1 олтин, 2 кумуш, 9 бронза лицей жамоасининг байрам туҳфаси
Бўсағада бутун шукуҳи ва таровати билан янги йил эшик қоқиб турибди. Уни кутиб олишдан аввал барчамиз ўтган бир йилга назар солиб, эришган ютуқларимизу улгуриб-улгурмаган ишларимизни сарҳисоб қиламиз. Зиммамизга юкланган масъулиятни нечоғлик оқлаганимиз ҳақида ўзимизга ўзимиз ҳисоб берамиз. Янги йилга пешвоз чиқаётган Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи жамоаси ҳам сарҳисоб палласида.
2018 йил лицей ўқитувчи ва ўқувчилари учун муваффақиятлар йили бўлди. Биргина мисол, яқинда Сингапурнинг ChemiCo компанияси ўтказган кимё фани бўйича жаҳон олимпиадасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчилари бир олтин, бир кумуш ҳамда тўрт бронза медални қўлга киритди. Дунёнинг йигирмага яқин давлатидан 193 ўқувчи қатнашган беллашувда вакилларимиз назарий билимлар, уларни амалиётда қўллаш ва таҳлил қилиш борасида ўз салоҳиятини намоён этди.
Академик лицей ўқувчилари шу йилнинг апрель ойида Минскда ўтказилган 52-халқаро Менделеев олимпиадасида 1 кумуш, 3 бронза медалга, июль ойида Словакия ва Чехия давлатларида бўлиб ўтган 50-жаҳон кимё олимпиадасида 2 бронза медалга муносиб топилгани юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан далолат бермоқда.
2008—2018 йиллар давомида лицей ўқувчилари Россия, АҚШ, Италия, Туркия, Эрон, Дания, Словакия, Чехия, Индонезия, Арманистон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Сингапур, Швеция, Вьетнам, Озарбойжон, Грузия, Таиланд, Беларусь сингари давлатларда ўтказилган жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Улар 40 дан зиёд медални қўлга киритиб, юртимизда иқтидорли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар юқори самара бераётганини амалда исбот этди. Шу пайтгача ўзбекистонлик ўқувчилар кимё фани бўйича 80 дан зиёд медаль олган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи ана шу лицей ўқувчилари ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисми юртимиздаги бошқа академик лицей ва коллеж ўқувчиларига тегишли.
— Ўзбекистонлик ёшларнинг нуфузли беллашувлардаги иштироки йил сайин кенгаймоқда. Мутахассисларнинг фикрича, вакилларимиз қатнашгунга қадар жаҳон ва халқаро кимё фан олимпиадаларида асосан Хитой, Россия, Жанубий Корея, Япония вакиллари ғолибликни қўлга киритган. Энди бу мамлакатлар сафидан Ўзбекистон ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаяпти. Бунга муассасамиз педагоглар жамоаси ва иқтидорли ўқувчилари ҳам ҳисса қўшаётганидан мамнунмиз, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори, профессор Ортиқбой Эшонқулов. — Муассасамизда кимё, биология, математика фанларидан халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида Ўзбекистон номини дунёга танитадиган мактаб яратиш йўлида муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Жанубий Кореянинг Чанхвон университети билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг кимё, биология факультетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўқувчиларимиз муваффақиятида юртимиздаги атоқли олимларнинг, илм-фан арбобларининг ҳиссаси катта бўляпти. Улар ўқувчиларимиз билан мулоқот олиб бориб, илм-фанга қизиқишини, тадқиқотчилик фаолиятига рағбатини оширмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёржон Иброҳимов, академиклар Абдулаҳад Жамилов, Турғунпўлат Даминов, Флора Иноятованинг ўқувчиларимиз билан илмий-амалий суҳбат ўтказаётгани ўз натижасини бермоқда. Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти, Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари, таниқли академиклар шафелигида лицейимизда табиий фанлар мактаби очиляпти. Бу келгусида совриндорларимизнинг янада кўпайишига хизмат қилади.
Шу кунгача академик лицейни тамомлаган ўқувчиларнинг аксарияти юртимиз ва хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида ўқияпти. Баъзилари илмий-тадқиқотчилик фаолияти билан банд. Жумладан, Ҳамидулла Тўхтаев Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспиранти, Анвархўжа Мақсудхўжаев Тошкент педиатрия тиббиёт институти докторанти сифатида илмий изланиш олиб бормоқда.
— Илк бор эшитганимдаёқ шу академик лицейда ўқиш нияти пайдо бўлган эди, — дейди лицей ўқувчиси Исломжон Каримов. — Орзум амалга ошиб, лицей ўқувчиси бўлдим. Тенгқурларим қатори фан олимпиадаларига тайёргарлик кўрдим. Саралаш босқичларидан ўтиб, асосий беллашувда иштирок этувчилар сафига қўшилдим. Йил бўйи мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Назарий билимларни лицейда, амалий кўникмаларни Ўсимлик моддалари кимёси институти, Ўзбекистон Миллий университети лабораторияларида мустаҳкамладик. Натижада бу йил апрель ойида Минскда ўтказилган 52-халқаро Менделеев олимпиадасида бронза медални қўлга киритдим. Айни пайтда келгуси йили Санкт-Петербургда ташкил этиладиган 53-халқаро Менделеев олимпиадасига тайёрланяпмиз.
Муассасада яхши тажриба йўлга қўйилган: лицейнинг илгари жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган собиқ ўқувчилари келиб, беллашувларга тайёргарлик кўраётган ука-сингилларига тажрибасини ўргатади. Жумладан, лицейнинг собиқ ўқувчиси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси Беҳзодбек Болтаев дарсдан бўш вақтлари лицейга бориб, фан олимпиадаларида қатнашадиган йигит-қизларга кўмаклашмоқда.
Таълим масканида ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд. Шу боис “Нега ўқувчиларингизнинг аксарияти кумуш ва бронза медаль олган?”, “Нима учун биология бўйича қатнашадиган ўқувчиларингиз кучли тўртликдан юқорига кўтарила олмайди?” каби саволларга лицей директори тез-тез дуч келади.
— Ўқувчиларимизнинг назарий билими яхши, бироқ амалиётда оқсашади. Бунга сабаб муассасамизнинг лаборатория жиҳозлари ва реактивлар билан етарлича таъминланмаганидир, — дейди академик лицей директори Ортиқбой Эшонқулов. — Айниқса, биология фанида бу жуда сезилади. Чунки халқаро мусобақаларда бу фан бўйича амалий машғулотларга юқори балл қўйилади. Масалан, Жанубий Кореяга борганимизда, беллашувнинг биринчи куни назарий билимлар бўйича ўқувчиларимиз 50 балдан 47, иккинчи куни 100 балдан 97—98 балл олишди. Бироқ лаборатория ишида 400 балдан бор-йўғи 36—40 балл олди, холос. Чунки илм-фан ниҳоятда тараққий этиб кетди. Шунга яраша мусобақа мезонлари, ўқувчилар билимини аниқлаш ва баҳолаш шартлари ҳам такомиллашяпти. Биргина мисол, кичикроқ ҳашоратнинг тана аъзоларини ажратаётганда, қўли титрамайдиган даражада кўникмага эга бўлиши учун ўқувчи замонавий микроскоплардан фойдаланиб юрган бўлиши керак. Ёки ҳакамлар ҳайъати иштирокчига 5 соат ичида муайян ҳабдори таркибини, унга қўшилган реактив миқдорини аниқлаш вазифасини беради. Бу топшириқни ўз вақтида, сифатли бажариши учун ўқувчи мукаммал жиҳозланган лабораторияда машғулот ўтаб юрган бўлиши шарт. Ҳамкорларимиз — ЎзР ФА академиклари келгусида таълим муассасамизни лаборатория жиҳозлари билан таъминлашни ўз йўл хариталарига киритишди. Агар бу амалга ошса, ўқувчиларимизнинг кўрсаткичлари янада яхшиланади.
Лицей директорининг истиҳола билан айтган яна бир-икки оғиз гапи бор: “Нимагаки эришган бўлсак, шубҳасиз, барча-барчаси юртимизда илм-фанга, иқтидорли ёшларга қаратилаётган юксак эътибор туфайли. Нафақат илм-фан, балки спорт, маданий-маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларида истеъдод эгалари алоҳида қўллаб-қувватланмоқда. Ғолиб спортчиларимизга, китобхон фарзандларимизга Президентимиз номидан автомашина тортиқ қилинмоқда. Халқаро фан олимпиадаларида зафар қучган ўқувчилар ҳам бундай рағбатга муносиб кўрилса, фарзандларимиз орасида илм-фанга қизиқиш ниҳоятда ошган бўларди.”
Хайриддин МУРОД