Чуқурлаштирилган дарсликлар зарур
Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 27 сентябрдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари академик лицейлар фаолиятини тубдан такомиллаштиришга замин яратди.
Авваллари ҳар бир ўқув йили учун ўқув жараёни 40 ҳафтадан иборат бўлиб, дарс машғулотлари июнь ойи охиригача давом этарди. Бу эса ўқувчиларнинг толиқишига, таълим самарадорлиги пасайиб кетишига олиб келарди. Бундан ташқари, гуруҳларда 30–35 нафар ўқувчи ўқитувчининг улар билан индивидуал шуғулланиш имкониятини ҳам чегаралаб қўярди. Айни кунда ўқув жараёни 34 ҳафтага, ўқувчилар сони эса 26 нафарга қисқартирилди.
Кези келганда бир неча йиллик тажрибам, таҳлил ва кузатишларимга асосланиб, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган ишларга тўхталмоқчиман. Хусусан, ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши ва ўзлаштиришини доимий назорат қилиб туриш учун электрон журналлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур журналларнинг интернетга жойлаштирилиши ота-оналар учун фарзандлари дарсга қатнашиши, ҳар кунлик олган балларини кузатиб бориши, шу аснода таълим муассасаси ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади. Ўқувчилар ҳам тўплаган баллари, билимидаги бўшлиқлар, ўзлаштириши лозим бўлган мавзулар, навбатдаги дарслар хусусида мунтазам маълумот олиб туриши мумкин.
Маълумки, 1- ва 2-босқич ўқувчиларини ўқитишда умумтаълим мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган дарсликлардан фойдаланиб келинмоқда. Модомики, академик лицейларда чуқурлаштирилган тарзда билим бериш назарда тутилар экан, аввало, дарсликлар ҳам шунга монанд бўлиши лозим. Демак, фаолиятимизга дахлдор муаммолардан яна бири махсус адабиётларнинг мавжуд эмаслигидир.
Академик лицей уставининг баъзи бандларига қўшимчалар киритиш, яъни таълим йўналишлари бўйича чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлардан ўқувчининг ўқув семестри якунига кўра, ўзлаштириш даражаси 70 фоиздан паст бўлса, унинг ўқишини мактабда давом эттириши масаласини кун тартибига кўндаланг қўйиш зарур. Мазкур амалиёт лицей ўқувчиларининг ўз устида ишлашига туртки бўлиши табиий. Ҳар қандай ўзлаштириш натижаси билан лицейда таълимни давом эттиришга бўлган ишонч айрим ўғил-қизларимиздаги беғамлик, лоқайдликнинг илдиз отишига муҳит яратаётгани тажрибаларимиздан маълум. Бўшаб қолган ўринларга эса умумтаълим мактабларининг фаол, аълочи ва интилувчан ўқувчиларини таклиф этиш механизмини жорий этиш ҳам ўзининг ижобий самарасини беради.
Н.АБИЕВ, Самарқанд давлатуниверситети қошидаги академик лицей директори