда кўрсатилган лавозим вазифасига кирмайдиган ишларни маҳаллий ҳокимият ва жамоатчилик ташкилотлари ўқитувчидан талаб қилишга, мажбурлашга ҳаққи йўқ.
Шуни таъкидлаш ўринлики, ўқитувчилар Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган педагогик, таълимий, тарбиявий вазифаларини тўлиқ ва сифатли бажариши учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари топшириғи билан ўз ваколатига кирмайдиган жамоат ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб қилинмаслиги, турли ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган текшир-текширлар тартибга солиниши зарур.
Кейинги пайтларда айрим маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларининг педагоглар, хусусан, директорларга нисбатан қўпол муносабати, уларни беҳурмат қилгани акс этган видео ва аудиоёзувлар интернет тармоғида кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.
Жумладан, Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев ва Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ўқитувчиларни беҳурмат қилгани тасвирланган видео ва аудио лавҳалар кўпчилик ўртасида кенг муҳокама қилинди. Эътиборлиси, ҳар икки ҳокимнинг бу хатти-ҳаракатига нисбатан қонуний чора кўрилди. Сайхунобод тумани ҳокими вазифасидан бўшатилган бўлса, Андижон шаҳар ҳокими маъмурий тартибда жазоланди — энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жаримага тортилди.
Ҳақиқатан ҳам, педагогларни беминнат югурдакка айлантириб олиш нафақат ўқитувчи зотига нисбатан ҳурматсизлик, балки ўша раҳбарларнинг таълим-тарбия самарадорлигига бефарқлигини ҳам англатмайдими?
— Мактаб таъмири, кўчаларни ободонлаштириш, макулатура, металлолом йиғиш, уйма-уй юриб қандайдир рўйхатларни тўлдириш ва ҳоказо юмушлар ўқитувчининг дарсни тўлиқ ва сифатли ўтишига тўсқинлик қилади, — дейди Косонсой туманидаги 11-мактабнинг география фани ўқитувчиси Муҳаммаджон Тўрабеков. — Оқибатда айримлар учун ўқитувчилик қўшимча юкка ўхшаб қолмоқда. Айниқса, куз ойларида дарслар иккинчи даражали масалага айланиб, ўқитувчилар пахта терими учун далаларга сафарбар қилинади. Ўқитувчи далада пахта терса, ким дарс ўтади, болаларга ким таълим-тарбия беради? Табиийки, таълим-тарбияда бўшлиқ юзага келади. Бу йил Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоровнинг ўқитувчиларни ободонлаштириш ва дала ишларига жалб қилишга чек қўйишга ваъда бергани оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинди: “Ўқитувчиларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчига ўзининг ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Кўзимизни очсак, оғир аҳволдамиз. Шунинг учун биз ўқитувчиларимизни, умуман, бюджет ходимларини ўзига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилишга чек қўямиз...”, деган эди вилоятимиз ҳокими. Биз ўқитувчилар унинг гапларидан таъсирландик ва натижа қандай бўлишини кутдик. Бу йил мактабимиздаги ҳеч бир ўқитувчи терим мавсумида дала ишларига жалб этилмади. Ҳар бир синфда дарс жараёнлари режа бўйича давом эттирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакат тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Қувонарли жиҳати, давлатимиз раҳбари ушбу Мурожаатномани тақдим этаётганида энди ҳокимлар биринчи галда таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга, маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштиришга масъул бўлишини алоҳида таъкидлаганини телевизорда кўриб, хурсанд бўлдик.
Чиндан ҳам, фарзандларимизнинг келажакда комил инсонлар бўлиб улғайишида ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Шундай экан, ҳокимлар ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларни эъзозлашда барчага ўрнак ва намуна бўлиши керак.
Мақсадимиз фақат камчиликларни санаб, кўрсатиб ўтиш эмас. Балки ўқитувчи обрўси, мартабасини тиклаш чораларини кўриш вақти келганини таъкидлашдир. Ахир, муаллимга енгиллик бериб, зиммасидаги кераксиз юклардан озод қилиш таълим-тарбия тизимига фақат фойда келтиради. Чунки ўқув-тарбия ишларининг сифати ўқитувчи обрўси билан бевосита боғлиқдир.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири