Иш ўрни қисқарган педагог бандлигини таъминлашга ким масъул?
Олий таълим муассасасида ўқиётган, айниқса, уни якунлаш арафасидаги ёшларнинг ният-мақсади ниҳоятда баланд бўлади. Таҳсилни тамомлагач, борган жойини обод қилиш истаги билан яшай бошлайди. Ғиёс Тўхтаев ҳам 2013 йили Навоий давлат педагогика институтини шундай катта ниятлар билан тугатиб, Хатирчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида иш бошлади. Ёш муаллим фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ вазифасига масъулият билан ёндашиши, жонкуяр ва талабчанлиги туфайли жамоадошлари, ўқувчилар ва ота-оналар ҳурматини қозонди. Айниқса, 2017 йил педагог учун омадли бошланди. Ўқувчиси Ботир Носиров умумтаълим фанлари олимпиадасининг республика босқичида энг юқори балл билан биринчи ўринни эгаллаб, олий таълим муассасасига имтиёзли ўқишга кириш имкониятини қўлга киритди. Педагогнинг ўзи аттестация жараёнида қирқта саволнинг ўттиз тўққизтасига тўғри жавоб топиб, компетентли педагог эканини амалда кўрсатди. Изланувчан ўқитувчи география ва иқтисодий билим асослари фани бўйича кузатиш ва тажрибаларига таяниб
“Замонавий ўқитиш методикаси” рисоласини ҳамда мураккаб мавзуларни ўзлаштиришда қўл келадиган тестлар тўпламини яратишга киришган эди. Бироқ... Умумтаълим муассасаларида 11 йиллик таълим қайта тиклангач, коллеждаги айрим штатлар қисқартирилиб, Ғиёс Тўхтаев ҳам “кўчада қолди”.
— Иш ўрним қисқаргач, туманимиздаги деярли барча мактаблар эшигини қоқдим. Мутасадди ташкилотлар раҳбарларига учрадим. Тўғри, айримларидан жавоб бўлди. Яқинда туман бандликка кўмаклашиш марказидан қўнғироқ қилиб, яшаш жойимдан 80 километр узоқдаги мактабда иш борлигини айтишди. Ойлиги 200 минг сўм атрофида экан. Чамалаб кўрсам, бу пул йўлкирамга ҳам етмас экан. Оилада ёлғиз ўғилман. Ота-онамга қарашим керак. Шароитни тушунтирсам, масъуллар: “Бўлмаса, “ишламайман”, деб тилхат ёзиб беринг”, дейишди, — дейди муаллим. — Ҳаёт давом этяпти. Уларга араз қилиб уйда ўтириб бўлмайди. Қора қозон қайнаши учун ҳовли-жой қураётганларнинг уйида ишлаб, тирикчилик қиляпман. Ҳалол меҳнат қилиш айб эмас. Бироқ қишлоқда ҳамма бир-бирини яхши танийди. Деярли ҳамма хонадонда ўқувчиларим бор. Уларга: “Аъло ўқисангиз, яхши жойларда ишлаб, элда обрў топасиз”, деган гапни дарсларда кўп айтганман. Бугун кунўтарга лой кечиб юрганимни кўрган болалар бошқача хулосага келмайдими? Ўқитувчига, энг ёмони, билим эгаллашга ихлоси сўнмайдими?
Мунисахон Ғафурова ва Ғолиб Бегалиев ҳам шу коллеж ўқитувчилари эди. Бу йилдан муассасанинг 1-курсига ўқувчиларни қабул қилиш тўхтатилгани боис жисмоний тарбия фанидан дарс бераётган Мунисахон билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шундан сўнг мураббийнинг ҳудуддаги бир нечта мактабга иш сўраб боришига тўғри келди.
— Мактаб директорларининг “Эртага келинг, индин келинг” деган мужмал жавобидан ҳафсалам пир бўлгач, бир неча марта туман халқ таълими бўлимига мурожаат қилдим. Ҳозирча бирор натижа чиқмади, — дейди Мунисахон Ғафурова.
— Ҳар ҳолда турмуш ўртоғим иш билан таъминланди. Ишлаб чиқариш таълими устаси бўлиб ишлаяпти. Шунисига ҳам шукр.
— Ёш оила сифатида кредитга намунали уйлардан харид қилганмиз. Ҳар ойда бир ярим миллион сўмдан зиёд кредит суммасини тўлашимиз керак, — дейди Ғолиб Бегалиев. — Менинг маошим тўлиқ шунга йўналтириляпти. Аёлим ҳам ишли бўлса, ҳаётимиз фаровон кечарди.
Коллеж маъмуриятининг маълум қилишича, айни пайтда меҳнат шартномаси бекор қилинган 9 нафар ўқитувчи иш билан таъминланмаган. Ходимлар орасида 0,4 ва ҳатто ундан ҳам кам ставкада ишлаётганлар бор.
Шу масала юзасидан Навоий вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасига қилган мурожаатимизга жавобан тақдим этилган маълумотнома(ноябрь)да “Ишга жойлашмаган ўқитувчиларнинг сони” катагида “0” кўрсаткичи турибди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари оптималлаштирилиши муносабати билан тизимдаги 51 муассасада меҳнат қилиб келган 1535 нафар педагогнинг иш ўрни қисқартирилган. Жумладан, математика (194), жисмоний тарбия (170), она тили ва адабиёт (154), махсус фанлар(139)дан дарс бераётган ўқитувчиларни иш билан таъминлаш зарурати туғилган. 1138 нафар ўқитувчи дарс соати (ва маоши) камайган бўлса-да, фаолиятини давом эттирмоқда. Бу кўрсаткич Хатирчи туманида 462, Қизилтепада 224, Навбаҳор туманида 212, Навоий шаҳрида 194 нафарни, бошқа ҳудудларда ундан камроқни ташкил этади. Навоий давлат кончилик институти қошидаги Зарафшон ҳамда Навоий давлат педагогика институти қошидаги компьютер ва ахборот технологиялари академик лицейлари фаолияти тугатилаётгани 133,9 ставкада ишлаётган педагогларнинг келгуси тақдири хусусида фақат ўйлаш билан чекланмай, тегишли амалий чора-тадбирлар кўришни талаб этади.
— Муаммони бартараф этишга кўмаклашишни сўраб вилоятдаги шаҳар ва туман ҳокимликларига, халқ таълими ва бандликка кўмаклашиш бошқармаларига расмий хат билан мурожаат қилганмиз, — дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Лочин Облақулов. — Бунинг самараси ўлароқ, штати қисқарган педагогларнинг аксарияти мактабларга ишга жойлаштирилди. Ўзи ўрганган жамоада қолишни истаган ўқитувчиларни камроқ дарс соати ажратиб бўлса-да, таълим муассасасида қолдирдик.
Яна, бошқарма таҳлилида Хатирчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида штати қисқараётган ўқитувчилар сони 99 нафар, дея қайд этилган. Бироқ муассаса раҳбари Юсуф Мелиев билан суҳбатлашганимизда жамоада 112 нафар ўқитувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилингани маълум бўлди.
Рақамлардаги ноаниқликларга изоҳ излаб турганимизда, бошқарманинг раҳбар ва педагог кадрларни танлаш ва уларнинг малакасини ошириш шўъбаси мудири Шаҳбоз Қўчқоров шундай деди:
— Биз бу жадвални касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбарияти берган маълумотлар асосида шакллантирганмиз. Тўлиқ иш ставкаси билан таъминланмаганлар бўлиши мумкин. Бунда ҳам ходимларнинг ўз хоҳиш-истаклари инобатга олинган.
Доно халқимиз билиб, топиб айтган “Ойни этак билан ёпиб бўлмайди”, “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” каби ҳикматлар мазмунини ҳаммамиз яхши биламиз. Қолаверса, ишни “қоғозда битириш” амалиётини бугун давр кўтармайди. Ёдингизда бўлса, шу йилнинг 2 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланиб, педагогларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган, касб-ҳунар коллежларининг иш ўрни қисқарган барча ўқитувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилган эди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида юртдошларимиз дардига қулоқ тутиб, уларнинг бугунидан рози, эртанги кунга ишонч билан яшашига имконият яратиш ҳудудлардаги мутасаддилар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Навоий вилояти халқ таълими бош¬қ¬армасига ҳам мурожаат қилдик. Бизга йўлланган жавоб хати иловасида 2017-2018 ўқув йилида янги ишга қабул қилинган 1055 нафар педагогдан 486 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида иш ўрни қисқарган ўқитувчилар экани кўрсатилган.
Мавзу доирасида мушоҳада юритар эканмиз, бу муаммо фақат Навоий вилоятида эмас, бошқа ҳудудларда ҳам мавжудлигига ишонч ҳосил қилдик. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидан олинган маълумотларга кўра, жорий ўқув йилида республикамиз бўйича академик лицей ва коллежлар оптималлаштирилгани туфайли иш ўрни қисқарган қарийб 20 минг нафар педагогдан 17 минг нафари (82 фоизи)нинг бандлиги таъминланган. Демак, қолган 18 фоиз соҳа ходими ҳозирча муқим иш ўрнига эга эмас.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири