Ҳамкорликнинг самарали маҳсули
Бухоро нефт ва газ саноати касб-ҳунар коллежини ўтган ўқув йилида тамомлаган Зокиржон Йўлдошев “Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонасида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича техник-электрик ихтисослигини эгаллаган Зокиржон ишлаб чиқариш амалиётини ҳам айни шу ерда ўтади. Коллеждаги машғулотларда доим фаол иштирок этган, ўтилган мавзуларни чуқур ўзлаштирган бўлса-да, амалиёт чоғи корхонада ишлаш унга бироз мураккабдек туюлди. Тажрибали усталарнинг йўл-йўриғи ва маънавий кўмагида ёш мутахассис ишлаб чиқариш жараёнига, янги муҳитга тез мослашди. Қолаверса, корхонадаги қизғин жараён, малакали мутахассислар қуршовида ишлаш унга ёқиб қолди. Шу туфайли коллежни тугатгач, мазкур корхонада ишлашга аҳд қилди.
— Ўзинг учун қадрдон одамлар даврасида ёқтирган касбинг билан шуғулланишнинг гашти бўлакча экан, — дейди Зокиржон Йўлдошев. — Ҳозир биз, олти нафар тенгдош бир корхонада ишлаяпмиз. Бу ерда ишчилар учун барча шароитлар етарли: шинам ётоқхона, иссиқ овқат ва яхшигина маош, шунингдек, кийим-кечак. Бунга жавобан доимо астойдил изланишда бўлиб, соҳа ривожи учун муносиб улуш қўшишга ҳаракат қилаяпмиз.
Бугун Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида нефт ва газ конлари машина ва жиҳозларини ишлатиш техниги, нефт ва газ қудуқларини бурғулаш техниги, нефт ва газга кимёвий ишлов бериш ва қайта ишлаш техник-технологи, автоматика воситалари ва назорат ўлчов асбобларини монтаж қилиш, ишлатиш ва хизмат кўрсатиш техниги, нефт ва газни ташиш ва сақлаш қурилмалари техник механиги, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича техник-механик, электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича техник-электрик каби мутахассисликлари бўйича ҳудуд учун энг муҳим кичик кадрлар тайёрланмоқда. Ўтган ўқув йилида таълим муассасасини 432 нафар ўқувчи тамомлади. Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш борасида 70дан ортиқ корхона ва ташкилотлар билан икки томонлама шартнома асосида ҳамкорлик олиб борилмоқда. “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи”, “Муборакнефтгаз”, “Муборак газни қайта ишлаш заводи”, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш”, “Ўзпартампонаж”, “Бухоронефтгазпармалаш”, “Бухоро геофизика экспедицияси”, “Газлинефтгазқазибчиқариш”, “Ғарбгазтаъминот”, “Шўртаннефтгаз”, “Муборакнефтгазмонтаж”, Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси, “Шўртангазкимё мажмуаси”, “Амиробод кон геофизика экспедицияси”, “Қоровулбозор нефт газ қидирув экспедицияси” каби корхоналар шулар жумласидандир. Битирувчилар мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш ҳамда дипломолди амалиётларини ўташ билан бирга уч томонлама шартнома асосида ишга жойлашишмоқда.
— Айтиш жоизки, бундай амалиёт жараёни ўқувчиларимизнинг билими ва иқтидорини юзага чиқариш имконини ҳам бермоқда, — дейди коллежнинг асбобсозлик йўналиши махсус фан ўқитувчиси Сусана Бегутжанова. — Бўлажак мутахассислар амалиёт жараёни якунлангач, орттирган кўникма ва тажрибалари хусусида ҳисобот топширишади. Қувонарлиси, уларнинг кўпчилиги ана шу ҳисоботларга қўшиб, ижодий ишлар ҳам тақдим этишади. Масалан, битирувчи Константин Толпекин “Хаузак” газ конидаги шохсимон майдонча макетини ясади. Мазкур ҳаракатлантирилувчи макетда объект айнан ўз аксини топган бўлиб, бу орқали 1-босқич ўқувчилари шохсимон майдонча ва унда кечадиган жараёнлар ҳақида аниқ-тиниқ тасаввурга эга бўлишмоқда.
Имкониятлар муваффақият сари етаклайди
Дарҳақиқат, ҳар қандай имконият кишида ишчанлик, масъулият ҳиссини ошириб, уни янги-янги марралар сари етаклайди. Барча зарур шароитларга эга касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг барпо этилиши, кўплаб таълим муассасаларининг капитал таъмирланиши, моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши ҳам тизимда таълим сифати самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
— Коллежимиз 2013 йилда тўлиқ капитал таъмирланди, — дейди касб-ҳунар коллежи директори Замир Адизов. — Шу жараёнда 900 ўринга мўлжалланган ўқув лаборатория, ўқув, ўқув-амалиёт бинолари, ўқув полигони тармоқ таълим стандартлари талабларига мувофиқ жиҳозланди. Ундан ташқари, замонавий қиёфа касб этган, 47148 нусха умумий китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, 590 ўринли ўқувчилар тураржойи, 500 ўринли ошхона, 2та ёпиқ спорт зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари мажмуаси, теннис корти ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Ўқув лаборатория хоналари ахборот-коммуникация технологиялари, лаборатория ускуна ва жиҳозлари билан таъминланди. Натижада мультимедиа технологияларидан фойдаланиш асосида таълим олувчиларнинг касбий кўникмаларини шакллантиришда айнан ўқув хонасининг ўзида ишлаб чиқариш жараёнини, қўлланилаётган технологияларни ўргатиш имконияти юзага келди. Масалан, нефт ва газга кимёвий ишлов бериш ва қайта ишлаш техник-технологи ихтисослиги бўйича ўқувчиларда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёнини бевосита кўрсатиб берадиган технологик линиялар имитацияси яратилди. Шунингдек, нефт ва газ конлари машина ва жиҳозларини ишлатиш техниги, нефт ва газ қудуқларини бурғулаш техниги касблари учун ҳам худди шундай виртуал стендлар яратилди. Таълим жараёнида замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар, шарт-шароитларнинг яратилиши, жумладан мультимедиали виртуал тренажёрлар имкониятидан фойдаланиш, таълим жараёнини ишлаб чиқариш жараёнлари билан кўргазмали тарзда боғлаган ҳолда бўлажак мутахассис кўз ўнгида ҳақиқий ишлаб чиқариш жараёни манзарасини намоён этиш имконини беради. Ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиёти даврида эса ўқувчи корхонага боргач, бевосита ўзи кўрган, кузатган ҳодисанинг ҳақиқий иштирокчисига айланади. Бу эса кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.
“Бинар” ўқув машғулотлари
— Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни янгилаш ва инновация технологияларини жорий этиш бўйича узлуксиз жараён давом этмоқда, — дейди Замир Адизов. — Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг энергия сарфи, моддий ва меҳнат харажатларини камайтириш бўйича мавжуд захиралардан янада тўлиқ фойдалана олиш, жаҳон бозори талабларига жавоб бера оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш вазифалари қўйилмоқда. Масалан, Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони асосида келгусида айнан нефт-газ ва нефт-кимё саноати корхоналарида ҳам ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник-технологик янгилаш бўйича қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилади. Табиийки, касб-ҳунар коллежимизда тайёрланаётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотли мутахассисларга меҳнат бозорининг талаблари ҳам ўзгариб, такомиллашиб боради. Шунинг учун кичик мутахассислар тайёрлашда ҳудудимиздаги корхоналарнинг етакчи мутахассисларини таълим жараёнига кенг жалб қилишни йўлга қўйганмиз. Ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб ҳар ой коллежда махсус фан ўқитувчиси ҳамда корхонанинг етакчи мутахассиси биргаликда ўтадиган “Бинар” ўқув машғулотлари йўлга қўйилди. Бундай машғулотлар ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида жорий қилинган янги, замонавий техника-технологиялар билан мунтазам ва батафсил танишиб бориш имконини бермоқда.
Педагог салоҳияти — таълим равнақи
Таълим самарадорлигини оширишда ўқитувчи салоҳияти асосий ўрин тутади. Коллежда бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилади. Ўқитувчиларнинг касбий малака ва педагогик маҳоратини, ижодий қобилиятларини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда “Энг яхши оригинал кўргазмали восита муаллифи”, “Энг яхши дарс ишланмаси муаллифи”, “Энг яхши услубий ишланма муаллифи”, “Энг яхши очиқ дарс муаллифи” каби номинациялар бўйича танлов эълон қилинган. Бундан ташқари, “Йилнинг энг яхши касб-ҳунар таълими ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши инновацион ғоялари”, “Энг яхши оригинал кўргазмали қурол муаллифи”, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида энг яхши маънавият тарғиботчиси”, “Энг моҳир ишлаб чиқариш таълими устаси”, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида энг яхши педагогик, ахборот технологиялари тарғиботчиси”, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида энг яхши таълим технологиялари муаллифи” каби кўрик-танловларнинг ўтказилиши ҳам коллежда ижобий рақобат муҳитини юзага келтирмоқда.
— Танлов ғолибларининг ҳамкор ташкилотлар томонидан алоҳида рағбатлантирилиши педагогларимизни руҳлантириб, янада кўпроқ ишлашга, изланишга ундамоқда, — дейди Замир Адизов. — Айтиш жоизки, айни пайтда жамоамизда билимли, салоҳиятли ўқитувчилар сони ортиб бормоқда. Коллежда кадрлар тайёрланаётган айрим касблар бўйича махсус фан ўқитувчилари ҳамда соҳа корхоналарининг етакчи мутахассислари иштирокида тармоқ таълим стандартлари, намунавий ўқув режа ва дастурлар тайёрланиб, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланди ҳамда республикамиздаги ушбу йўналишдаги таълим муассасаларида жараёнга жорий этилди. Шунингдек, коллеж ўқитувчиси М.Раҳматованинг Бухоро муҳандислик-техника институти ўқитувчилари билан ҳаммуаллифликдаги “Техник механика” ўқув қўлланмаси, кимё фани ўқитувчиси Н.Адизованинг Бухоро давлат университети ўқитувчилари билан ҳаммуаллифликдаги “Кимё фанидан лаборатория машғулотлари” методик қўлланмаси, иқтисодиёт фани ўқитувчиси Г.Хўжақулованинг Бухоро муҳандислик-техника институти ўқитувчилари билан ҳаммуаллифликда “Ишлаб чиқаришда солиқлар”, “Стратегик маркетинг” ўқув қўлланмаси, С.Сиддиқованинг “Информатика ва ахборот технологиялари фанидан таълим технологияси” методик қўлланмаси чоп этилди. З.Адизовнинг ўқувчиларнинг маънавий-маърифий тарбиясига қаратилган “Истиқлол ва демократия жозибаси”, “Маънавий баркамоллик уфқлари” китоблари нашр қилинди. Б.Акрамов, З.Адизов, С.Ҳабибуллаев ҳамкорлигида “Нефт ва газ саноати асослари” номли ўқув қўлланма тайёрланди.
Ирода ОРИПОВА,
“Ma’rifat” мухбири