Ўқувчилар касбларни қандай ўзлаштирмоқда?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10—11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра таълим муассасаларида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилди. Бу ерда айни кунда ўқувчилар махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган ошпазлик, пазандалик, тикувчилик, сартарошлик, сайёҳлик хизматлари ташкилотчиси, косиблик, зардўзлик, ҳисобчилик, дурадгорлик, автомобиль таъмирлаш техниги каби кўплаб йўналишларда ўқитилмоқда.
2017-2018 ўқув йилида Жиззах вилоятидаги таълим муассасаларида 12 минг 637 нафар 10-синф ўқувчиси таҳсил олмоқда. Уларнинг касб-ҳунар ўрганиши учун коллежлар қошида 60 та, мактабларда 68 та ана шундай мажмуалар фаолияти йўлга қўйилди.
Ғаллаорол туманидаги таълим муассасаларининг 1544 нафар 10-синф ўқувчиси 9 та мактаб ва яна шунча касб-ҳунар коллежида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида танлаган соҳаси бўйича касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Жумладан, Гулистон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ҳудуддаги 4 та мактаб ўқувчилари ҳайдовчилик, компьютер оператори, тикувчилик, автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича таълим олмоқда. Ҳар бир гуруҳ учун ўқув йили давомида ўтиладиган назарий ва амалий машғулотларнинг ўқув режаси ишлаб чиқилган. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Акмал Шойзоқовнинг айтишича, машғулотлар режа бўйича олиб борилиши учун амалиёт устахоналарида зарур шароит яратилган, хомашё етарли.
34-мактабнинг 31 нафар 10-синф ўқувчиси ҳам шу коллежга бириктирилган. Тикувчилик йўналишида ўқиётган 13 нафар қизга тажрибали ўқитувчи Муҳиддин Гулмуродов билим бермоқда.
— Бугун “Тикув машиналари қисмлари” мавзусида назарий машғулот олиб боряпмиз, — деди Муҳиддин Гулмуродов. — Ўқувчиларнинг мавзу юзасидан етарли билим, кўникма ва малакаларга эга бўлиши учун кўргазмали қуроллар, тикув дастгоҳлари мавжуд. Бундай имконият уларнинг машғулотга қизиқишини ошириб, касбий кўникмасини мустаҳкамламоқда.
Машғулотлар самарадорлиги, талабга қай даражада мослигини аниқлаш мақсадида ўқувчиларга юзландик.
— Машғулотлар кўргазмали қуроллар асосида жонли ва қизиқарли ўтмоқда, — дейди 10-синф ўқувчиси Севинч Шодмонова. — Назарий билимларимизни амалиётда мустаҳкамлаяпмиз. Ҳозиргача болалар кийими, фартук тикиш бўйича бошланғич билимларга эга бўлдик.
— Кичкиналигимдан техникага қизиқаман, — дейди ҳайдовчилик гуруҳи аъзоси Азиза Эсонова. — Шунинг учун ҳайдовчиликни ўрганяпман. Устахонада автомобилларнинг барча техник ва эҳтиёт қисмлари мавжуд. Машғулотлар тугагач, бизга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун тегишли муассасаларда имтиҳондан ўтишга йўлланма берилар экан.
Ўқувчиларнинг касбий қизиқиши тест синовлари орқали ўрганилмоқда. Жиззах шаҳридаги 5-мактабда 94 нафар 10-синф ўқувчиси бор. Мактаб маъмурияти ва амалиётчи психологи томонидан ўтказилган сўров асосида ўқувчиларнинг автомобилларда юк ташиш, тикувчилик, бухгалтерия, компьютер оператори каби соҳаларга қизиқиши юқорилиги аниқланди. Талабнома асосида йигит-қизлар Жиззах архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқишмоқда.
Афсуски, бу борада 21-мактабда олиб борилаётган ишлар кўнгилдагидек эмас. 10-“Б” синфда таҳсил олаётган 17 нафар ўқувчининг касбий қизиқиши ўрганилмаган. Синф раҳбари Ботир Султонов сўровнома коллеж маъмурияти томонидан ўтказилади, деган тасаввурда юрибди.
Ўқувчиларнинг ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига келиб-кетиши, дарс ва касбларни ўзлаштириш даражаси назоратга олинмаган.
Зафаробод туманидаги 9-мактабда ҳам шундай манзарага дуч келдик. Мактаб биносининг бир қисмида 10-синф ўқувчилари касб ўрганиши учун Зафаробод агросаноат касб-ҳунар коллежининг филиали жойлашган. Тикувчилик гуруҳида 15 нафар қиз ўқияпти. Аммо машғулотлар фақат назарий шаклда ўтилмоқда.
Коллеж раҳбарининг талаби билан мактаб ўқувчилари тикиш дастгоҳларидан фойдаланиши тақиқлангани туфайли ўқувчилар шароит бўла туриб, кўргазмали қурол ва бошқа воситалардан фойдалана олишмайди.
Кузатувларимиздан маълум бўлишича, машғулотларда ўқувчиларнинг иштироки ҳам қониқарсиз. Айрим ўқувчилар дарсга ҳатто ўқув қуролларисиз келган. Тумандаги 7-мактабнинг 10-синфидаги 11 нафар ўқувчининг ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб сирларини ўрганиши ҳам мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда.
Наманган вилоятида ҳам 90 та касб-ҳунар коллежи базасида 102 та ва умумтаълим мактаблари қошида 12 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилди. Мазкур мажмуаларда 20843 нафар 10-синф ўқувчиси 40 дан зиёд касб-ҳунарларни ўрганяпти. Мажмуаларни ташкил этишда ўқувчилар, ота-оналар таклифи ўрганилди. Сўровномада 21 мингдан ортиқ ўқувчи ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Айни пайтда касб-ҳунар коллежларидан бириктирилган 476 нафар тажрибали мураббий ўғил-қизларга ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, сартарошлик, косметолог, фотограф, дурадгорлик, ҳисобчи, маиший техникаларни таъмирлаш устаси, автомеханик ва чилангарлик каби махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этмайдиган йўналишлар бўйича касбий таълим беряпти.
— Норин туманидаги 5 та касб-ҳунар коллежи қошида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси фаолият кўрсат¬япти, — дейди туман халқ таълими бўлими мутахассиси Шавкатжон Жўраев. — Мажмуалар ўқувчиларга қизиқиш ва иқтидорига мос касб-ҳунарларни ўргатиш учун барча шарт-ша¬роит ва имкониятга эга. Ҳаққулобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқув устахоналари энг замонавий техник воситалар ва ускуналар билан жиҳозланган. Ўқув жараёни Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган лойи¬ҳавий ўқув дастурлари асосида ташкил этилмоқда.
Коллежнинг автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ўқув устахонаси ёшлар билан гавжум.
— Келажакда автомобилларни таъмирловчи уста бўлмоқчиман, — дейди 2-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Алишер Самандаров. — Шу боис автомобилларга техник хизмат кўрсатишни ўрганяпман. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида юртимизда ишлаб чиқарилаётган барча автомобиллар, ҳаракатли моделлар, электрон воситалар бор. Тажрибали устозлар ёрдамида машина тузатишни унча-мунча ўзлаштириб олдим.
Бир сўз билан айтганда, ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини тўғри ташкил этиш, зарур шарт-шароитни яратиш фарзандларимизнинг келажакда зарур касб-ҳунар эгаси бўлишларига замин яратади.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари