Янги йўналиш истиқболлари
Марғилон педагогика коллежида бундан уч йил аввал ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик йўналиши очилган эди. Ўтган йили мазкур йўналишни 31 нафар ўқувчи тамомлади ва уларнинг барчаси ишга жойлаштирилди. 2015-2016 ўқув йилида эса ўқув юртида амалий санъат йўналишининг "Мусиқа асбобларини ясаш ва таъмирлаш бўйича уста" мутахассислиги бўйича кичик мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳозир бу йўналишда 21 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
— Марғилон шаҳридаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактабида рубоб йўналишида таҳсил олганман, — дейди 1-босқич ўқувчиси Отабек Маҳмудов. — Ўқувчилик йилларимда устозларимиз мусиқа асбобларини тўғри сақлаш, уларни эҳтиёт қилиш ҳақида кўп насиҳат қиларди. Баъзан рубобимнинг сими узилиб кетса ёки бирор жойи бузилса устага олиб бориб тузатганимда, ҳар бир созанда ўзи ҳам мусиқа асбобини тузата оладиган бўлиши керак, деб ўйлардим. Коллежга келгач, бу ердаги маслаҳат маркази ходимлари янги йўналиш очилаётани, бу ерни битирганлар мустақил равишда тадбиркорлик билан шуғулланиб, турли мусиқа асбобларини ясаб сотиши ёки таъмирга муҳтожларини таъмирлаб бериши мумкинлигини айтишди. Шунинг учун мана шу йўналишни танладим.
— Таълим муассасамиз авваллари мусиқа билим юрти бўлиб, 2001 йили коллежга айлантирилди, — деди коллежнинг мусиқа йўналиши бўлими бошлиғи Улуғбек Раҳмонов. — Шундан сўнг ўқув жараёнлари тубдан ўзгарди. Авваллари фақат таълим тизими учун мутахассис тайёрлаган бўлсак, бугунги кунда икки-уч ихтисосликка эга битирувчиларни тайёрлаяпмиз. Ўқув дастурларидаги етишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ўқитувчилар муайян ишларни амалга оширишаяпти. Педагогларимиз республика миқёсида мусиқа йўналиши бўйича ўқув дастури тайёрлаш ишларига жалб этилган. Ўқитувчилар томонидан тайёрланаётган ўқув ва услубий қўлланмалар вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан оммалаштиришга тавсия этилмоқда.
Дарсларни жадвалга қўйиш бўйича ҳам коллежда янги тизим ишлаб чиқилган. Бу жадвалга асосан ўқувчилар бўш қолмайди ва ўқув самарадорлиги ҳам юқори бўлмоқда. Махсус чолғу, хонандалик, дирижёрлик каби бир қатор дарслар якка тартибда олиб борилади.
— Бизни ўйлантираётган муаммолардан бири айрим дарсларнинг юқоридан қуйига томон пасайишидир, — деди Улуғбек Раҳмонов. — Масалан, махсус чолғу бўйича биринчи семестрда ҳафтасига икки соатдан якка тартибда дарс ўтиш белгиланган бўлса, иккинчи семестрда ўша дарс бир соатга тушириб қўйилган. Таклиф сифатида айтиш мумкинки, дарс соатларини пастдан юқорига қараб кўтариб бориш лозим. Шунда ўқувчидаги қобилият ва иқтидор кўпроқ юзага чиқади, унинг қизиқиши ортади. Боланинг билим доираси, малакаси ва кўникмаси шу тариқа босқичма-босқич ривожланиб бораверади. Бугунги кунда 87 нафар ўқувчи 1-босқичда таълим олмоқда. Уларни 3-босқич ўқувчилари билан таққослайдиган бўлсак, анча ўзгаришлар юз бераётганини пайқайсиз. Мамлакатимизда болаларнинг мусиқа ва санъат билан шуғулланишига берилаётган катта эътибор туфайли, ота-оналарнинг ҳам дунёқараши ўзгариб ўз фарзандларининг санъатнинг бирор тури билан шуғулланишлари учун шароит яратиб бераётганини кўриб қувонасиз. Бунинг натижасини 1-босқич ўқувчиларининг қобилияти, ижроси, иқтидори 3-босқич ўқувчилариники билан тенглаша олаётганида ҳам кўриш мумкин. Шу иқтидор ва қобилиятни сўндириб қўймаслик учун ўқув жараёнига мунтазам янгиликлар киритиб бориш керак, деб ўйлайман.
