Вилоятлар ўзаро тажриба алмашди
Аввал хабар берилганидек, сирдарёлик 45 нафар халқ таълими ходими Хоразм вилоятида бўлиб, икки кун мобайнида вилоятдаги намунали мактабларнинг иш фаолиятини ўрганди.
— Йигирма йиллик педагогик фаолиятимда вилоятлар ўртасида бундай тажриба алмашиш бўлмаган эди, — дейди Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармасининг ташхис маркази раҳбари Гулчирой Ҳасанова. — Хоразм вилояти халқ таълими соҳасида ўзига хос тажрибага эга. Мисол учун, таълим муассасалари 90 фоиз мутахассис кадр¬лар билан таъминлангани, синфхоналар талаб даражасида замонавий безатилгани менда ҳавас уйғотди. Хоразмлик ҳамкасбларимиз яратилган шароитлар билан чекланиб қолмаган. Ҳар бир фан ўқитувчиси ишга ижодий ёндашиб, қўл меҳнати ёрдамида янги ўқув жиҳозлари яратишга интилади. Айниқса, Хива шаҳридаги 6-мактаб психологи хонасининг безатилиши бизда катта таассурот қолдирди. Сирдарёда ҳам шундай хона ташкил этишга аҳд қилдик. Ўз нав¬батида биз ҳам хивалик педагоглар билан тажрибаларимизни ўртоқлашдик. Қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари билан ишлаш тартиби ҳақида ёш мутахассисларга тегишли маслаҳатлар бердик.
Билимлар беллашуви, фан олимпиадаларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, ўқувчилар билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш, халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди. Мактабни безатиш, қулай шароитлар яратиш, бугунги кун раҳбарининг олдида турган вазифалар, ўқитувчиларни янги тажрибалар билан ўз вақтида таништириб бориш каби масалалар юзасидан қўлланмалар яратиш лозимлиги таъкидланди. Сирдарёлик мутахассислар ўз соҳалари бўйича дарс ишланмалари, тақдимотлар, семинар-тренинг материалларининг электрон намуналарини тақдим қилишди.
Бошқарма фаолияти, мактаблар, мактаб-интернатларда электрон воситалардан фойдаланиш бўйича Хоразм вилоятида ибратли тажрибалар кўп. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юритилиши жиҳатидан эса Сирдарё вилояти тажрибаси эътироф этилди.
Боёвут туманидаги 19-мактаб директори Муҳтарама Ҳасанова шундай дейди:
— Хоразм вилояти халқ таълими соҳасидаги ютуқлар ва илғор тажрибалар менда яхши таассурот қолдирди. Хива шаҳридаги 16-мактабда “Баркамол авлод республикаси” тузилганини кўриб, ҳайратландим. “Республика”нинг “президенти” ва 7 нафар “вазири” бор экан. “президент” ҳафтада бир марта “вазирлар” билан йиғилиш ўтказиб, тегишли топшириқлар бераркан. “Республика”ни ўқувчилар бошқаради.
Биз “халқ таълими вазири” билан мулоқотда бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Тўгараклар фаолияти ана шу “вазирлик” назоратида.
Меҳмонларнинг эътиборини тортган яна бир жиҳат — мактабларда гулларнинг кўплиги бўлди. Урганч шаҳридаги 29-, 30- ва 31-мактабларда гул ўстиришга катта эътибор қаратилган. Тўгараклар фаолияти ва бой синф кутубхоналари ҳам намунали ташкил этилган.
Гурлан туманидаги 41-мактабда рус тили тўгараги аъзолари билан ўтказилган савол-жавоб қизиқарли кечди. Ўқувчилар меҳмонларнинг саволларига рус тилида равон жавоб қайтарди. 5-мактаб директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Анора Маҳмудова касбдошларига ўз тажрибалари ҳақида гапириб берди. Мактабда китобхонлик кенг йўлга қўйилган. Ҳар куни мавзуга доир бирор тадбир ўтказилади. Бу гал ҳам ўқувчилар меҳмонларга Ватан, дўстлик, одоб-ахлоқ мавзусида ёд олган шеърларидан ўқиб беришди.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири