Давр билан ҳамоҳанг
Ақлан ва жисмонан соғлом, маънан етук авлод ҳар қандай мамлакат келажагининг пойдеворидир. Юртбошимиз 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб номлашни таклиф этар экан, озод ва обод диёримизда ёшлар масаласига берилаётган юксак эътибор янада кенгроқ кўлам ва аҳамият касб этиши, ёш авлод камоли билан боғлиқ хайрли ишлар изчил давом этишини яна бир бор тасдиқлади. Бу каби хайрли ишлар таълим тизими ходимлари зиммасига масъулиятли вазифа юклади. Наманганлик ўқитувчи ва мураббийлар ҳам бу масъулиятни янада теран ҳис этган ҳолда меҳнат қилмоқдалар.
— Биз бевосита ёш авлод камоли билан боғлиқ соҳада меҳнат қиляпмиз, — дейди Наманган муҳандислик-педагогика институти қошидаги Дўстлик академик лицейи директори Қудратилла Умаров. — Демак, Юртбошимизнинг билдирган бу фикрлари, энг аввало, таълим-тарбия тизимида ишлаётган ўқитувчи-педагоглар, мураббий ва тарбиячиларга жуда катта масъулият юклайди. Зеро, ўз бурчимизни қай даражада бажаришимиз, вазифаларга қандай муносабатда бўлишимиз пировард натижада жисмонан ва руҳан соғлом авлодни улғайтиришдек масъулиятни уддалай олишимизга бевосита дахлдор. Ана шуни эътиборга олиб, жорий йилда ҳар бир мутахассис ва ўқитувчиларимизнинг амалга оширадиган ишлари режасини тузиб олдик. Режаларимизни амалга ошириш учун жамоамизда маҳорат, тажриба ва салоҳият етарли.
Дарҳақиқат, 2000 йили фаолиятини бошлаган Дўстлик академик лицейи педагогик жамоаси учун ўтган йиллар катта тажриба мактаби даври бўлди. Эндиликда у вилоятдаги энг намунали таълим муассасаларидан бири. Лицей таълим олувчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар борасида ҳам олдинда. 5та фан кафедраси мавжуд. 81 нафар олий маълумотли ўқитувчи-педагог 987 нафар иқтидорли ўғил-қизга замонавий педтехнологиялар ёрдамида таълим-тарбия бермоқда. 7та лингафон, 2та компьютер синфи, 6та кимё-биология, физика ўқув лабораториялари ўқувчиларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Лицей қошидаги ахборот-ресурс маркази фаолияти ҳам эътирофга сазовор. Унда 7та компьютер жамланмаси ўрнатилган бўлиб, интернет тармоғига уланган. Марказда янги авлод адабиётларининг электрон версияси ва 23000дан зиёд босма адабиёт намуналари сақланмоқда.
— Ўқувчиларга берилаётган билим сифати ва мазмуни доимий назоратга олинган, — дейди таълим муассасаси директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Неъматжон Алимов. — Биласиз, педагог билимли бўлса, ўқувчи билимдон бўлади. Шу боис ўқитувчиларимизнинг маҳорат ва малака оширишларига жиддий эътибор қаратамиз. Улар ўртасида мунтазам ташкил этиладиган илмий-методик тадбирлардан кўзланган мақсад ҳам шу. “Ёш ўқитувчилар мактаби”, “Педагогик маҳорат мактаби” фаолиятлари ҳам мазкур мақсадни амалга оширишда ижобий натижа бераяпти. Ўтган ўқув йилида АКТ ва янги педагогик технологияларни таълим жараёнига кенг жорий этиш бўйича 78та, чет тили бўйича 20та семинар ва тренинглар уюштирилди.
Академик лицейда ҳар йили “Таълим самарадорлигини оширишда янги педагогик ва ахборот технологияларининг ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш анъанага айланиб қолди. Унда таълим муассасасининг энг тажрибали ва илғор ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этадилар. Амалдаги ўқув йилида ўқитувчилар томонидан чоп этилган илмий ва методик ишлар сони 55 тадан ошди. Масалан, рус тили фани ўқитувчиси Г.Раҳматова тайёрлаган “Маънавият соатлари учун дарс ишланмалари” ва “1-, 2- босқичлар учун ўзбек гуруҳларида рус тили дарс ишланмалари” тўпламлари жуда яхши баҳоланди ва улар турдош ўқув масканларида фойдаланиш учун тавсия қилинди.
Академик лицей қошида “Иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш маркази” ташкил этилганидан буён ўнлаб ўқувчиларнинг истеъдодини янада ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги кунда унга 216 нафар йигит-қиз аъзо.
— Инглиз тили фанига жуда қизиқаман, — дейди академик лицей битирувчиси Абдулазиз Абдуғаниев. — Лицейимизда бу тилни ўргатиш бўйича алоҳида режа асосида машғулотлар олиб борилади. Шу боис чет тилини мукаммал ўзлаштира олдим. Натижада IELTS дастури асосида синовдан муваффақиятли ўтдим ва хориждаги олий ўқув юртида ўқиш имтиёзини қўлга киритдим.
Лицей битирувчиларининг 70–80 фоизи мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқишга кираётган бўлсалар, 20-25 нафари эса Абдулазиз каби хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятини қўлга киритмоқда. Масалан, ҳозирги кунда Мирзааҳмад Ҳамидов Канада, Бахтиёр Абдулатипов, Абдулазиз Ҳошимов ва Камола Ҳайдаралиева Жанубий Кореяда, Иброҳим Нурмаматов Хитой, Муҳаммадмусо Мирзабоев Малайзия, Отабек Обидов Англияда таҳсил олаяпти. Лицейнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида ўқиётган собиқ ўқувчилари сони айни пайтда қарийб юзга яқин.
Дўстлик академик лицейи ўқувчилари ҳаёти билан янада яқинроқ танишсангиз, улар орасида нафақат билим, балки ўзига хос истеъдод эгалари, спортга ошно тутинган ўқувчилар талайгина эканининг шоҳиди бўласиз. Зиёхонада ана шуни назарга олиб, 38та фан, 8та спорт ва бадиий ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этилган. Шунинг билан бирга, “Заковат” билимдонлар ва “Нафосат” қизлар клублари ёшлар севиб вақт ўтказадиган масканлардан. Бу ерда спорт-соғломлаштириш тадбирлари жуда фаол ва қизғин ўтадики, уларда ўқувчиларнинг 80 фоизи қатнашади. Лицей ёш спортчиларининг қўлга киритаётган ютуқлари ҳам иштиёқ ва саъй-ҳаракатга яраша.
Муслима Аҳророва ва Ноила Турсунова каратэдо бўйича, Миршоҳид Сафаров дзюдо бўйича мамлакат чемпионатида фахрли ўринларни эгаллаган умидли спортчилар. 304-гуруҳ ўқувчиси Дилафрўз Азимова эса стол тенниси бўйича вилоят ва республика мусобақаларида фаол иштирок этади. 2015 йил унинг учун омадли келди.
— Молдавияда ўтказилган стол тенниси бўйича халқаро турнирда иштирок этиш учун жуда жиддий шуғулланишга тўғри келди, — дейди Д.Азимова. — Мураббийларимга катта раҳмат, улар ёрдамида маҳорат ва тажриба ортирдим ва ниҳоят халқаро мусобақага йўлланма олдим. Бундай катта
миқёсдаги баҳсда биринчи бор қатнашаётган бўлсам-да, юртимиз байроғини баланд кўтаришга аҳд қилгандим. Ниятимга етдим ва ғолиб бўлдим.
Дилафрўз сингари чемпионлар, олимпиада ғолиблари, аълочи ўқувчилар етишиб чиқаётган Дўстлик академик лицейи ўқитувчилари ва педагогларининг шу кунларда амалга ошираётган ишларидан айримларини тилга олдик, холос. Агар таълим муассасасининг ўқув-тарбия соҳасидаги ютуқларининг тўлиқ тафсилотларини билишни истасангиз, лицей педагоглари ва ўқувчилари сизларни қучоқ очиб кутиб оладилар.
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбири