Ота-оналар мажлисини қандай ўтказасиз?
Мактаб ва оила ҳамкорлигини йўлга қўйишда ота-оналар мажлиси кўприк вазифасини ўтайди. Уларни мактабга таклиф қилиш осондек туюлгани билан буни уддалаш анча қийин. Баъзи мактабларда мажлис фақат номига, яъни муассаса раҳбарлари, фан ўқитувчилари иштирокисиз, расмиятчилик учунгина ташкил қилинса, айрим таълим масканларида қоғоздагина ўтказилиши сир эмас. Бунинг сабаблари нимада?
Аввало, мажлис зерикарли ўтади. Ўқитувчи ва ота-она мажлисга жиддий муносабатда бўлмайди. Айрим ота-оналар фарзандининг мактабда таълим олишидан кўра, оила иқтисодига фойда келтирадиган тирикчилик воситаси билан шуғулланишига кўпроқ вақт ажратади. Боласининг “Бугун мажлисга борасизми?” деб ялиниб-ёлворишига қарамай, барибир мактабга бормаслик кўпчилик ота-оналар учун одатий ҳолга айланиб қолган. Фарзандини ҳуда-беҳуда мактабдан олиб қолаверадиган оила бошлиқлари эса боласи кўп дарс қолдиргани ва ўзлаштириши пастлиги учун танбеҳ эшитишини билгани учун ҳам боришни хоҳлашмайди. Ундан кўра фарзанди синф раҳбаридан “Ота-онанг нега мажлисга келмади?” дея дашном эшитгани маъқулроқ.
Ота-оналар мажлисига асосан аёллар келади. Ваҳоланки, болага отанинг таъсири онага нисбатан кучлироқ бўлишини мажлисга боришни хоҳламайдиган оталарнинг ўзлари ҳам яхши билишади. Болага эса, албатта, онасининг боргани маъқул, ҳар ҳолда она отадек қаттиқ койимайди-да.
Ота-оналар мажлисининг талаб даражасида ўтказилмаслигига синф раҳбарлари ҳам маълум маънода айбдор. Иштирокчилар кўп бўлса, турли гап-сўзлар “болалайди”, мактаб раҳбарларидан танбеҳ эшитиш ҳеч гап эмас. Синф раҳбарларининг ота-оналар мажлисини ими-жимида ўтказгани “Сен менга тегмасанг, мен сенга тегмайман” ақидаси билан боғлиқ эмасмикан?
Хўш, ота-оналар мажлисини жонли, баҳс-мунозарага бой, ҳамжиҳатликда ўтказиш мумкинми?
Мактабимизда синф ота-оналар мажлисини турли маънавий-маърифий тадбирлар билан бир вақтда ўтказишга қарор қилдик. Ўқувчилардан иборат жамоалар турли-туман тадбирлар ўтказишади. Деярли ҳар куни қизиқарли беллашув, байрам ва тарихий саналар муносабати билан маънавий-маърифий кеча, спорт мусобақалари ташкил қилинади. Тадбир олдидан синф ота-оналар мажлиси ҳам белгилаб олинади ва ота-онага махсус таклифнома юборамиз.
Икки синф ўқувчилари ўртасида мусобақа ўтказиладиган бўлди. Мактаб раҳбарлари, фан ўқитувчилари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Қизиқарли кураш ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой тадбир тугагач, иккала синф ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида йиғилиш бошланди. Мактаб директори, ўринбосарлар, иккала синф раҳбари ва фан ўқитувчилари қатори кўпчилик ота-оналарнинг кайфияти кўтарилди. Чунки фарзанди тадбирда фаол иштирок этди. Баъзилар боласи сусткашлиги учун хижолат бўлди.
Янгича тартибда ташкиллаштирилган ота-оналар мажлисидан сўнг, айниқса, дангаса ва ўйинқароқ, ўзлаштириши суст, жамоат ишларида фаол бўлмаган ўқувчиларда фаолликни кузатдик. Бу ҳолат кейинги байрам тадбирига тайёргарлик жараёнида яққол кўзга ташланди. Икки синф ўқувчилари иштирокидаги тадбирда барча болалар қатнашиш истагини билдирди. Иккала синф раҳбарларининг ота-оналар мажлисини айнан шу пайтда ўтказиши айни муддао бўлди. Илгари тадбирда қатнашиш истаги бўлган ўқувчилар бармоқ билан санарли эди. Асосан билимдон ва фаол ўқувчилар тадбирни “гуллатишарди”. Энди эса фаолларимиз кўпаймоқда.
Байрам тадбирида иштирок этиш учун одатдагидан икки баравар кўп ўқувчини танлаб оляпмиз. Майли, ҳеч ким четда қолмасин! Илк бор иштирок этаётган айрим ўқувчилар ҳаяжонланишади. Аммо фарзандининг кўпчилик ўртасида чиқишини илк бор кўрган айрим ота-оналарнинг кўкси ғурурга тўлади.
Тадбир ўтказиладиган куни ота-оналар мажлисини ташкил қилишнинг самарасини сездик. Тажрибамиз маъқул келса, қўллаб кўринг.
Нормамат ЭШОНҚУЛОВ,
Олтинсой туманидаги 63-мактаб ўқитувчиси