Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш — асосий вазифа
2014-2015 ўқув йилида Жиззах вилоятидаги 75 касб-ҳунар коллежини 93 йўналиш бўйича 18 минг 716 нафар ўқувчи битирди. Касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг мос йўналишдаги корхона ва ташкилотлар билан амалиёт ўташ ҳамда келгусида иш билан таъминлашни назарда тутувчи уч томонлама шартномалар тузишида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 17 марта бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилиб, унда 1118 корхона, ташкилот ва муассасалар мавжуд 3301та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Битирувчиларнинг 99,2 фоизи яратилган қулай имкониятдан унумли фойдаланишди. Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, саноат йўналишида 1556, савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича 2499, таълимда 1608, соғлиқни сақлаш бўйича 1145, қишлоқ хўжалигида 6245 нафар, қурилиш йўналишида 1188, транспорт соҳасида 362 ва бошқа соҳаларда 3969 нафар битирувчи иш билан таъминланди. Қолаверса, «Жиззах» махсус индустриал зонасининг ташкил этилиши ёшларимизнинг иш билан таъминланишига катта имконият яратмоқда. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида ташкил этилаётган қўшма корхоналарда коллеж битирувчиларига бўлган талаб ва эҳтиёж орт¬моқда. Турли йўналишдаги замонавий технологиялар асосида фаолият кўрсатаётган корхоналар айни кунда меҳнат бозоридаги талаб бўйича коллежларга янги йўналишлардаги мутахассисларни тайёрлаб беришга буюртма бермоқда.
Меҳнат бозорида талаб катта бўлган ихтисосликлар бўйича кичик мутахассислар тайёрлаш, рақобатбардош янги йўналишлар ташкил этишга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас¬турида алоҳида эътибор қаратилиб, жорий йилда ҳам бир қатор коллежлар номланиши ва йўналишлари ўзгартирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги қарорига асосан Жиззах туман иқтисодиёт коллежи — Жиззах саноат ва сервис касб-ҳунар коллежига, Дўстлик иқтисодиёт коллежи — Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Зарбдор иқтисодиёт коллежи — Зарбдор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Пахтакор иқтисодиёт коллежи — Пахтакор тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежи деб номланиб, қайта ихтисослаштирилди.
Қайта ихтисослаштириш ўрта махсус таълим тизимида янги мутахассисликлар жорий этилишига йўл очди. Натижада 2015-2016 ўқув йили учун янги мутахассисликларга ўғил-қизлар қабул қилинди. Булар — мураббий инструктор, полимер композитлар, пластмасса ва эластомерларни кимёвий ишлаб чиқариш техник-технологи, ипакчи, иссиқхона ва парник хўжалиги техник-технологи, санитар тозалаш махсус машина ва жиҳозлардан фойдаланиш ҳамда таъмирлаш бўйича техник-механик, миллий ва бадиий либослар модельери, дизайнер, темирйўл хизмати мутахассисларидир. Янги мутахассисликларнинг очилиши ёшларимизнинг келгусида муайян касбни эгаллаб, иш билан бандлигини таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Имтиёзли кредит — битирувчиларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали усули. Битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида «Менинг бизнес ғоям», «Ёш тадбиркор — юртга мададкор», «Диплом билан — бизнесга» лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 218 нафар битирувчига 1 млрд 576 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
2015-2016 ўқув йилида вилоятимиз ўрта махсус, касб-ҳунар тизимида 59988 нафар ўқувчига 115та касблар бўйича 4610 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб, касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда. Мавжуд таълим муассасаларининг моддий-техник базаси замон талаби даражасида мустаҳкамланмоқда. Таълим муассасаларининг 23таси Япония, Польша, Жанубий Корея, Германия каби хорижий давлатлар кредитлари ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳисобидан ўқув-лаборатория жиҳозлари ва устахона анжомлари билан жиҳозланган. Янги ўқув йили бошлангунча 9та таълим муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Таълим муассасаларида ўқувчиларга умумтаълим ва касбий таълим фанларини ўқитишни ҳар жиҳатдан сифат босқичига кўтариш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Ана шу мақсадда 16та таълим муассасасида олий таълим муассасаларидан жалб этилган 47 нафар профессор-ўқитувчилар дарс бериши кўзда тутилган. Шунингдек, 200дан ортиқ номдаги махсус фанлардан услубий ишларнинг электрон базаси шакллантирилди.
Ёшларга билим бериш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш билан биргаликда, касб-ҳунар ўргатиш педагоглар зиммасидаги вазифа. Билимли, тадбиркор, ишбилармон йигит-қизларимиз сафи қанча кўпайса, уларнинг юртимиз тараққиётига қўшадиган ҳиссаси ҳам шунча ортади.
Бахтиёр ШОМИРЗАЕВ,
Жиззах вилоят ўрта махсус, касб ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири