Профессиограмма
ўқувчиларнинг касб танлаши борасида аниқ фикрга келиши учун хизмат қилади
Нодир болалигида учувчи бўлишни орзу қиларди. Эҳтимол, яқинларидан туғилган кунида совға сифатида турли учоқларнинг ўйинчоқ моделини олгани ёки онасидан кечалари эшитган ўзи учар гиламлар, қанотли тулпорлар ҳақидаги эртаклар бунга туртки бўлгандир. Бироқ мактабга қадам қўйганида самода учишдан кўра яшил майдонда тўп тепишни афзал кўрди. Энди ундан ким бўлиши ҳақида сўралса, футболчи дея баралла айта бошлади. Еттинчи синфни битирди-ю, стадионда кезиб юрган ўй-хаёллари архитектура оламига кўчди. Кўркам, баланд уйлар қуришни ўз олдига мақсад қилди. Орадан кўп ўтмай, ахборот-коммуникация технологияларига қизиқиши ортиб: «Келажакда компьютер дастурчиси бўламан!» деган қарорга келди...
Албатта, ўқувчи синфдан синфга ўтгани сари касб танлаш ҳақидаги фикрлари ўзгариб, ҳаётга яқинлашиб бораверади. Айниқса, 9-синфга ўтганида “Қайси касбни танласам экан?”, “Бу касбни қандай эгалласа бўлади?”, “Келгусида қаерда ишлашим мумкин?”, “Шу касбни танласам ҳаётда, жамиятда ўз ўрнимни топаманми, яқинларимга моддий кўмаклаша оламанми?” қабилидаги саволларга жавоб қидиради. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган мактаб битирувчиси — келажакда ўзи ёқтирган касб эгаси бўлиши, авваламбор, унинг қизиқишлари, қобилияти ҳамда саъй-ҳаракатига боғлиқ, қолаверса, ота-онаси ва ўқитувчиларининг ҳар жиҳатдан кўмаги зарур.
Республика ташхис марказининг таълим муассасаларида психологик хизмат бўлими методисти Феруза Умарованинг фикрича, касб танлаш жараёнида инсон ўз эҳтиёжи, орзу-умидлари, қизиқиши, қобилияти, саломатлиги ва бошқа қатор жиҳатларни инобатга олиши керак. Умуман, касб танлаш — мураккаб ва қийин жараён. Мураккаблиги шундаки, ҳар бир касб ўзгача бир олам бўлиб, ёш мутахассис бу оламга кириши, уни чуқур ўрганиши учун йиллар давомида ўқиб-ўрганиши ҳамда касбий фаолиятга мослашиши керак бўлади. Касб тўғрисида маълумотларнинг камлиги, битирувчининг ўзи яшаётган ҳудудда танлаган касбига бўлган эҳтиёжнинг қай даражада эканини билмаслиги эса қатор муаммоларни келтириб чиқаради.
Бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати томонидан тўрт қисмдан иборат “Кичик мутахассисларнинг профессиограммалари тўплами” тайёрланди.
— Ўзингизга маълум, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ходимлари ўз олдига Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида ўқувчиларнинг жадал интеллектуал ривожланишини, чуқур, ихтисослашган, табақалашган таълим олишлари ҳамда ўз қобилияти ва мойилликлари асосида танлаган касб-ҳунарлари бўйича мутахассисликка эга бўлишини таъминлаш, умумий ва касбий маданиятга эга, мустақил фикрлайдиган, ижодий фаол, демократия ва мустақиллик тамойилларига содиқ бўлган ижтимоий етук шахсни шакллантиришни мақсад қилган, — дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизматининг ахборот-ноширлик бўлими бошлиғи Алишер Сафаров. — Бундай кадрларни тайёрлаш эса мактаб остонасидан бошланади. Ҳозирги кунда умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг турли қизиқиш ва имкониятларини юзага чиқариш, ривожлантириш ҳамда уларнинг келажаги учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида жиддий изланишлар олиб борилмоқда. Муҳими, ёшларнинг келажакда қандай касбни танлаши борасидаги мустақил фикри шаклланиб бормоқда, ўз олдига қўйган аниқ мақсад сари қатъият билан интилиш ҳисси кучаймоқда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида тайёрланадиган кичик мутахассисларнинг профессиограммаси ҳақида барча маълумотларни ўзида жамлаган ушбу қўлланма бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Ундан умумий ўрта таълим мактаблари битирувчилари ва уларнинг ота-оналари, таълим муассасалари раҳбарлари, психологлари ҳамда гуруҳ раҳбарлари касбга йўналтириш ишларида кенг фойдаланишлари мумкин.
Ўқувчи касбни тўғри танлаши учун нафақат ўзининг шахсий хусусиятлари, балки танлаётган касби тўғрисида ҳам етарлича маълумотга эга бўлиши лозим. Ўқув машғулотлари, экскурсиялар, мутахассислар билан ўтказиладиган учрашув ва суҳбатлар, адабиётларни ўрганиш орқали ҳам бундай маълумотлар олиш мумкин. Эндиликда мазкур касблар профессиограммасини ҳам ана шундай муҳим маълумот манбалари сирасига киритиш мумкин. Профессиограмма — касблар ёки мутахассисликлар тўғрисидаги тушунчалар бир тизимга солинган, меҳнатнинг педагогик-психологик томонларини очиб берадиган, тартибланган ва ўзаро узвий боғланган, умумий вазифани бажариш учун зарур бўладиган шахсий, умуминсоний ва касбий сифатларни ўзида мужассам этган, ўқувчининг келгуси амалий фаолиятда фойдаланишига қаратилган қисқа ва асосли талаблар мажмуаси ҳамдир. Асосийси, у ўқувчи онгида муайян бир касбнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилади.
Ўқувчилар профессиограмма билан танишиб чиқиш асосида “Касблар оламига саёҳат” қилишади, илгари билмаган ва эшитмаган касблари ҳақида батафсил маълумот олишади ва уларга бўлган қизиқиши ортади.
— Тўплам касб тавсифномаси, иш мазмуни, билиш зарур (билим, кўникма, малакалар), муҳим бўлган касбий фазилатлар, тиббий монеликлар (чекловлар), касбий ўсиш истиқболлари, турдош касблар каби кўплаб маълумотларни ўз ичига олган, — дейди Алишер Сафаров. — Профессиограммада турли шакллар(матн, жадвал, график тасвирлар ёки диаграмма)дан унумли фойдаланилган. Масалан, электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича техник-электрик касбининг профессиограммасини кўриб чиқайлик. Ўқувчи тўпламни кўздан кечираркан, келгусида ушбу касб доирасида электр тармоқлари ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш электромонтёри, реле ҳимояси ва электр ўлчов асбоблари электромонтёри, электр энергия истеъмоли назоратчиси, муқобил ва ноанъанавий энергия манбалари қурилмаларига хизмат кўрсатиш техниги (механиги) каби ихтисосликларни ҳам эгаллашини билиб олади. Шунингдек, электр таъминотини яратиш, ишлатиш ва эксплуатация қилиш, ташкилотни техник жиҳозлаш ва энергия таъминоти тизимини яхшилаш ва ривожлантириш бўйича таклифлар бериш, шунингдек, электр жиҳозларини ўрнатиш, электр чизмаларини чизиш, реле ҳимояси ва электр ўлчов асбобларини назорат қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электр ресурсларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш, техник қайта жиҳозлаш бўйича зарурий асосларни тайёрлаш, шунингдек, электр жиҳозларини таъмирлаш бўйича шартномалар тузиш, электр жиҳозлари узлуксиз ишлашини ва улардан тўғри фойдаланишни таъминлаш мазкур касб эгаси ишининг мазмуни эканини англайди. Бунинг учун эса ушбу мутахассисликни танлаётган ўқувчи келгусида электр жиҳозлари ва коммуникацияларини эксплуатация қилишга оид қарор, фармойиш, буйруқ, услубий ва меъёрий кўрсатмалар, электр станция ва нимстанция тарқатиш қурилмаларининг электр схемаси, юқори частотали токнинг қурилмаси, реле ҳимоясининг ишлаш тамойили ва схемаси, электр жиҳозларининг конструктив тузилиши ва уларнинг вазифалари, электр энергия ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни, назорат ўлчов асбоб ва воситаларининг тузилиши, метрологияси ва уларнинг ишлаш тамойилини чуқур ўқиб-ўрганиши зарурлигини ҳис қилади. Албатта, ушбу касб эгаси эмоционал турғунлик, техникалар билан ишлашга мойиллик, диққатни жамлай олиш қобилияти, жисмоний чидамлилик ва тоқатлилик, қўл меҳнатига мойиллик каби муҳим касбий фазилатларни ўзида жамлаб борган сари унинг касбий ўсиш истиқболлари, имкониятлари ҳам кенгайиб бораверади. Дастлаб электромонтёр сифатида ишга қабул қилингач, кичик мутахассис аста-секин 6-разрядгача бориб, техник-электрик, цех ёки бўлим бошлиғи, бош инженер-электрик лавозимларини ҳам эгаллаши мумкин.
Айтиш жоизки, мазкур мутахассисликни эгаллашга тиббий чекловлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, асаб ва руҳий касалликлар, кўриш ва эшитиш қобилиятининг пастлиги, таянч ҳаракат аппарати функциясининг бузилиши, ҳушни йўқотиш билан боғлиқ бўлган хасталиклар ўқувчиларнинг келгусида яхши мутахассис бўлишига монелик қилади.
Ушбу тўрт қисмли тўплам республикамиздаги ҳар бир умумтаълим мактабига етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу, албатта, ўқувчиларни қобилиятига мос равишда муайян касбга йўналтиришда асқотади, шунинг баробарида келгусида бўлажак мутахассисларнинг ўз касбини чин дилдан ўрганишига асос, туртки бўлади.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири