467019 нафар битирувчи таълимнинг навбатдаги босқичида
Касб — киши ҳаётининг мазмуни. Унинг тўғри танланиши ярим бахт эканини мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг 9-синфини битириб, таълимнинг ўрта махсус, касб-ҳунар босқичига қадам қўяётган 467019 нафар ўқувчи тўлиқ англаб ололдими? Албатта, бунинг учун мактабларда кичик синфларданоқ ўқувчиларни иқтидор ва салоҳиятига кўра касб-ҳунарга йўналтириш ишлари олиб борилишини таъкидлаш муҳим. Айниқса, 9-синфда ташкил этиладиган “Мен танлаган касбнинг келажак ҳаётимдаги ўрни” мавзусидаги иншолар танлови, “Касблар фестивали”, “Касблар ойлиги”, “Очиқ эшиклар куни” тадбирларида ўзи яшаб турган ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари ва касб-ҳунар коллежларига уюштирилган саёҳат ва экскурсияларда, уч босқичли сўровномаларда иштирок этган ўқувчининг бу ҳақдаги тасаввури янада кенгайиши шубҳасиз.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш педагогик-психологик республика ташхис марказининг маълумотларига кўра, 2016-2017 ўқув йилида ўтказилган шу каби тадбирларда 430 минг¬дан зиёд 9-синф битирувчиси, 138 мингга яқин ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган.
Шунингдек, “Ота-оналар йиғилишлари”да ҳам 443 минг нафар ота-она, 28,2 минг нафар жамоатчилик вакили ҳамда 18,5 минг нафар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари вакили қатнашди. Йиғилишлар, давра суҳбатлари, учрашувларда ота-оналар ва ўқувчиларга юртимизда таълимнинг кейинги босқичида ўқиш ёшлар учун улкан имконият экани, буни англашни истамаган ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс¬нинг 47-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилиши бот-бот таъкидланди. Айни пайт¬да психологик-педагогик ташхис методикаларига мувофиқ, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари танлаган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ўқишни давом эттириш тўғрисидаги аризалар асосида битирувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилди шакллантирилди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида эса доимий фаолият кўрсатувчи маслаҳат марказлари ишламоқда. Шу ойнинг йигирманчи санасидан академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига ҳужжат топшириш ишлари бошланади.
Ҳар қандай соҳада муаммолар учраши табиий. Уни ҳал этишга бўлган интилиш эса янги марраларни забт этиш, янги имкониятларни очишнинг муҳим омилидир. Шу маънода жойлардаги ҳақиқий вазият, мутахассислар фаолиятида учраётган тўсиқлар ва уларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қуйичирчиқ туманидаги умумтаълим мактабларида бўл¬дик.
Тумандаги бешта касб-ҳунар коллежи ҳар йили 51 та мактабнинг 9-синф битирувчиларини қамраб олади. Бу йил мазкур таълим муассасаларини 1470 ўқувчи тамомламоқда. Сўровномалар натижасига кўра битирувчиларнинг 23 нафари академик лицейларда, 1447 нафари касб-ҳунар коллежларида таълимни давом эттириш истагини билдирган. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилсак, таълимнинг кейинги босқичини ўқувчиларнинг 321 нафари Тошкент вилояти шаҳар ва туманларидаги, 120 нафари Тошкент шаҳридаги, 29 нафари эса бошқа вилоятлардаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давом эттириш ниятида.
— Фаолиятимиз E-maktab электрон дастури орқали Республика ташхис маркази томонидан тўлиқ назорат қилинади, — дейди туман ХТМФМТТЭБ ташхис раҳбари Феруза Турматова. — Ҳар бир 9-синф битирувчисининг исм-фамилияси, мактаби, таълим тили, манзили ҳамда академик лицей ёки касб-ҳунар коллежининг қайси таълим йўналишида ўқиш истагини билдиргани тўғрисида маълумотлар белгиланган вақтда электрон киритиб борилади. Айтмоқчиманки, жараёнда учрайдиган муаммолар бундан беш-олти йиллар олдингидан кўра анча камайди. Маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари раҳбарлари, воя¬га етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссияларнинг ота-оналар орасида тушунтириш ишларини олиб бориши иш самарадорлигини анча оширди. Масалан, ўтган йиллардаги тажрибадан келиб чиқиб бу йил ҳам маҳаллаларда маҳалла оқсоқоли, участка инспектори уйма-уй кириб, 12 йиллик таълим мажбурий эканини ва унинг қонуний асосларини ота-оналарга тушунтирди.
Фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаган барча ота-она боласининг яхши жойда ўқиб, истиқболли касб эгаси бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун дилбандини пойтахтдаги таълим муассасаларидан бирига жойлаштириш учун турли режалар тузади. Айрим ота-оналар ўғил-қизининг бу мутахассисликка салоҳияти етиш-етмаслиги, қизиқиши бор-йўқлиги, иқтисодий ва ижтимоий имкониятларига эътибор қаратмайди. Шундай кишилар орасида баъзан, “Пойтахтда ўқитишга рухсат беришмайди, унда таълимнинг ихтиёрийлиги қаерда қолади?” қабилида фикр билдирганлар ҳам учрайди. Аслида-чи?
— Юртимизда академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ўқиш — мажбурий, йўналиш ва мутахассисликларни танлаш эса ихтиёрий, — дейди Феруза Турматова. — Масалан, ўқувчилар туманимиздаги касб-ҳунар коллежларида мавжуд бўлмаган юриспруденция, темир йўл, солиқ, соғлиқни сақлаш соҳалари, ҳарбий академик лицейда таълим олиш учун бош¬қа ҳудудларга бемалол бориши мумкин. Лекин ўзимизда ҳам бухгалтер касби бўйича кичик кадр¬лар тайёрлайдиган таълим муассасаси турганда, шу мутахассислик бўйича Тошкент шаҳрида ўқимоқчи бўлган ўқувчини, унинг ота-онасини қандай тушуниш мумкин? Шунинг учун юртимиздаги барча касб-ҳунар коллежларида таълим мазмуни, дипломларнинг аҳамияти ҳам бир хил экани ўзаро суҳбатларда ота-оналарга тушунтирилади. Аввало, уларда туманимиздаги таълим муассасаларига ишончсизлик уй¬ғотган омилларни аниқлаймиз. Кейин ота-оналарни ҳудудимиздаги ўша мутахассислик бўйича кадр тайёрлайдиган коллежга олиб бориб, у ерда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, келгусида иш билан таъминлаш истиқболлари билан таништирамиз. Шу билан бирга қуруқ ваъда бераётган “уддабурон”ларга ишониб эмас, ҳақиқий вазиятни билиш, чиндан ҳам вилоят ёшларига квота ажратилган ёки йўқлигини шахсан ўзи ўрганишини, бунинг учун шаҳардаги таълим муассасаси раҳбари билан учрашишни маслаҳат берамиз. Мақсадимиз — 9-синф ўқувчиларига ва уларнинг ота-оналарига ўз ҳудудида, ишонч¬ли назорат остида таълим олиш фойдалилигини тушунтириш. Бугун ахборот хуружлари кучайиб бораётган бир пайтда ўсмирни назоратсиз қолдириш турли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниб етган ота-оналар дарҳол тўғри хулоса чиқариб, фарзандларининг ўз ҳудудида таълим олишига хайрихоҳ бўляпти.
Тумандаги “Ўжакент” қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган 4-умумтаълим мактаби психологи Муяссар Қаюмова айни шу масалага кўп дуч келган мутахассислардан. У биринчи сўровнома натижаларини таҳлил қилиб кўргач, пойтахтда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этишини билди. Илк сўровнома ўқувчиларнинг тахминий фикрларини англатса-да, қайсидир маънода, улар асослидек туюлди. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича туманда мутахассис тайёрланмаслиги туфайли ота-оналар ва ўғил-қизлар асосан Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежларини танлаган. Психолог улар билан суҳбат жараёнида ҳудудга яқин жойлашган, қатнов осон бўлган Янгийўл ҳамда Зангиота тиббиёт коллежлари ҳақида батафсил маълумот берди. Натижада 23 нафар ўқувчи учинчи сўровномада ушбу таълим муассасаларида ўқиш ниятида эканини маълум қилди.
— Ота-оналар ҳамда ўқувчилар билан ўтказилган суҳбатларимизга фан ўқитувчиларини ҳам жалб этдик, — дейди тумандаги 11-мактаб психологи Умида Иброҳимова. — Иккинчи сўровнома натижасига кўра Тошкент шаҳрида темир йўл, алоқа, ҳуқуқшунослик, педагогика, тиббиёт йўналишидаги касб-ҳунар коллежларига ҳужжат топширмоқчи бўлган битирувчиларнинг имкониятлари, оилавий шароитларини ўрганиб чиқдик. Масалан, танланган коллеж саралаш имтиҳони асосида қабул қиладиган бўлса, ўқувчининг билими талабга қай даражада жавоб бериши ўрганилди. Фанлардан ўзлаштирган билими таҳлил қилинди. Шундан сўнг учинчи сўровномада мақсади қатъий ўқувчиларгина ўз қарорида қолди. Улар имтиҳондан ўтолмай қолса, ўз ихтиёри билан тумандаги қайси коллежда ўқиши сўровномада белгилаб олинди.
Одамларда туман касб-ҳунар коллежларидаги мутахассисликлар ҳақида ҳам турли фикрлар мавжуд. Улар асосан автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича техник-механик, компьютер инжиниринги техниги, тикув ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи каби касбларни ҳудуддаги энг истиқболли касб деб билади. Айримлар “Болам сувоқчилик ёки сартарошликни ўрганиши учун уч йил умрини сарфлайдими? Бирор устага шогирд тушса ҳам бу касбларни олти ойда ўрганиб олиши мумкин”, дейди. Шунинг учун юқоридаги уч мутахассислик бўйича ўқиш истагини билдирганлар кўпроқ. Бу эса мактаб психологлари олдида йўналишлар бўйича қамровдаги мутаносибликни таъминлаш борасида ҳам муайян вазифалар турганини билдиради.
— Асосийси, ота-оналарни ҳам, ўқувчиларни ҳам келгусида ишга жойлаша олиш имконияти мавжудлигига ишонтириш, — дейди Феруза Турматова. — Чиндан ҳам, бир маҳаллага бир сартарош етиши ҳисобга олинса, бу касбни ўрган, эртага ишинг тайин, дейиш қийин. Шунинг учун туманимиздаги мавжуд йўналишларга ўқувчиларни йўналтиришда касб-ҳунар коллежлари масъуллари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Масалан, Қуйичирчиқ агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ихтиологлар тайёрланади. Ушбу мутахассисликка аввалги йиллари қизиқиш кам эди. Кейинги бир-икки йилда коллеж томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказилган тақдимотлар ўз самарасини берди. Айниқса, бугунги кунда балиқчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар ўқувчи-ёшларнинг бу касбга қизиқишини оширяпти.
Айрим ўқувчилар синфдоши ёки ўртоғи танлаган касб¬га қизиқиш билдираётгани ҳам бор гап. Бу эса касб-ҳунарга йўналтириш ишлари етарлича ташкил этилмаётганини кўрсатади.
— Туманимиздаги 51 та мактабнинг бештасида психолог-мутахассис (2 нафари психолог дипломига эга, 3 нафари қайта тайёрловдан ўтган) фаолият олиб бормоқда, — дейди Феруза Турматова. — Қолган умумтаълим муассасаларида уларнинг вазифасини бош¬қа фан ўқитувчилари бажаряпти. Бундан ташқари, тариф ставкасига кўра психологнинг ойлик маоши кам. Баъзан ишнинг сир-асрорини ўрганиб олганда педагогларнинг ярми бўшаб кетади. Қолаверса, янги ўқув йилида мактаб директорлари эндигина олий ўқув юртини тамомлаб келган, ҳали педагогик тажрибага эга бўлмаган ёш мутахассисларга бу мушкул вазифани юклаб қўймоқда. Бу ҳам касб-ҳунарга йўналтириш ишларига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу масалалар ўз ечимини топса, ўйлаймизки, ютуқлар салмоғи ортади.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири