Ўқувчилар тадбиркор — педагоглар мададкор
Касб-ҳунар коллежларида йигит-қизлар бир неча касб ёки ҳунар ўрганиб, 19 ёшиданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик сари дадил қадам ташлаётгани биз педагоглар ва ота-оналарни қувонтирмоқда.
Таълимдан тадбиркорликка йўл олган битирувчиларни қўллаб-қувватлаш педагоглар, ота-оналар, қолаверса, корхона ва ташкилот вакиллари, тижорат банклари ходимларининг асосий вазифасидир.
Миробод саноат касб-ҳунар коллежида ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш, ўз бизнесини йўлга қўйиш учун интилаётган ёшлар талайгина. Жумладан, Миржамол Мирсолимов, Алибек Қодиров ўз бизнес режалари асосида имтиёзли кредит олиш арафасида турган бўлса, Ирода Шукруллаева, Дилноза Пармонова каби ёшлар Миробод тумани ҳокимлиги томонидан кичик бизнеснинг мазмун-моҳияти, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш сирларини ўргатиш бўйича ташкил этилган маҳорат машғулотларида ўз тажрибаларини оширишди.
Ўзим мазкур касб-ҳунар коллежида «Тадбиркорлик асослари» фанидан сабоқ бераман. Дарсларда ушбу фан моҳиятини чуқур ўргатиш билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда жадал ривожланиб, жамият таянчига айланиб бораётгани, ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи улар томонидан ишлаб чиқарилаётгани, мазкур тармоқда жами иш билан банд аҳолининг 75—77 фоизи меҳнат қилаётгани каби маълумотлар ва мисолларни мус¬тақилликдан аввалги ҳолат билан солиштирган ҳолда ёшларимизга атрофлича тушунтираман. Шунингдек, бирор-бир ҳунарнинг бошини тутиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшлар ўз оиласи фаровонлигини таъминлаши, ота-онасига қанот бўлиб, маҳалла-кўй, жамият олдида юзи ёруғ бўлишини атрофдаги инсонлар, тенгдошлари мисолида гапириб бераман.
Ўқувчиларим ўз бизнеси ёки тадбиркорликни бошлашдан олдин режалари билан келиб мурожаат қилганларида уларнинг қизиқишларини кўриб, бераётган сабоқларимиз бесамар кетмаётганидан, ёшларимизнинг интилувчанлигидан хурсанд бўламан.
Яқинда коллежимизнинг икки битирувчиси Миржамол ва Алибек ёнимга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида эканини айтиб, ишни нимадан бошлаш кераклиги бўйича маслаҳат сўрашди. Шунда уларга бу йўлда, энг аввало, интилувчан, меҳнатсевар ва ҳалол бўлиш зарурлиги ҳақида айтдим. Қолаверса, бу соҳада ишлаган одам пишиқ-пухта режа асосида фаолиятини ташкил этиши, бошқарувчилик сифатларини яхши эгаллаган ишбилармон бўлиши кераклигини «Тадбиркорлик асослари» фанидан келиб чиқиб тушунтириб бердим. Биз педагогларни хурсанд қиладиган яна бир томони, қизларимиз ўзига хос (тикувчилик цехи, гўзаллик салони каби), йигитларимиз ўзига хос (миллий ҳунармандчилик, маиший хизмат шохобчалари, сартарошлик, савдо дўконлари каби) тадбиркорлик соҳаларини танлаяпти.
Хосият МАМАЮСУПОВА,
Миробод саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси