«Зувала»си уйда пишитилган дарс
ўз самарасини бермасдан қолмайди
Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейининг математика фани ўқитувчиси Манзура Очилова ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
— Шогирдим “Шуҳрат” медали муборак!” деб сим қоққанида, очиғи, ишонмаган эдим, — дейди Манзура Очилова. — Кейин мукофотланганлар рўйхатида ўз исмимни кўриб бағоят севиндим. Айни шу хушхабарни шогирдимнинг эзгу тилаклари билан бирга эшитганим эса бир қувончимга минг қувонч қўшди.
Манзура Очилова 1993 йили Қарши давлат университетининг физика-математика факультетини тамомлаган. Иш фаолиятини Қарши шаҳридаги 26-мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Ўн тўрт йилдан буён Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейида ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бериб келмоқда.
— Манзура Очилованинг ўқувчилари мунтазам равишда фан олимпиадаларининг республика босқичида фаол иштирок этади, — дейди академик лицей ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Мавжуда Бозорова. — Дилноза Баҳромова Англиядаги халқаро Вестминстер университетида грант асосида таҳсил олган бўлса, Беҳзод Расулов Япониянинг Нагоя давлат университетида магистрлик даражасини эгаллади. Яна бир ўқувчиси Нодира Норчаева эса Тошкентдаги Турин политехника университетида давлат гранти асосида таълим олмоқда. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
“Ақлий ҳужум”, “Зинамазина”, “Кластер” каби методлардан фойдаланаётган ўқитувчининг дарсида ҳамма бирдек фаол. Бу эса, табиийки, катта педагогик тажрибанинг самараси.
— Ҳар бир дарсни санъат даражасига кўтариш мумкин, — дейди ўқитувчи. — Бунинг учун нафақат лицейда, балки уйда ҳам шу дарсни ўтиб кўраман. Яъни дарснинг “зувала”си уйда пишитилади. Фарзандларим ҳам математика фанига қизиқади. Улар ёрдамида ўтилиши мўлжалланган дарсни синовдан ўтказиб оламан. Чунки ўқитувчи кам вақт сарфлаб, кўпроқ билим берилсагина кўзланган мақсадга эришиши мумкин.
— Устозим қаттиққўл, талабчан, шу билан бирга, меҳрибон ҳам, — дейди Манзура Очилованинг шогирди Алибек Наврўзов. — Шу боис аниқлик, қисқалик ва ҳозиржавоблик талаб этиладиган математика фанини интиқлик билан кутардик. Ўқувчиларнинг билим даражасига қараб ёндашишнинг ўзига хос услубини устозимнинг дарс ўтиш жараёнида кузатиш мумкин. Лицейни битириб, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига имтиёзли равишда қабул қилиндим, Малайзияда магистрлик даражасини эгалладим. Касбим юзасидан эришган ҳар бир ютуғим ортида устозимнинг машаққатли меҳнати борлигини ҳар доим ёдимда тутаман.
Манзура Очилова кўп йиллик тажрибага эга устоз бўлса-да, ўз устида ишлашдан тўхтамайди. Қўшни вилоятлардаги математика фани ўқитувчилари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Интернет орқали халқаро олимпиада саволларини ечиш билан мунтазам шуғулланиб боради.
— Дунё билан ҳамнафас бўлиш, соҳадаги янгиликларни излаш кундалик машғулотимга айланган, — дейди у. — Замон шиддаткор, шунга мос тарзда кишидан ҳам тезкорлик талаб этилади. Бугунги ўқувчи янги билимларга, методларга, дарс ўтишнинг ноанъанавий усулларига қизиқади. Ўз устида ишлаган, соҳанинг энг илғор ютуқларини ўз вақтида англаб, фаолиятида қўллай оладиган замонавий ўқитувчи нафақат замонавий технологиялар билан, оддий бўр ва доска билан ҳам қизиқарли дарсни ташкил этиши мумкин.
Мустақиллик йилларида барча таълим муассасалари энг замонавий ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. Дарсни самарали ташкил этиш учун барча имкониятлар муҳайё. Манзура Очилова эса ана шу шароитлардан самарали фойдаланиш билан бирга ўз устида тинимсиз ишлагани боис натижага эришмоқда. Натижа шуки, ундан таълим олган ёш математиклар дунё билан беллашаяпти.
Замира РЎЗИЕВА
“Нуристон” академик лицейининг информатика фани ўқитувчиси Бобур ИМОМОВ олган сурат.