Туман халқ таълими бўлими мудирлари
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фан ва таълим соҳасини ислоҳ қилиш, тизимни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Бунинг амалий ифодаси сифатида 2017 йили халқ таълими тизимида кўплаб янгиликлар ҳаётга татбиқ этилди. Таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, фанларни ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш, таълим масканларида замонавий шарт-шароитлар яратиш, педагог кадрлар салоҳиятини юксалтиришга доир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари асосида умумий ўрта таълим тизимида амалда мавжуд бўлган, лекин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан асосланмаган айрим ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. 2017-2018 ўқув йилидан ўқувчиларга компетенциявий ёндашув асосида чуқур билим беришга қаратилган янги давлат таълим стандартлари жорий этилмоқда.
Соҳадаги муҳим янгиликлардан бири — 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг жорий этилганидир. Шунга мувофиқ, 10-синфлар учун 31 номдаги дарслик нашр қилиниб, жойларга етказилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10—11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида умумтаълим мактабларида Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилиб, 10-синф ўқувчиларининг 50 га яқин касблар бўйича ўқитилиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 21 август¬даги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига биноан, умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман(шаҳар) халқ таълими бўлимларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил қилинди.
Ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини чуқур англаган ҳолда янгиликларни тизимга самарали татбиқ этиш, уларда кўзда тутилган вазифаларни тўла-тўкис бажариш таълим тараққиётида муҳим омилдир. Айниқса, бу жараёнда туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари мутасаддиларининг алоҳида ўрни бор. Уларни соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан батафсил таништириш, бошқарув идоралари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, касбий кўникма ва малакасини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг 3—5 январь кунлари Халқ таълими вазирлиги томонидан республика ўқув-семинари ташкил этилди.
Ўқув-семинарда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари ҳамда туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари раҳбарлари иштирок этди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Қ.Бектурдиев ва бошқалар тизим фаолиятини такомиллаштириш, таълим сифати ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёш мутахассислар билан ишлаш ва етакчилар фаолиятини йўлга қўйиш, таълим муассасаларининг молиявий фаолиятини ташкил этиш каби масалалар юзасидан атрофлича фикр билдирди.
— Бугунги замон шиддати ҳаётимизга ҳар куни, ҳар лаҳзада янгиликлар кириб келишига замин яратмоқда. Халқ таълими тизимида жорий этилаётган янгиликлар ҳам давр тақозоси, тараққиётнинг бирламчи талабидир, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-методик жараёнларни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — Бу соҳадаги ҳар бир ходим-мутахассисни мазкур янгиликлардан хабардор этиб бориш, уларни тизимнинг фаол аъзоси сифатида меҳнат қилишга ундашни талаб этади. Халқ таълими вазирлигининг буйруғи асосида ташкил этилган ўқув-семинар доирасидаги маш¬ғулотларда айрим раҳбарларнинг ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тўла англаб етмагани, уларнинг ижросини таъминлашда малакасизлиги аён бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда 200 га яқин туман (шаҳар) халқ таълими бўлими раҳбарларига машғулотлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарорлари, фармон ва фармойишларнинг моҳияти батафсил тушунтирилиб, галдаги вазифалар бўйича тавсиялар берилди.
Иштирокчилар шўъба йиғилишларида қатнашишдан аввал ҳудудлар кесимида 8 гуруҳга бўлинган ҳолда бирламчи синов назорати — кириш тестидан ўтказилди. Халқ таълими вазирлиги мутахассислари, Республика таълим маркази методистлари олиб борган машғулотларда иштирокчилар иш ҳужжатларини юритиш, фуқаролар мурожаати билан ишлаш, педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишларини самарали ташкил этиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, таълим бошқарувидаги муаммолар, уларнинг ечимлари, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматини самарали ташкил қилиш бўйича зарур маълумотларга эга бўлишди. Ҳар бир мавзу бўйича малакали мутахассислар томонидан тайёрланган ўқув материаллари, тақдимотлар, ҳудудий бош¬қарув идоралари фаолияти ва таълим жараёнини самарали ташкил этишга оид электрон ресурслар тар¬қатилди.
— Семинарда келгуси фаолиятимизни ҳар томонлама тўғри ташкил этишимиз учун зарур маълумот ва тавсияларга эга бўлдик, — дейди Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафиса Нишонова. — Масалан, бизни энг кўп ўйлантираётган масалага бу йил ечим топилди. Яъни, жорий йилдан марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ташкил қилинмоқда. Бундан ташқари, жорий ўқув йилидан компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари 1-, 4-, 6-, 7-, 10-синфларга татбиқ қилинмоқда. Машғулотларда бу борадаги билим ва кўникмаларимизни бойитдик. Бу жараёнда жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни ўрганиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Компетенциявий ёндашув асосида ташкил этилган дарсларни кузатиш, таҳлил қилиш орқали маҳоратимизни оширдик.
Семинар сўнгида — якуний назорат тестлари олинганда иштирокчилар ўз соҳасига доир кўплаб муҳим тушунча ва маълумотларга эга бўлгани ойдинлашди. Энг муҳими, туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари семинар давомида ўзаро тажриба алмашишди.
Ўқув-семинар якунида ҳудудий халқ таълими бўлимлари мутасаддиларининг келгуси фаолиятини янада жонлантириш юзасидан муҳим вазифа ва режалар белгилаб олинди.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири