8-синф: «Қаро кўзум» ғазалини ўрганиш
Таҳририятимизга Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси Оқилжон Мавлоновдан мактуб келди. Муаллиф ўз хатида 1996—2000 йиллар оралиғида Ҳазрат Навоий асарларини ўрганиш ва ўқувчиларга ўргатиш бўйича “Ma’rifat” газетасида бир қанча илмий-оммабоп мақолалари чоп этилганини ёзган. Шунингдек, буюк шоир таваллудининг 555 йиллиги арафасида газетамизнинг 1996 йил 7 февраль сонида эълон қилинган “8-синф: “Қаро кўзум” ғазалини ўрганиш” мақоласини қайтадан эълон қилсак, ўқитувчилар учун фойдали бўлишини таъкидлаган.
Қанча вақт ўтса-да, қимматини йўқотмайдиган ушбу нодир ғазал намунасининг ажойиб тадқиқини зукко газетхонларимиз яхши эслайдилар. Тадқиқотчи муаллимнинг ушбу шарҳини ўз вақтида таниқли олим Нажмиддин Комилов ҳам маъқуллаган. Адабиёт муаллимларига фойдаси тегар деган умидда мазкур мақолани такроран эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
ТАҲРИРИЯТ
“Қаро кўзум”нинг риндона (ишқи ҳақиқий) шарҳи унинг тасаввуфона мазмуни, унда қўлланган мажозий образ, ибора ва истиоралардан келиб чиқади. Риндона ғазалларнинг ўзи ҳам икки хил:
1. Ринднинг ошиқлик мақомотларидаги қийинчилик ва риёзат азобларини ифодаловчи ғазаллар.
2. Ринднинг Ёри азалга муҳаббати тасаввуфий тимсоллар (май, нур, сув ва бошқалар) ёрдамида мажозий ифодаланган ғазаллар.
Риндона ғазалларда май, нур, сув каби мажозий тимсоллар ёрдамида ошиқнинг мақоми, мақомотларни эгаллаш йўлидаги риёзати, пир ва мурид ўртасидаги муносабатлар, Оллоҳнинг муҳаббатига муносиб бўлиш, солик ахлоқидаги ҳолий ўзгаришлар, Тангри тажаллисининг солик қалбига солган фараҳий ва шуурий файзи нашидалари, ошиқ қалбининг жунбушга келиши, бевафоликдан ҳасрат, жон ва руҳнинг етишув шодликлари ва лаззати, фонийлик нашидаси ва бақо севинчи, ваҳдат тахайюли айши кабилар таассуроти мужассамлашган бўлади.
“Қаро кўзум”нинг риндона таҳлилига қуйидаги мисралар орқали кириб борасиз:
Бўлмаса ул бут қоши меҳробим ичра жилвасоз,
Қиблаға, кофирмен, ар бош индириб қилсам намоз.
Қош меҳроби — кўз қовоғи, у ерда кўз косаси, қораси ва гавҳари жойлашган бўлади. Навоий шу қорачиғ — гавҳарда бут (Оллоҳ) нури жилваланишини, тажаллисини истайди. Агар у зуҳурланмаса, қибла — Каъбадан ҳам юз ўгиришга шай. Ҳатто диндан воз кечиб, кофир бўлишга рози қилган “ул бут” ким? Шоир яна бир шеърида:
Титрангиз, эй аҳли дин, исломингиз бошиғаким,
Ғорати дин этгали ул номусулмоним чиқар,
— деган эди.
Навоий ана шу номусулмон бутнинг доим кўз мардумида тажалли бериб туришини истайди. Ҳамда кўп соғинтира бермай одамгарчиликдан сабоқ олишни таклиф қилади:
Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
(Эй қаро кўзлигим, келиб одамгарчиликни ўргангин!
Кўзим қорачиғига кириб гавҳар каби ўрнашиб ол.)
Одамгарчилик бу — инсонлар орасидаги ўзаро меҳр-муҳаббат, садоқат, вафодорлик, оқибат ва бошқалар...
Шоир қора кўзидан ҳам шундай мурувват истайди. Шарҳдаги одамгарчилик сўзидан маълум бўладики, бу мурожаат одам наслидан бўлмаган хилқатга қарата айтилмоқда.
Кўз қорасига кириб гавҳарга айланишни қандай тушунмоқ керак?
Маълумки, кўз инсон танасидаги энг нозик ва энг зарур аъзодир. Кўзсиз яшаш — барча гўзалликлардан маҳрум бўлиш демак. Шу маънода, инсон доим кўзини асрайди ва ҳар қандай бахтсиз ҳолларда кўзни омон сақлашга интилади. Шундай экан, ошиқ учун “қора кўз”ни ана шу гавҳар сақланувчи ҳуққа(мардум, қути)да сақлаш тинчлик бахш этади. Иккинчидан, у доим кўз олдида, нигоҳида бўлади. Учинчидан, кўз қисм¬лари ораси мардуми — кўз қорачиғи кўришни таъминловчи бўлак ҳисобланади. Ошиққа ўн саккиз минг оламни ана шу “қора кўз” тажаллиси жой олган мардум орқали кўриш хотиржамлик бағишлайди:
Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.
(Юзинг гулига кўнглим боғидан гулшан ясаб ол,
Ниҳол қаддингга жоним гулшанин чаман қилгин.)
Энди ошиқ қора кўзини кўнгил уйига таклиф этмоқда. Нима учун? Халқда “Фақирнинг кўнгли — Оллоҳнинг уйи” деган ибора бор. Фақирнинг кўнгли эса маънавияти каби доим пок ва осуда бўлади. Бундай покиза ерга ҳар қандай қора кўзни ҳам таклиф қилиш мумкин. Нега юз гули, висолига эмас? Чунки гул — руҳ тимсоли. Кўнгил эса руҳнинг макони. Иккинчи мисрада эса шоир ҳарфий санъат ҳам қўллаган. Эски ўзбек ёзувига кўра “жон” сўзи ёзилганда алиф “жим” ва “нун” ўртасида қолади. Бу билан ошиқ қора кўзга жонини ҳам ўртада баҳам кўришга тайёр эканини ифодаламоқда.
Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,
Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил.
(Отинг оёқларига бағрим қонини ҳино қилиб суртиб ол,
Итингга эса бўйинбоғ учун жонимнинг ғамзада ипини боғлаб олгин.)
Юқоридаги шарҳдан маълум бўлганидек, жонини баҳам кўришга рози солик, энди бағир қонини ҳино учун беришга тайёр. Савол туғилади: “От оёғига нима учун ҳино боғлаш керак?”. Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида келтирилишича, ўтмишда овчилар овга чиқиш олдидан отларнинг оёғи ва думига ҳино боғлар экан... Ана энди тасаввур қилинг: “Қаро кўз”ли, ладун сўзли бир Ёр овга кетмоқда, унинг тагида оёқларига ошиқнинг бағир қонидан ҳино суртилган ўйноқи таковари (от). У билан яна бир содиқ ҳамроҳ бор: бу — ит (қадимда овга қуш ёки ов ити билан бирга чиқиш расм бўлган).
Икки оғиз ит ҳақида. Мумтоз адабиётда ит садоқат, вафодорлик рамзи сифатида кўп қўлланади. Шарқ ғазалчилигида кўпинча ёрига етиша олмаса, унинг ити билан суҳбат қуриш, итига улфат бўлиш, ити билан бирга овқатланишни орзу қилиш кабилар ошиқнинг асосий мақсади бўлган. Хуллас, қонини топширишга тайёр ошиқ жони(жон ипи)ни ҳам беришга шай. У жон риштасини ҳар кимга ҳам эмас, энг садоқатли ва ишонарли бўлган итига топширмоқчи. Бу итга муносиб, ярашиқли бир бўйинбоғ (тасма) бўлишни истайди. Шунда у қора кўзини ҳар куни кўриши, бирга бўлиши, унинг илоҳий суҳбатидан баҳраманд бўлиши, ҳатто унинг нур каби ипакдай майин “қўллари” бу бўйинбоғни кунда бир бор ушлаши ҳам аниқ. Алқисса, бугун қора кўз ўзининг кўплаб ошиқларини овлаб “қурбон” қилади, чунки у ирим билан оти туёғи ва думига “бағир қонидан хино боғла”ган. Бугун бу қора кўзни кўриш, унга етишиш мақсадида риёзат чекиб юрган содиқ соликлардан кўпи жон таслим этади:
Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,
Хамир этиб яна ул тоғда Кўҳкан қилғил.
(Эй фалак, айрилиқ тоғида туфроғим (хок) топилса,
Хам(и)р қориб (лой) яна ундан кўҳкан ясагин.)
“Айрилиқ тоғи” қаер? Солик мақомотларни эгаллашидаги энг оғир синов. Бу — содиқ ошиқлар қора кўз мазҳарини кўриб жон таслим қилган жой. Бу — руҳ тан қафасидан, кажрафтор фалакдан айрилган жой. Бу айрилиқ — ошиқ учун бахт. Тасаввуфга кўра, ошиқни Ёрдан айириб турувчи душманлар: нафс, тана ва дунё. Бу “фироқ” — чарх учун, ошиқ учун эса бахт, имтиҳон буюк синовдир. Ана энди бу чарх содиқ ошиқ элини кўришни истаса, ундан хамир қилиб (Одам атонинг яратилиши каби) кўҳкан ясасин. Ўшанда ҳам фироқ тоғида топилса... Нега, ҳатто уларнинг хокини ҳам топиш қийин, фарқлаш қийин? Чунки бу қурбон бўлган ошиқларнинг маслаги бир, мақсади бир-да. Барчаси ҳам қора кўзнинг вафодор ошиқлари.
Шунинг учун уларни риёзат йўлида фарқлаш қийин. Фарқи бўлганда бари баробар жон таслим қилишга рози бўлиб, уларнинг хокидан фироқ тоғи юзага келмас эди. Бу ошиқларнинг барчаси фано тоғининг кўҳканлари.
Яна хам(и)р сўзи эски ёзувда “хамр” қисқа “и”сиз ёзилишини ҳисобга олсак, ошиқлар тупроғидан оддий лой эмас, май қуйқуми — хамр юзага келади. Хамр тасаввуфда ифрон, Оллоҳ ҳақидаги маърифатнинг энг чўққиси, орифлар маърифатини ифодалайди. Шоир шу маънони ҳам назарда тутган бўлиши, эҳтимол. Яна нега айнан кўҳкан ясалиши керак? Бу сўзнинг истифодасига эътибор қилсак, шеъриятда у “Фарҳод” ва “тоғ қазувчи” маъноларини билдиради. Тўғрироғи, “тоғ ўювчи” десак, барча маънони ўзига қамраб олади. Шеърларда қўлланишини кузатайлик:
Менга баробар эмас Кўҳкан билан Мажнун,
Аларда юз ғам эди, лек менда минг ҳасрат.
Нодиранинг бу байтида “Кўҳкан” Фарҳод маъносида келган.
Агар Ширин учун Фарҳод ишқи Кўҳкан бўлса,
Не тонг Саккокий ҳам, жоно йўлингда жонкан бўлди.
Бу ерда “кўҳкан” сўзи ишқ йўлида риёзат тортувчи жунун ошиқ маъносида келяпти.
Хуллас, тоғ ўйиш нақадар машаққатли бўлса, ишқ йўлида содиқ қолиб фироқ тоғида синовдан ўтиш ундан-да ўн даража ортиқ риёзатдир. Шундай қилиб, шоир бу байтдаги “кўҳкан” сўзига жуда кўп нозик маъноларни юклаган.
Мабодо фалакка насиб этиб “айрилиқ тоғи”даги ошиқлар туфроғидан “мардум” (инсон) ясаса, албатта, яна Фарҳод каби ишқ йўлида ҳар қандай балоларни енгувчи, тоғ ўювчи каби сабр-тоқатли, риёзатга чидамли бир ошиқ қул юзага келарди. Камига у илоҳий билим, ладуний ҳис эгаси бўлиб, ичию таши (хамр — май қуйқаси, маърифат) ирфонга тўла бир комил инсон юзага келиши шубҳасиз. Шеърдаги ҳиссий бўёқдан чиқиб келиб айтиш мумкинки, агар Чарх бу хоклардан бошқа киши (айтайлик, Намруд) ясамоқчи (чунки у кажрафтор чарх-да...) бўлганида ҳам аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, яна Кўҳкан юзага келар эди.
Юзунг висолиға етсун, десанг, кўнгулларни,
Сочингни боштин-аёғ чин ила шикан қилғил.
(Юзинг висолига кўнгил(жон)ни етсин десанг,
Сочингни бошдан-оёқ зинапоя шаклига келтир.)
Висолга етишга сочнинг қандай алоқаси бор, дерсиз? Эшитинг: “Муҳаббатнома”да шундай байтлар бор:
Анингким ол энгинда менг яратди,
Бўйи бирла сочини тенг яратди.
“Бўйи бирла сочи тенг” қоракўзни тасаввур қила оласизми? Навоийнинг ўзи эса бир ғазалида:
Васл аро кўрдим, тенг эмиш бўйию сочи, — дейди.
Хуллас, ана шу бўйию сочи тенг қоракўз сочини ҳалқа-ҳалқа қилса, бу зинапоялардан солик (руҳи) кўтарилиб, маъшуқа висолига етар экан. Нақадар чиройли ташбеҳ, шундай эмасми?! Бу байт¬даги юзни Илоҳиёт жамоли, Руҳи аъзам деб тушунмоқ лозим. Энди ўзингиз бўйию сочи тенг қоракўз ким эканини англагандирсиз. Нега энди кўнгил “юз висоли”(илк манба)га етишни истайди? Чунки инсон — Оллоҳнинг ердаги халифаси:
Офаринидин қилиб инсонга ғараз,
Они қилиб халқ ичинда беиваз.
Кўнглин онинг махзани ирфон қилиб,
Ул таслим ичра ўзни пинҳон қилиб...
Бу сатрларга “Фақир қалби — Оллоҳ уйи” иборасини қўйиб, энди фикрланг-чи, бу “кўнгил”ларда нима яширин экан? “Тилсим ичра ўзни пинҳон қилиб” турган бу нур, албатта, илк мабдаъга қайтади-да. Томчи денгиз ичидагина ўзини абадий ва мутлақ бахтиёр ҳис этади, у сув ичидагина мен денгизман (“Анал¬ҳақ”), деб баралла садо бера олади... Фироқ тоғида синовдан ўтган ошиқлар, бўйинбоққа айланган соликлар руҳи энди ваҳдат истайди. Бу бақо мақомига ҳаракат:
Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас монеъ,
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.
(Эй боғбон, бу боғ атрофига игнадан тикан қилиб чиқсанг ҳам, барибир улар куз (фасл) лашкарларига тўсиқ бўла олмайди).
Бу байтлар лирик чекиниш. Биз ҳам энди ўқувчилар билан боғбон олдига борамиз... Қани, нима гап экан? Маълум бўлишича, боғбон куз фасли яқинлашаётганини билиб, боғини Хитой девори билан ўраб, устига игнадан тикан қадаб чиққан экан. Ким ҳам яшнаб турган боғини сап-сариқ рангда кўргиси келади. Водариғ, барибир куз боққа кирибди. Бу нимаси? Бу абадий ва азалий ҳукм. Яратганнинг қудрати. Бу сунъ наққоши чархни мана шундай тилсимли яратган. Назар ташласак, бу чекиниш бекорга эмас экан. Ахир, инсон умрининг ҳам фасллари бор-ку. Шу боис шоир ҳам лирик парда ортида ўзи борлигини, унинг умр фаслига ҳам куз яқинлашаётганини, бунга боғбон каби қаршилик кўрсатиш бефойда эканини, қадр ва қазо азалий битик эканини эслатмоқда. Демак, соликнинг бирдан-бир имконияти навбатдаги фасл — қишга тайёргарлик билан бориш, умрни бекорчи ҳою ҳавасларга сарф этмаслик, қоракўзга муносиб бўлиш.
Нега куз, қиш эмас? Умрнинг қишида кечикиш мумкин: ёшликдаги тошга, қариликдаги бошга битилади. Маълумки, кузда олам сариқ рангга бурканади. Сариқ ранг — айрилиқ. Айрилиқ эса сўнгги синовдан дарак. Энди бу синовни ҳеч ким тўхтата олмайди. У солик аъмолидаги ёзув. У лавҳул маҳфуздаги ҳукм.
Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.
(Эй дўстим, юзида терни кўриб ўлсам, мени гулоб ила ювиб, гул баргидан кафан қилгил.)
Юқоридан маълумки, соликларнинг баъзиси фироқ тоғида синовдан муваффақият билан ўтган эди. Бу садоқат ва вафодорлик қоракўзнинг тош бағрини бироз юмшатади-да, қаҳрамон ошиқларни кўриш учун “ташриф” буюради. Тажалли бериб, мазҳар тусини олади.
Энди бироз насрий чекиниш қилайлик. Фараз қилинг, Навоий даври. Шарқона тарбия топган аёл. У ўз ошиқлари олдига келмоқда. Ошиғининг содиқлигини, вафодорлигини синовдан ўтказиб бўлган, кўнгил тўқ... Мана етиб ҳам келди. Энди у ўз севикли ёрига “Мен сизни се...”. Аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, шарқона тарбия топган иболи аёл ўз муҳаббатини ҳеч ошкора баён қилмайди. У ўз розини қарашлари билан, рангининг ўзгариши (масалан, қизариши), юзини тер босиши, рўмол тортиши ва ҳоказо билан билдиради.
Соликка эса ана шу тер босишнинг ўзи кифоя. Шарқда “Сукут — ризолик аломати” дейишади. Ошиққа ҳам ана шу сукутда тер босиш етарли. Энди у оёғини бафуржа узатиб, ўзидаги илоҳий нурни илк мабдаъга топширади. Бу ўлиш боқийликдир. “Ёд этмак ўлимни ёруғлик оҳанги эмиш”, “Ким руҳни ўлмак сўзи равшан айлар”, деганларидек, ниҳоят, шоир руҳни равшан айловчи “ўлсам” сўзини тилга олди. Бу ўлим — янги руҳ туғдирувчи ўлим.
Ана энди бу фонию комилдан бақо мартабасига кўтарилиш арафасида турган ўлик ошиқни бир “гулоб ила ювиб, гул баргидин кафан”лаб қўяйлик. Мумтоз адабиётда бу ювиш ва кафанлаш маросимини кўп учратамиз. Умар Хайёмда:
Жаҳондан кўз юмсам шаробга ювиб,
Ток зангидан менга бир тобут қилинг...
Мен ўлсам май билан ювишни кўзланг,
Йўқловда Жом бирла шаробдан сўзланг.
Энди гулоб билан барг маъноларини очиш учун яна бир байтга мурожаат қилайлик:
Уч нарса сенинг (Оллоҳнинг) учингдан олмиш тимсол:
Руҳдан — гул (гулоб), лабдан — мул (май), юздан — жамол (мазҳар).
Демак, азалий руҳдан — гул тимсол олган, гулдан эса гулоб юзага келади. Гулоб — боқий руҳ сингдирилган сув, обиҳаёт, тириклик суви, абадий ҳаёт рамзи. Ошиқни гулоб ила ювиш мангу барҳаёт руҳ бериш, боқийликка тирилтириш демакдир.
Ошиқ гулоб орқали ана шу абадий руҳга мушарраф бўлиш бахтидан умидвор.
Гул барги-чи? Гул — руҳ тимсоли бўлгач, барг — унинг ерга тўкиладиган қисми каби осмондан инсониятга нозил бўлган ваҳийлар, исломий таълимот. Жисмигача руҳ билан ювиб тозаланган, покланган ошиқ энди ўзининг бирор белги (фирқа, мазҳаб) билан ажралиб туришини истайди. Ахир, қора кўзга етказувчи таълимотлар (Инжил, Таврот, Забур, Қуръон) кўп-ку. Ошиқнинг шулардан бирига мансублигини билдирувчи “кийими” бўлиши керак ва бу жуда зарур. Бизга маълумки, гул барги яшил рангда. Яшиллик — исломий рамз. Исломий туғ. Ислом эса камолотга етказилган диндир. Ошиқ охирги дақиқаларда ҳам ана шу таълимот остида қолиш ниятида. Шу сабаб дўстидан: “Мен ўлгач, қора кўз висолига етишимга ишон (гулоб — руҳ ила юв) ҳамда исломий одат- (гул баргидан кафан)ларга кўра дафн қилгин”, дея васият қилади. Васият — амри вожиб. Энди ошиқнинг икки дунёси исломий, охирати улуғ...
Навоий, анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.
(Эй Навоий, жонда шавқ базмини қурсанг, унинг бошоғлиғ ўқин (киприклари) мажлисинг шами қил.)
Тасаввуфдан бехабар ўқувчилар учун жонда шавқ базмини қуриш, албатта, нотабиий. Руҳ тан уйидан илк манба сари йўл олгач, арш курсиси-ла фараҳга тўла шавқли суҳбат бўлиб ўтади. Абу Ҳасан Ҳарконий “Нур ул-улум”да ишқий ғойибликни учга бўлади:
1. Ўзингни англасанг ва Худо ҳам сени билса ва кишиларни сийрак учратсанг.
2. Сен бўлсангу, маъшуқ (қора кўз) бўлса.
3. Ҳамма (фироқ тоғидаги содиқ қурбонлар ҳам) бўлсаю, сен бўлмасанг, (яъни абадий руҳга сингиб, ваҳдат ҳосил қилиш).
ўазал матласидаги шавқли анжуман бу ғойибликнинг иккинчи ҳолатига тўғри келади. Бу суҳбат якунида учинчи ҳолатга ўтилади.
Иккинчи мисрада эса ана шу йиғинга қора кўзнинг “Бошоғлиғ ўқини шамъи анжуман қилғил” дейилган. Мумтоз адабиётда киприкнинг шам тимсолида қўлланиши анъанавийдир.
Яна, халқда киприк тўкилса, бировни соғинибсан, дейилади. Шоир мисрасида бу маънога ҳам ишора бор. Қаро кўзнинг ўзи ҳам ошиқ халифаларини соғинган, лекин синов (дунё)сиз бу муҳаббатини ошкора қилишни истамайди. Ошкоралик ҳам юзни тер босишидан нарига ўтмайди. Шарқда эса Қуръони Каримда ҳам ибо ва ҳаё масаласига кенг эътибор берилган. Бу ҳам шоир диққат марказидан четда қолмаган. Чунки Қуръони Каримда ҳам қора кўзнинг ваҳийси-да.
Умуман “Қаро кўзум”даги шавқли анжуман шоирнинг тахайюл имкониятларини кўрсатувчи бир мўъжизадир.
Оқилжон МАВЛОНОВ,
Ўзбекистон туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси