Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тугатилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
2019 йил 1 январдан:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тугатилиши ва унинг бўшаётган штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тугатилаётган Марказнинг барча ҳуқуқлари, активлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Марказ ходимларини иш билан таъминлаш юклатилади.
Марказининг Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти, Метрологик назорат хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ҳамда тасарруфидаги касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг идоравий бўйсунувига ўтказилади.
kun.uz