Олимпиадага старт берилди
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошидаги академик лицейда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадасининг IV босқичига старт берилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур олимпиаданинг очилиш маросимида юртимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ёш авлод вакиллари эришаётган натижалар тилга олинди. Жумладан, ўқувчиларимиз шу йил 22—29 апрель кунлари Минск шаҳрида ўтказилган 49-халқаро Менделеев олимпиадасида 2 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, улкан зафар қучгани алоҳида таъкидланди.
— Ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини ошириш, қобилиятини аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган ушбу билимлар синови ҳар йили баҳсларга бой тарзда ўтади, — дейди Касб-ҳунар таълими марказининг ўқув жараёнини такомиллаштириш ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш бош¬қармаси бошлиғи Ўктам Худойбердиев. — Олимпиаданинг бу йилги республика босқичида ўз ҳудудида ғолибликни қўлга киритган 389 нафар энг иқтидорли ва билимли ўқувчи ёзма ва тест синовлари бўйича ўзаро беллашади.
Ҳакамлар ҳайъати таркиби Давлат тест маркази, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, олий ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг малакали ва тажрибали профессор-ўқитувчиларидан шакллантирилди.
Шоҳруз МИРЗАҚОБИЛОВ