Янги мутахассисликлар сир-синоатларини ўғил-қизлар қунт билан ўрганишмоқда
Урганч тиббиёт коллежини ўтган ўқув йилида 710 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 604 нафари (264 нафари ўз мутахассислиги бўйича) ўз меҳнат фаолиятини бошлади. 26 нафар ёш олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирмоқда. Албатта, битирувчилар орасида имтиёзли кредит асосида ўз бизнесини йўлга қўйганлар талайгина. Масалан, хазорасплик Шерзод Бекжонов аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш корхонаси ташкил қилиш учун банкдан 16 млн сўм, хонқалик Муаззам Искандарова гўзаллик салони очиш учун 60 млн сўм, Урганч туманидан Мансур Дўсчонов гулчилик билан шуғулланиш учун 20 млн сўм кредит олиб, тадбиркорлик ишларини бошлади.
— 2014—2015 ўқув йилида раҳбарлик қилган гуруҳимда ўқишни битирган 30 нафар ўқувчининг ҳаммаси тўлиқ иш билан таъминланди, — дейди педагог Шоира Матвафоева. — Битирувчиларимиздан Юлдуз Ҳакимбоева Хонқа туманидаги, Гулноза Султонова Қўшкўпир туманидан қишлоқ врачлик пунктида ишлаб чиқариш амалиёти давридаёқ уч томонлама шартномага эга бўлиб, ҳозир ҳамшира сифатида аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилмоқда.
Коллежимизда ишга жойлаштириш масаласида юзага келиши мумкин бўлган муаммонинг ечимини олдиндан топишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Яъни, йил бошиданоқ режали тадбирлар амалга оширилаяпти. Конференциялар, кўрик-танловлар, ижодий учрашувлар, суҳбатлар тез-тез ўтказилиб, тадбирларга тегишли идора раҳбарлари, вилоят фаоллари, ота-оналар таклиф қилинмоқда. Айтиш жоизки, анжуман ва танловларда ҳайъат аъзолари ва ҳакамлар таниқли тиббиёт ходимларидан тайинланади. Билимдон ўқувчилар шу ернинг ўзида кўпчиликнинг назарига тушади ва бу, албатта, ишга жойлашишида ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, 1 декабрь — ОИТСга қарши кураш куни, 3 декабрь — Халқаро ногиронлар кунида вилоят ОИТС маркази ҳамда ногиронлар жамияти вакиллари ва малакали врачлар таклиф қилиниб, ўқувчиларга соғлом турмуш тарзи, қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳамда эрта турмуш қуриш оқибатлари, ирсий касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида тушунча берилди. Январь ойида “Соғлом турмуш тарзи” мавзусидаги конференцияга барча тиббиёт масканларининг бош врачларини таклиф қилиш режалаштирилган.
Яхши ҳамшира бўлиш учун илмнинг ўзи етарли эмас. Олган билим, малака ва кўникмаларини мустақил қўллай олиш талаб этилади. Бунинг учун эса бўлажак мутахассис амалиёт чоғида устозлари кўмагида обдон тобланиши зарур. Ўқув масканида ўқувчиларнинг амалиёти уч босқичда олиб борилади: ўқув амалиёти, ишлаб чиқариш амалиёти, диплом олди амалиёти. Ўқув амалиёти коллежнинг тренинг залида Япониядан, вилоят саломатлик марказидан келтирилган жиҳозлар орқали, ишлаб чиқариш амалиётлари вилоят кўптармоқли саломатлик маркази ва оилавий поликлиникаларда олиб борилади. Мисол учун, Урганч шаҳридаги 3-оилавий поликлиникада ўтказилган амалиётда фаол иштирок этган 4 нафар ўқувчи ташаккурнома билан тақдирланиб, улар билан амалиёт даврининг ўзида уч томонлама шартнома тузилди.
Умуман олганда, Хоразм вилоятида 2014—2015 ўқув йилида 85та касб-ҳунар коллежини 26074 нафар ўқувчи тамомлади. Бўлажак мутахассисларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини корхоналарда ташкил этиш ва кейинчалик ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда ташкил этилган битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга — иш берувчиларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашнинг хизмати катта бўлди. Натижада битирувчиларнинг 92,6 фоизи турли корхона, ташкилот ва муассаса билан “Корхона — битирувчи — коллеж” ўртасида тузилган уч томонлама шартнома асосида ишга жойлашди. 23365 нафар битирувчи 12032та корхона ва ташкилотда, шундан саноат соҳасидаги 1891та корхонада 3051 нафари, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги 3290та корхонада 4578 нафари, таълим соҳасидаги 753та муассасада 1193 нафари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги 227та корхонада 507 нафари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 2266та корхонада 6683 нафари, қурилиш соҳасидаги 982та корхонада 1636 нафари, транспорт соҳасидаги 460та корхонада 1157 нафари, бошқа соҳалардаги 2163та корхонада 4560 нафари иш бошлади. Битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда Боғот “Cotton-teks” қўшма корхонаси, “Хоразм ТЕК” МЧЖ, “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси” МЧЖ, вилоятдаги “Пахта тозалаш” АЖлари, “Хоразм махсус алоқа боғламаси” ДУК, вилоят “Дон маҳсулотлари” АЖлари, “Шовот UzTex” МЧЖ, “Урганч трансгаз” МЧЖ, “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Хоразм автойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти, “Хонқа барака қоп” МЧЖ каби базавий корхоналар ва бошқа иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик изчил йўлга қўйилган.
Шунингдек, вилоят туманларида ташкил этилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу кунгача ўтказилган 20дан ортиқ махсус меҳнат ярмаркаларида юзлаб ёш мутахассислар ишга йўлланма олиб, ўз меҳнат фаолиятини бошлади.
— Битирувчиларни ишга жойлаштириш жараёнларини оддий тилда ва қулай шаклда (аниқ мисоллар билан) тушунтириб бериш мақсадида битирув олди дарслари давомида икки турдаги ўқув-амалий курслари олиб борилди, — дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлан бўлими бошлиғи Ғанишер Худойбергенов. — 1-ўқув курси апрель ойида ташкил этилиб, унда келгусида битирувчиларни ишга қабул қилишда расмийлаштириладиган ҳужжатлар, иш ҳақи ҳисобланиши, солиқ мажбуриятлари, ИНН рақамлари бериш ва ИНПС рақамларини очиш, меҳнат таътиллари, битирувчилар учун синов муддатларининг белгиланмаслиги, умумий меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси ва манфаатлари масалалари қамраб олинди. 2-ўқув курси май ойида ташкил этилиб, унда тадбиркор сифатида ўз бизнесини бошламоқчи бўлганлар учун асосий жараёнлар, жумладан, коллеж ва лицей битирувчилари учун жорий этилган имтиёзлар, бизнес-режа тузиш, кредит олиш тартиби, лизингга жиҳозларни сотиб олиш, ер участкаларини ажратиш, корхонани давлат рўйхатидан ўтказишнинг барча босқичлари, ҳисобот, солиққа тортиш ҳақида тушунчалар берилди.
2015 йили 1037 нафар бўлажак тадбиркорга 14 млрд 292,5 млн сўм маблағ ажратилди. Ҳозир уларнинг 848 нафари “Микрокредитбанк”, “Халқ банки”, “Ҳамкорбанк” каби қатор банкларнинг туман филиалларидан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини бошлаб юборишди. Урганч ахборот ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи битирувчиси Орифжон Янгибоев ёғочдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар ҳамда пластик профил тайёрлашни, Гурлан ижтимоий-иқтисодиёт ва сервис коллежини тамомлаган Матлуба Ҳайитбоева нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни, Урганч тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зилола Рустамова соғломлаштириш маркази, Урганч туризм ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежидан Моможон Саидова келин либослари салони, Хива қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шоҳрухбек Аллаберганов алюмин ромлари ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйди.
Вилоятда касб-ҳунар коллежларини замон талабларига мос, эҳтиёж юқори соҳаларга қайта ихтисослаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Меҳнат бозорининг ўсиши, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда мавжуд корхоналар салоҳияти, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир инвестиция лойиҳалари ҳар бир шаҳар, туманда коллежлар ва йўналишлар кесимида янги иш ўринларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Жорий ўқув йилида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасаларига қабул қилинган ўқувчиларнинг 2018 йилда бандлигини таъминлаш мақсадида мавжуд корхоналар ҳисобидан 27258та, ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш дастури доирасида 4801та, Республика инвестиция дастури доирасида 80та, коллеж битирувчиларига тижорат банкларидан ажратиладиган кредитлар ҳисобига 1105та иш ўрни ташкил этилиши белгилаб олинди.
2015—2016 ўқув йилида 27та касб-ҳунар коллежида олдинги ўқув йилида мавжуд бўлган 25 мутахассислик йўналишларига эҳтиёж бўлмаганлиги сабабли қабул режасидан чиқарилди ва 26та касб-ҳунар коллежида 38 йўналиш янгидан ташкил этилди. Бундан ташқари, 3та янги мутахассислик, яъни Хива педагогика касб-ҳунар коллежида “Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш мутахассиси”, Хива “Гиламчи” енгил саноат касб-ҳунар коллежида “Шамоллатиш тизимлари, совитиш, криоген техникалари агрегатлари ва машиналарини монтаж қилиш, созлаш ва ишлатиш механиги”, Урганч автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежида “Санитария тозалаш махсус машина ва жиҳозларини ишлатиш ва таъмирлаш бўйича техник-механик” йўналишлари очилди.
Иш берувчиларнинг кадрларга эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини келгусида иш билан таъминлаш имкониятларини ошириш мақсадида ҳар бир касб-ҳунар коллежининг тайёрлов йўналишлари ва ўргатилаётган касблар таркиби ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Шу асосда Хонқа қурилиш касб-ҳунар коллежи — Хонқа қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига айлантирилди.
— Ватанимиз кундан кунга яшнаб, шаҳримиз обод бўлиб бормоқда, — дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва қабул режасини шакллантириш бўлими бошлиғи Худойшукур Чориев. — Тураржойларнинг жаҳон андозаларига мос равишда қурилиши, замонавий технологияларнинг ҳаётимизга кириб келиши касб-ҳунарнинг янги йўналишларига эҳтиёжни келтириб чиқармоқда. Бу эса ёшларимизни касбга йўналтиришда зиммамиздаги масъулиятни икки карра оширмоқда. Нафақат Урганч шаҳри, балки қишлоқларимизда ҳам янги замонавий биноларнинг кўплаб қурилаётгани, аҳолининг тоза ва озода шароитларда яшаш, ишлаш, дам олишга бўлган талаблари туфайли санитария тозалаш машина ва жиҳозларининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда Урганч автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежининг “Муҳандислик коммуникациялари қурилиши ва монтажи” йўналишида “Санитария тозалаш махсус машина ва жиҳозларини ишлатиш ва таъмирлаш бўйича техник-механик” мутахассислиги жорий қилиниб, ҳозир 2та гуруҳда 60 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
— Туман марказлари ва қишлоқ кўчаларининг ҳам вилоятимиз марказидаги кўчалар каби тоза, кўркам бўлишини истайман, — дейди 1-босқич ўқувчиси Мирзабек Асқаров. — Кўчаларни супуриш, сув сепиш, чиқиндилардан тозалаш каби ишларда кейинги пайтда машиналардан унумли фойдаланилмоқда. Мен ҳам шу каби ишларда ўз ҳиссамни қўшишни орзу қилардим. Бу йил Урганч автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежида янги йўналиш очилганини эшитиб, ушбу даргоҳга ўқишга кирдим. Махсус супуриш ва сув сепиш, чиқинди ташиш, 10 тонналик ҳажмда сув ташиш учун мўлжалланган “ISUZU” русумли машиналарни ишлатиш ва таъмирлашни ўрганиш билан бирга “BC” тоифа ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўламиз.
Вилоятдаги меъморий ёдгорликларни таъмирлаш ва сақлашга эҳтиёж ошгани туфайли Хива педагогика коллежида “Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш мутахассиси” йўналиши ташкил қилиниши миллий меросимизни асраб-авайлаш ва мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Айни пайтда коллежда мазкур мутахассислик бўйича 30 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири