Бардавом эзгулик
Гулистон давлат университети қошидаги Янгиер академик лицейи ўзига хос тажриба мактабига эга таълим масканларидан бири. Муассаса ҳовлисига киришингиз билан беихтиёр кўнглингиз ажиб жўшқинлик шукуҳига ошно бўла бошлаганини ҳис этасиз. Негаки, қишин-ёзин атрофни ям-яшил гўзалликка буркаб турган турли манзарали дарахтлар ўз таровати, ранго-ранг гуллар дилни энтиктирувчи чиройи билан сизни маърифат, маданият ўчоғига қадам ташлаганингиз билан қутлагандек қарши олади, гўё. Йўлаклар бўйлаб тартиб билан жойлаштирилган буюк алломаларнинг расмлари ва фаолиятлари ҳақидаги қайдлар, ҳикматли сўзлар акс этган паннолар эътиборингизни тортмай қўймайди. Жорий йилда бўлиб ўтган “Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг республика босқичида ушбу билим даргоҳининг фахрли 2-ўринни эгаллагани ҳам бежиз эмас, албатта.
Кези келганда қайд этиб ўтиш ўринлики, лицейнинг ахборот-ресурс маркази бой китоб фондига эга. Нурхонада турли йўналишдаги 35023та китоб мавжуд. Ушбу фонд 2006 йилдан 2015 йилгача 6057 та босма адабиёт ва 1007та электрон дарслик билан тўлдирилди. АРМ “Кармат” дастури асосида ишлаб келмоқда. Унда абонент бўлими, 42 ўринга эга ўқув ва китоб сақлаш заллари мавжуд.
Билим даргоҳида ўқувчиларнинг мукаммал билим олиб, ўз устида ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ана шу имкониятдан фойдаланиб ўз истеъдодини намоён этаётган ўғил-қизлар турли йўналишлар бўйича қатор муваффақиятларни қўлга киритишмоқда. Жумладан, 2013 йили Маликабону Нарзуллаева маданият, 2015 йили эса Мадина Юсупова адабиёт йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Ситора Юсупованинг етти карра Ўзбекистон чемпиони бўлиши мазкур илм масканида жисмоний тарбия ва спорт ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Ўқувчилар эришаётган бу каби ютуқлар хусусида узоқ тўхталиш мумкин.
Лицейда ўқувчиларнинг нафақат пухта билим олишлари, балки шарқона қадриятларни авайлаб-асрагувчи тарбия соҳиблари бўлиб етишишлари учун ҳам устозлар томонидан астойдил ҳаракат қилинмоқда. “Бувижонлар бонг урмоқда” мактаби ҳам айнан ана шу мақсадда ташкил этилди. Мактабга лицей жойлашган ҳудуддаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган нуроний онахонлар жалб этилиб, ўқувчилар билан турли мавзуларда суҳбатлар уюштирилаяпти. Уларнинг ҳаётий тажрибалари, насиҳатлари, айтиш мумкинки, ёшлар ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган турли муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилаяпти. Жумладан, “Эрта турмушга чиқишнинг салбий оқибатлари” мавзусидаги семинар-тренингга турли давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, онахон ва отахонлар, руҳиятшунослар, шифокорлар таклиф этилиб, улар ўз чиқишларида мавзунинг долзарблигига доир ҳаётий ва илмий хулосаларини баён этиб, ёшларга оиланинг нечоғлик муқаддас эканлигини ҳар томонлама далиллаб беришга ҳаракат қилишмоқда. Йилимизнинг “Қарияларни эъзозлаш йили” дея номланиши муносабати билан “Шарқона оила ва замон” мавзусида ташкил этилган тадбир ҳам ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди.
Айтиб ўтиш жоизки, 2013-2014 ўқув йилида академик лицейнинг тамал тошини қўйган, муассасанинг собиқ директори, моҳир педагог, Ўзбекистон Қаҳрамони Саме Самадов хотирасига бағишлаб лицей ҳудудида жамоатчилик музейи очилди. Шунингдек, ГулДУ олимлари ва бир гуруҳ лицейнинг фидойи ўқитувчилари ҳамкорлигида “Ўзбекистон Қаҳрамони Саме Самадов 65 ёшда” номли тўплам чоп этилди. Устозга кўрсатилган бу эҳтиром у бошлаган ибратли ишлар давом этаётганининг яна бир далилидир.
Мамлакат ЛАТИПОВА,
шу лицей ўқитувчиси,
халқ таълими аълочиси