Мукаммал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар академик лицейлар фаолияти самарадорлигини таъминлайди
Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига биноан, академик лицейлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа муайян вазирликларга қарашли олий таълим муассасаларига бириктирилди. Албатта, бу давр талаби эди. Шу пайтгача академик лицейлар фаолияти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ишлаб чиққан низом ва йўриқномалар асосида тартибга солинган. Галдаги вазифа академик лицейлар фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий базани шакллантиришдир.
Академик лицейлар қайси вазирлик тасарруфида бўлишидан қатъи назар, методик жиҳатдан ягона марказ орқали тартибга солиниши лозим. Бунинг учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида алоҳида академик лицейлар билан ишлаш бўлими ёки бошқармаси ташкил этилиб, соҳани чуқур биладиган кадрлар билан таъминланиши мақсадга мувофиқ. Тўғри, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 17 мартдаги “Олий таълим муассасалари тасарруфидаги академик лицейларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш тўғрисида”ги буйруғига кўра, академик лицейларнинг ўқув-методик фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланган. Бироқ у ўз номи билан ишчи гуруҳ. Аъзоларининг асосий иш жойи ва функционал вазифалари бор. Улар ўз ишидан ортиб, республикадаги барча академик лицейлар билан доимий фаолият олиб бориши мураккаб масала. Шу боис академик лицейлар фаолиятига доир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, кўплаб буйруқлар, қўшма қарорлар ишлаб чиқилиши, ҳамкорликда ишларни ташкил этиш лозим. Бундай ҳолатда мунтазам ишлайдиган ходимлар бўлмаса вақтдан ютқазиш эҳтимоли мавжуд.
Шу пайтгача академик лицей раҳбар ва педагог ходимларининг лавозим мажбуриятлари ва ҳуқуқлари Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими асосий лавозимларининг тармоқ тариф-малака маълумотномаси” асосида белгиланар эди. Аммо Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифа ва талаблардан келиб чиқиб, ушбу низомга ҳам ўзгартиришлар киритилиши ёки академик лицей асосий лавозимларининг малака талаблари алоҳида ишлаб чиқилиши лозим. Мазкур қарор асосида 2017 йил 30 июнда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Бу лицейларни тажрибали педагоглар билан таъминлашга хизмат қилади.
2018 йил январдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш (тармоқ) минтақавий марказида академик лицей ўқитувчилари малака ошириши йўлга қўйилди. Бироқ ушбу курсларда ўтилаётган фанлар, ўқув дастурлари талаблари академик лицейдаги таълим хусусиятига мутаносибми, деган савол туғилади. Январь-февраль ойларида лицейимиздан ҳам бир гуруҳ педагоглар малака оширди. Афсуски, шу вақт мобайнида улар портфолиосига ҳужжат йиғиш билан банд бўлди. Портфолио учун ўқитувчининг охирги беш ва уч йиллик фаолиятига доир ҳужжатларни йиғиш талаб этилмоқда. Пойтахт ва Тошкент вилоятидан малака оширишга келган академик лицей раҳбар ва ўқитувчиларининг уйи, иш жойи яқин, бориб олиб келаверади. Аммо узоқ вилоятдан Тошкентга келиб малака ошираётган педагог нима қилиши керак? Беш йиллик очиқ дарслари, икки йиллик дарс таҳлиллари, олган фахрий ёрлиғию дипломларининг нусхаларини, илмий-услубий ишларини йиғиб келиши мушкул. Малака оширишдаги ўқитувчи ушбу портфолиони йиғса, максимал 20 балл олади. Белгиланган бални тўплай олмаса, тестга киритилмас, натижада малака оширишдан ўтмади, деб сертификат берилмайди. Сертификат ололмаган ўқитувчи иккинчи маротаба қайта малака оширади.
Талаб этилган ҳужжатлар аттестацияда сўралса, тушуниш мумкин. Чунки педагог ҳар уч йилда аттестациядан ўтса, охирги уч йилдаги ишлари сарҳисоб қилинади. Аммо малака ошириш бу — ҳужжат йиғиш эмас, балки ўз соҳаси бўйича охирги янгиликларни билиш, савияни янада ошириш, янги технология ва инновациялардан хабардор бўлиш дегани эмасми? Шу боис академик лицей педагогларининг малакасини ошириш курслари фаолиятини, уларга қўйилган мезон талабларини ўрганиб, такомиллаштириш зарур.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан қатор низомлар тасдиқланган. Қарорга мувофиқ тегишли вазирликларга Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ҳузуридаги алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш бўйича махсус комиссия тўғрисида ва Ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисида низомларни ишлаб чиқиш вазифалари юкланган эди. Мазкур низомлар ишлаб чиқилди. Улар асосида Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2008 йилда қўшма буйруғи билан “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг фаолияти самарадорлигини ҳисоблаш мезонлари”, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг педагог ходимлари учун намунавий йиллик иш режалари”, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог ходимларининг асосий фаолият турларига сарфланадиган вақт меъёрлари” ишлаб чиқилиб, уларга бугунгача амал қилинмоқда. Аммо академик лицейларда кечаётган туб ўзгаришлар ушбу меъёрий ҳужжатлар ижроси билан мос келмайди. Шу боис, бу борада ҳам янги талабдан келиб чиқиб, мезонларни ўзгартирсак, ўқитувчиларни қийнаб келаётган қоғозбозликдан қутқарсак, педагог ўқувчи билан жиддий шуғулланиб, уни олий таълим муассасасига ўқишга киришга тайёрлар эди.
Академик лицейларга иқтидорли ўқувчиларни жалб этиш бўйича 2017 йил ноябрда “Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилган эди. 2018 йил 23 мартда Вазирлар Маҳкамасининг 212-сонли қарори билан “Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчиларини 10 июнга қадар дастлабки танловдан ўтказиш белгиланган ва бу вазифа Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари зиммасига юклатилган.
Дастлабки танловни ўтказиш тартиби бўйича иккала вазирликнинг қўшма қарори ёки буйруғи чиқмас экан, бу босқичда амалга ошириладиган ишлар бироз чўзилиши муқаррар. Сабаби, умумтаълим мактаблари иқтидорли ўқувчиларини ҳеч кимга бергиси, академик лицейлар билан аввалгидек яқиндан ҳамкорлик қилгиси келмайди.
Демак, олий таълим муассасаларига мақсадли тайёрлаш масаласи қўйилган экан, иқтидорли ўқувчиларни академик лицейларга жалб этиш учун келгусида лицей битирувчиларига муайян имтиёзлар берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан:
— оталиққа олган олий таълим муассасаларига ўқишга киришда академик лицейни имтиёзли диплом билан тамомлаган битирувчиларга тўплаган балининг маълум фоизини қўшиб бериш;
— олий таълим муассасалари томонидан академик лицейларда чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлардан билимлар синовини ташкил этиш ва ғолиб ўқувчиларга олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз кириш имтиёзини бериш;
— олий таълим муассасалари томонидан ҳар ойда ўтказиладиган тест натижалари асосида юқори балл тўплаган ўқувчилар учун ўқишга кириш имтиёзини бериш ва бошқалар.
Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида академик лицей битирувчиларига махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида мутахассисликлар берилиши кўрсатилган. Қарорда бир ой ичида лицей битирувчиларига ихтисосликлар бериш тартиби ҳамда давлат намунасидаги сертификатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юклатилган эди. Бу борада ЎМКҲТМ томонидан “Академик лицейларнинг битирувчиларига мутахассисликлар бериш тартиби тўғрисида”ги низом 2017 йил 7 апрелда қўшма қарор билан тасдиқланган. Аммо бу ҳужжат 2017-2018 ўқув йилида лицейнинг икки йиллик ўқиш муддатига қабул қилинадиган ўқувчилар учун амал қилади. Яъни, ўқув режасидаги махсус фан ҳисобидан ўтиладиган соатлар назарда тутилган. Бироқ 2018, 2019 йилларда уч йиллик ўқиш муддатини тугатаётган битирувчиларга мутахассислик бериш масаласи эски ўқув режаларида махсус фанларга соатлар ажратилмагани боис, ўз ечимини топмай қолди. Бу ҳам ота-оналарнинг ўринли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бизнингча, 2018 ва 2019 йилда ўқишни эски ўқув режаси ва дастури бўйича тугатаётган битирувчиларга ҳам мутахассислик сертификатини бериш имкони мавжуд. Бунинг учун ўқув режаларига қисман ўзгартириш киритиб, 80 соат ажратиш керак.
Шу пайтгача академик лицейлар фаолияти касб-ҳунар коллежларига доир меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган. Энди умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда иқтидорли ўқувчиларни икки йил ўқитар экан, лицейлар фаолиятини тартибга соладиган алоҳида меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига оид барча меъёрий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиб, айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш, янги ҳужжатларни қабул қилиш лозим.
Раъно TУРДИБОЕВА,
Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей директори, юридик фанлар номзоди, доцент