Баҳсларга бой беллашув
Наманганда “Йилнинг энг яхши маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” ҳамда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловларининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан илк бор ўтказилаётган мазкур тадбирда юқори натижаларга эришаётган ташаббускор, янгиликка интилувчан, ижодкор, фидойи ўқитувчилар, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларини аниқлаш ҳамда уларнинг иш тажрибаларини оммалаштиришга эътибор қаратилди.
— Бу икки кўрик-танлов Президентимизнинг 2006 йил 3 апрелдаги “Аҳоли ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчанлиги ва самарасини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ҳамда 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорлари асосида ташкил этилди, — дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати етакчи услубчиси Замира Азимбоева. — Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларида жами 1 минг 556 нафар таълим муассасаси директор ўринбосарлари иштирок этиб, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишларга оид дастурларда белгиланган вазифалардан хабардорлиги, мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ёшларга етказишда кўргазмали воситалар, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиши, тарғибот ишларидаги фаоллиги бўйича баҳоланди.
“Йилнинг энг яхши маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” кўрик-танлови натижасига кўра биринчи ўрин Олтинкўл иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Зилола Тоштемирова ва Наманган муҳандислик-технология институти қошидаги 1-академик лицей директори ўринбосари Ҳусниддин Мирзабоевга берилди. Тошкент шаҳар радиотехника ва автоматика касб-ҳунар коллежи вакили Кимё Садриддинова иккинчи, Фарғона вилояти Қува тиббиёт коллежи директори ўринбосари Махфират Зикирова учинчи ўринни эгаллади.
“Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” танловида эса иштирокчилар миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий йўналишдаги дастурлари, режалари, ўтказган ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий тадбирларининг долзарблиги ҳамда нутқий маҳорати асосида баҳоланди. Унда Шаҳрихон енгил саноат касб-ҳунар коллежи вакили Маъмуржон Тошпўлатов ғолиб бўлди. Жиззах политехника институти қошидаги 1-академик лицей ўқитувчиси Лазизхон Баракаев иккинчи, Шофиркон педагогика коллежи вакили Дилафрўз Аҳмедова учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб Маъмуржон Тошпўлатов “Туркистон” санъат саройида ўтказиладиган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танлови ғолибларини якуний тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга ҳамда ғолибларга Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири