Янги мактаб — севимли маскан
2017 йилги Инвестиция дастури асосида Навоий шаҳрининг 17-даҳасида янги мактаб бунёд этилди. Шаҳар кўркига кўрк бағишлаган 630 ўринга мўлжалланган 19-мактабда ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта ўрганиши, истеъдод ва салоҳиятини намойиш этиши учун барча шароитлар яратилган.
Синф ва лаборатория хоналари замонавий ўқув жиҳозлари ҳамда зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган. 105 ўринли кенг ва шинам фаоллар зали ҳамда ошхона, 12x24 ҳажмдаги замонавий спорт зали ўқувчилар ихтиёрида.
— Янги мактабда таълим олиш ўқувчиларга янада кўтаринки руҳ бағишламоқда, — дейди мактаб директори Гулнора Жуманиёзова. — Ўғил-қизлар аъло баҳоларга ўқиб, фан ва спорт тўгаракларида бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда. Физика, кимё фанларидан назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашяпти. Бунинг учун лаборатория хонасида барча шароитлар яратилган.
Фарзандларининг ўз уйига яқин мактабда билим олаётганидан ота-оналар ҳам мамнун.
— Аввал фарзандларимиз ўқиш учун узоқ масофага қатнарди, — дейди Анвар Тоҳиров. — Улар мактабдан уйга қайтгунича хавотирланиб ўтирардик. Қизларим мактабнинг 2— ва 9-синфида ўқийди. Янги мактаб уйимизга яқин жойда қурилгани бизга ҳам хотиржамлик бағишлади. Мактаб шароити билан танишгач, қувончимиз янада ошди.
Сардор МУСТАФОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири