Академик лицейларда имтиҳон
Давлатимиз раҳбарнинг 2017 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида юртимизда академик лицейлар сони 144 тадан 68 тага қисқартирилиб, ҳар бир олий ўқув юрти қошида биттадан қолдирилди. Янги ўқув йили учун республикамиздаги академик лицейларга 13 884 та қабул квотаси белгиланиб, бу ўринлар учун 32 726 ўқувчидан ҳужжатлар келиб тушди.
— Бу йил сон эмас, сифатга катта эътибор беряпмиз, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Академик лицейлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Икром Абдурасулов. — Мақсадимиз ҳар томонлама билимли ёш авлодни тарбиялашдир. Шу боис, таълим жараёни сифатини ошириш, академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши бўйича алоҳида чора-тадбир ва лойиҳалар ишлаб чиққанмиз. Эндиликда ҳар бир лицейда ўқувчиларга аниқ мутахассислик бўйича билим берилади. Йигит-қизларнинг салоҳияти, индивидуал қобилияти босқичма-босқич ривожлантирилади.
Шу кунларда барча академик лицейларда кириш имтиҳонлари бўлиб ўтяпти.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги академик лицейда кириш имтиҳонлари Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг масъул ходимлари томонидан юқори даражада ташкил этилди. 700 нафарга яқин ўқувчи академик лицейга ажратилган 260 та ўрин учун беллашяпти.
Академик лицейда ота-оналар учун юмшоқ ўриндиқ, салқин ичимлик, имтиҳон жараёнини онлайн кузатиш учун экранлар ўрнатилган. Имтиҳон топшириб чиқаётган ўқувчиларнинг қайсинисидир шодлигидан ота-онасини қучган, кимдир маъюс кайфиятда. Уларни суҳбатга чорладик. Чироқчилик Дилноза Алимардонова имтиҳон жараёнлари ҳақида шундай дейди:
— Бу ерга келгунча психологик савол-жавоблардан ўтдик. Лицейда 3 кун давомида 3 та фандан имтиҳон топширилади. Жумладан, бугун она тилидан иншо ёздик. Берилган 5 та мавзудан қайси бирини танлаш ўқувчи ихтиёрида. Мен “Севимли китобим” мавзусини танладим. Болалигимдан адабиётга қизиққаним боис иншо ёзишда қийналмадим. Эртага тарихдан тест топширсак, кейинги куни инглиз тилида иншо ёзамиз. Ҳар бир фан учун 1 соату 20 дақиқа вақт ажратилган.
Академик лицей директори Феруза Рашидованинг таъкидлашича, имтиҳон жараёнини кузатиш ва баҳолаш учун профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Ҳар бир имтиҳон назоратчиси шаффофликни таъминлаш ва энг муносиб ёшларни саралаш учун эртаю кеч ҳаракатда.
Ижодий имтиҳонларнинг ҳақ¬қоний ўтишини таъминлашга масъул она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Раъно Абдусаломова бу ҳақда шундай дейди:
— Келажагига катта умид боғлаган ёшларнинг адолатсизликка учрашини ҳеч ким истамайди. Шу боис, имтиҳон натижаларини холис баҳолаш биз, педагогларга катта масъулият юклайди. Ўқувчиларнинг иншоларини текширишда юртимиз ёшларининг тафаккур дунёси даврга ҳамоҳанг равишда ўсиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Ниятимиз иқтидорли, билимли ёшларни саралаб, эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган кишилар сафини кенгайтиришдир.
Фаёза АВЛАЕВА