39 нафар ўқувчи олий таълим муассасасига имтиёзли равишда ўқишга киради
Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича республика фан олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
— Олимпиадада холислик ва адолат мезонларига алоҳида эътибор берилди, — дейди Касб-ҳунар таълими марказининг ўқув жараёнини такомиллаштириш ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Ўктам Худойбердиев. — Тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари беллашувдаги ҳар бир шартни диққат билан кузатиб борди. Имтиҳон жараёнларида ўқувчилар учун барча шарт-шароит яратилди: ўқув қуроллари, синфхоналар, яшаш ва овқатланиш, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масалалари белгиланган дастур асосида ўз вақтида сифатли ташкил этилди.
Иштирокчилар фан олимпиадасида икки йўналишда — ёзма иш ва тест синовлари бўйича беллашди. Биринчи шартда ўқувчилар турли саволларга ёзма жавоб бериб, ижодий қобилиятини намойиш этди.
Натижаларга кўра, 389 иштирокчининг 39 нафари юқори ўринларни қўлга киритиб, ўз йўналиши бўйича юртимиз олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имкониятига эга бўлди.
— Онам биология фанидан дарс бергани учун болалигимдан шу фанга қизиқишим баланд, — дейди Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл академик лицейи ўқувчиси Зебо Искандарова. –– Олимпиаданинг ҳар бир тури холис ва ҳаққоний ўтди. Устозларимнинг ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилдим. Имтиҳон жараёнлари қизғин курашларга бой бўлди. Ҳакамлар билим ва қобилиятимни иккинчи ўринга лойиқ кўрди. Қувончимнинг чеки йўқ. Бу ютуқ мени янада фаол изланиш ва юрт тараққиёти учун меҳнат қилишга ундайди.
Олимпиадада рус тили ва адабиёти, информатика, кимё фанларидан ўқувчилар етарли балл тўпламагани боис 6 та ўрин бўйича совриндорлар аниқланмади. Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри 8 та, Наманган вилояти 7 та ҳамда Навоий вилояти вакиллари 6 та совринли ўринга сазовор бўлди. Афсуски, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ўқувчилари бирорта ҳам совринли ўринни эгалламади.
Шоҳруз МИРЗАҚОБИЛОВ