Коллежда услубий марказ ташкил этилган. Мусиқа таълими йўналиши бўйича ҳам бу марказда амалий ишлар қилинмоқда. Турли ўқув методикалари ишлаб чиқилиб, ўқувчининг иқтидорини ривожлантириш, ундаги кўникма ва малакани ошириш учун қатор янгиликларга қўл урилмоқда.
— Ҳар бир мусиқа асбобини таъмирлашнинг ўзига яраша талаблари, вақти бор, — дея суҳбатга қўшилди махсус фан ўқитувчиси Маҳмуджон Арслонов. — Масалан, фортепианони ҳар уч ойда кўрикдан ўтказиб туриш керак. Бизнинг ҳудудимизда ёз жуда иссиқ келиши сабабли, унинг тахталари шишиб кетиши мумкин. Шунинг учун бу мусиқа асбоби ичига идишда сув қўйиб, буғланишини назорат қилиб туриш керак. Дутор, рубоб, доира, тор каби мусиқа асбобларимиз ҳунармандлар томонидан мукаммал ясалади, аммо ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланган бундай мусиқа асбобларининг тезда елими кўчиб кетиши, сими узилиб қолиши мумкин. Уларни сақлаш, авайлаш жуда масъулиятли вазифа. Мусиқа асбобларини сақлашни яхши билган созандага у узоқ вақт хизмат қилади.
Рубобнинг пардаси, симини ҳар йили ўзгартириб туриш керак. Музейларга кирсангиз мусиқа асбоблари ойнаванд жавонда турганлигини кўрасиз. Бу ҳам унинг узоқ вақт аслидек сақланиши, ўз жарангини йўқотмаслигининг бир йўли. Баъзи хонадонларда мусиқа асбоблари осиб қўйилган бўлади. Бу сақлашнинг тўғри усули ҳисобланади. Шунда у дутор бўладими, танбурми, рубобми ёки торми, эгилиб, букилиб кетмайди, жарангини сақлаб қолади. Яна шундай ҳолатлар бўладики, бир созандага ўрганган мусиқа асбоби бошқа одамнинг қўлида жарангламаслиги мумкин.
Бундан йигирма йиллар олдин Фарғона шаҳрида вилоят бўйича Карим тоға
исмли устагина мусиқа асбобларини созлаш, таъмирлаш билан шуғулланарди. Бугун эса давлат томонидан тадбиркорликка кенг йўл очилаяпти. Бу йўналишни тамомлаган ўқувчи ўз ҳудудида қонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб, кредит олиб ўз ишини йўлга қўйиши мумкин. Агар шу соҳани мукаммал эгаллаб олса, ўз ҳудудидаги талабни қондиради, мусиқа асбобларини таъмирлаб, ясаб, сотиб оилавий фаровонликка эришиши мумкин. Тадбиркорлик билан шуғулланаман деган битирувчилар учун барча имкониятлар эшиги очиқ. Коллежда пухта билим олса, ўз устида ишласа, шу соҳанинг устаси бўла олади.
Коллеж 2001 йили мукаммал таъмирдан чиқарилган. Шу йили 24 млн. сўмлик мусиқа асбоблари келтирилган. Айни кунда тўкис шароит ва кенг имкониятлардан барча ўқитувчи ва ўқувчилар унумли фойдаланишмоқда.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
"Ma’rifat" мухбири