Устоз деган номга муносиб бўлайлик!

“Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 17 январь сонида чоп этилган “Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади” сарлавҳали мақола кенг жамоатчилик қатори мени ҳам тўлқинлантирди, қалбимнинг туб-тубидаги оғриқлар юзага чиққандек бўлди. Албатта, ўқитувчи обрўсининг тушиб бораётгани мамлакатимиздаги ҳар бир кишини хавотирга солиши, ўйлантириши табиий. Зеро, келажагимиз, юртимиз эртаси ўқитувчиларнинг фарзандларимизга бераётган таълим-тарбиясига боғлиқ. Мақолада таъкидланганидек, бир вақтлар жамиятдаги энг ҳурматли инсон ўқитувчи ҳисобланарди. Фикримча, мавқеимизнинг тушиб кетишига, аввало, ўзимиз сабабчимиз. Касбимизга хиёнат қилдик. Жамиятнинг энг зиёли, маърифатли қатлами сифатида бошқаларни ортимиздан эргаштириш ўрнига маънавияти ҳаминқадар бўлган, моддий бойликни устун қўювчилар ортидан эргашдик. Ёш авлодни ўқитишда, тарбиялашда қатъиятсизлик қилдик, ўқувчилар билимини аввал виждон тарозисида тортиб, сўнг баҳоламадик. Совға-саломларга учдик, илтимосларни бажардик, дабдабабозликка берилдик. Улуғ аждодларимиз муваффақиятидан сармаст бўлишдан нарига ўта олмадик. Тўғри, бекор ўтирганимиз йўқ, нимадир қиляпмиз, лекин аждодларимиз даражасида эмас! Ахир, наҳорда ошга, тушда маъракага, кечқурун зиёфатга борсак, дўстлар билан улфатчиликдан бўшамасак, фарзандларимиз тўйига маблағ тўпласак, сеп йиғсак, нимага ҳам эриша олардик?! Театрга тушишга вақт тополмаймиз-ку, илм билан шуғулланишга, кашфиёт қилишга қаердан вақт топамиз?! Аслида, бугун аждодларимизга нисбатан кенг имкониятга эгамиз. Фақат бизда ирода, қатъият, фидойилик етишмаяпти.
Бугун ўқитувчилар орасида болалар билан тил топишолмайдиган, уларнинг психологиясини тушунмайдиганлар ҳам учрайди. Шундай экан, ислоҳотни ўзимиздан бошлашимиз лозим. Аввал сафимизни «курмаклар»дан тозалаш керак. Бунинг учун кенг жамоатчиликни, масалан, ўқитувчи дарс бераётган синф ўқувчиларини, уларнинг ота-оналарини жалб этиш лозим. Аноним сўровномалар ўтказиш, депутат, олим, тажрибали педагоглардан ташкил топган нуфузли мустақил комиссия тузиб, МТМ тарбиячиларидан тортиб, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларигача аттестациядан ўтказиш лозим. Аттестация ва сўровнома натижасига асосан ўқитувчиларни тоифаларга ажратиш ва шунга кўра маош белгилаш керак.
Умид қиламизки, ўқитувчилар маоши қайта кўриб чиқилади ва бу маблағ оила тебратиш учун етарли бўлади. Шунда мактабларга эркак ўқитувчилар қайта бошлайди. Бизнинг давримизда мактабда аёл ўқитувчилар бармоқ билан санарли бўларди. Ҳозир эса аксинча. Мақолада таъкидланганидек, мактабда эркак ўқитувчининг ўрни катта.
Ўқувчилар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш зарур. Биринчидан, ўқитувчи савиясини у дарс берадиган синф ўқувчиларининг ўзлаштириши билан боғлаш усулидан воз кечиш даркор. Шунда ўқитувчи томонидан ўз манфаати учун ўқувчи баҳосини сунъий кўтаришга зарурат қолмайди. Баҳолашни компьютер орқали бажариш зарур. Инсон омили камроқ роль ўйнаса, юзхотирчилик, таниш-билишчилик иллатларидан қутуламиз.
Юртимиз келажаги биз тайёрлайдиган кадрлар салоҳиятига боғлиқ эканини бир зум ҳам унутмаслигимиз шарт. Ўқув-тарбия тизимида ҳалоллик, адолат қарор топмас экан, юксалиш, ривожланиш ҳақидаги орзу-умидлар хомхаёллигича қолаверади.
Яна бир таклифим, мактабда барча фанлардан якуний аттестация имтиҳонларини олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тенглаштириш керак. Бунинг учун таълимнинг қуйи бўғинларида ҳам ўқувчилар билимини шаффоф баҳолаб борадиган тест маркази ташкил этиш лозим. Натижада ўқитувчиларда жавобгарлик ҳисси ортади, вақт ҳам тежалади.
Республикамизда ўқитувчилар уюшмасини ташкил этиш вақти келди. Ҳар йили бир марта унинг қурултойини ўтказиш, унда ўқитувчиларни қийнаётган муаммоларга ечим излаш, ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш, келгуси режалар, ўқув тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этиш зарур. Уюшма қошида Ёшлар иттифоқи билан биргаликда иқтидорли ёш ўқитувчилардан иборат кичик парламент, фанлар академияси ташкил этилса, янада яхши. Мактабларда умумий фанлар сони 8 тадан ошмаслиги ёки бир-бирини такрорлайдиган фанлар ўрнига ақлни чархлайдиган фанлар сонини кўпайтириш, шахмат дарсини жорий этмоқ зарур. Бугунги ўқувчи 20 йил олдинги тенгдошидан фарқ қилади. Ҳозир 2-3 ёшли бола телефон ва компьютердан фойдаланишни билади. Шунинг учун дарслар замонавий тарзда ташкил этилиши, ўқитувчилар орасида компьютерни тушунмайдиган, мультимедиа, нанотехнология нималигини билмайдиганлар, бадиий адабиёт ўқимайдиганлар бўлмаслиги шарт.
Иқтидорли бола ҳар куни етишиб чиқавермайди. Вазифамиз шундай ўқувчиларни тезроқ аниқлаб, ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиб бериш, улар билан алоҳида дастур бўйича ишлашдир. Фақат ўта иқтидорли болалар орасидангина буюк олимлар етишиб чиқади. Ҳар бир иқтидорли бола — юртимиз бойлиги, миллатимиз шаъни. Биз улар учун вақт ва маблағни аямаслигимиз керак.
Ўйлайманки, бундай ўзгаришлар жамиятда ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтиради. Пировардида таълим-тарбия сифати, даражаси ҳам илгарилаб боради.
Носир ЗОКИРОВ,
профессор