Ўттиз нафар битирувчи халқаро сертификат эгасига айланади
Марғилон қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқувчи-ёшлар “Умумқурилиш ишлари устаси”, “Тураржой ва жамоат биноларидан фойдаланиш ва кўчмас мулкни рўйхатга олувчи”, “Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича техник-технолог”, “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси”, “Бино ва иншоотлар бўйича техник-архитектор”, “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича техник механик”, “Бухгалтер” касби бўйича ўқитилмоқда. 805 нафар ўқувчининг 47 нафари қизлардир.
— Бир неча йиллардан буён касбий таълим усталари Фар¬ҳод Исмоилов, Файзулло Қурбонов “Моҳир уста” республика танловида иштирок этиб, 1-ўринни эгаллаб келмоқда, — деди коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари Муҳаммаджон Исмоилов. — Ўтган йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Устоз-шогирд” 1-республика танловида “Қуруқ усулда қурилиш” номинациясида 2-ўринни олиб қайтишди. Яқинда қурилиш йўналишида таълим берувчи коллежлар ўртасида ўтказилган танловда муассасамиз “Вилоятда энг яхши коллеж” сифатида тан олинди.
Айтиш жоизки, мазкур коллеж вилоятдаги пешқадам ўқув муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўқув даргоҳида кўплаб очиқ ўқув машғулотлари, семинар, кўрик-танловлар ташкил этиш анъанага айланган. Чунончи, ҳар чоракда ўқувчилар ўртасида “Энг яхши лойиҳалар” мавзусида танлов ўтказилади. 3-курснинг иқтидорли ўқувчилари Ақлжон Абдусатторов, Иброҳим Муҳаммадаминов, Муяссархон Неъматова, Холдор Холматов, Муҳаммадмирзо Ҳожихонов ўзлари ясаган намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар макети ва ло¬йиҳаси билан аввал «Ёш тадбиркор — юртга мададкор» танловининг вилоят, сўнгра республика босқичида муносиб иштирок этди. 2015—2016 ўқув йилида 27 нафар ўқувчи техник-архитектор касби бўйича диплом олишади. Уларга тўрт нафар махсус фан ўқитувчиси, бир нафар ишлаб чиқариш таълими устаси билим бериб, касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда.
Битирувчилар уч йил давомида ўқув ишлаб чиқариш амалиётларини вилоят қурилиш ва архитектура бошқармаси, Марғилон қурилиш ва архитектура бўлими, “Фарғона ландшафт” коммунал лойиҳа, “АРТ медиа дизайн”, “Фарғона фуқаро лойиҳа” МЧЖда олиб боришди. Бугунги кунда дипломолди амалиётларини ҳам шу муассасаларда ўташи учун шартномалар имзоланди.
Коллежда ўқувчиларнинг умумтаълим фанларидан пухта билим олиши, касбий фанларни мукаммал ўрганиши учун барча шароитлар муҳайё этилган. 2002 йили “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш” мутахассислиги хоналари Жанубий Корея ва Япония давлатлари грантлари маблағлари ҳисобидан тўлиқ жиҳозланган эди. Ўтган 2015 йилнинг ноябрь ойида эса коллежда Германиянинг KNAUF қурилиш фирмасининг ресурс маркази ташкил этилди.
— 2013 йили Германиянинг Борздров шаҳридаги ўқув марказида қуруқ усулда қурилиш йўналиши бўйича икки ҳафталик малака ошириш курсида бўлдим, — деди “Моҳир уста” кўрик-танлови республика босқичининг икки карра ғолиби, коллежнинг ишлаб чиқариш таълими устаси Фарҳод Исмоилов. — У ерда қурилиш, пардозлаш ишлари, иморатсозликда фойдаланиладиган замонавий асбоб-ускуналарни ишлатиш технологияси, дарс бериш борасидаги кўникма ва малакаларимни оширдим. Ўрганганларимни бугунги кунда ўқувчиларга ўргатмоқдаман.
KNAUF фирмаси қурилиш соҳасидаги энг катта брендлардан ҳисобланади. Унинг бутун дунёда 150 дан ортиқ шохобчалари мавжуд. Фирма бирор давлатда ресурс маркази ташкил этишдан аввал ўша ердаги шарт-шароитни ўрганиб, ёшларининг интеллектуал салоҳиятига алоҳида эътибор беради. Ресурс марказида қурилиш-пардозлаш ишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Коллежимизда очилган Германия стандарти асосидаги ресурс маркази Осиёда ягона ҳисобланади. Бу ерда таълим олаётган 30 нафар битирувчига халқаро тоифадаги сертификат берилади. Бу — ўқувчи кейинчалик дунёнинг қайси давлатига бориб, қурилиш-пардозлаш ишлари билан шуғулланмоқчи бўлса, шу сертификат асосида унга ўша давлат фуқаролари билан тенг миқдорда ҳақ тўланади, дегани.
Коллеж устахонасига фирманинг энг замонавий қурилиш, пардозлаш анжомлари келтирилди. 300 млн сўм маблағ ҳисобига иккита синф хонаси мультимедиа воситалари, замонавий компьютер, ўқув қўлланмалари билан жиҳозланди. Ўқув устахонаси ҳам мармар кесадиган, қум элайдиган аппаратлар, BOSH(Германия) фирмасининг тахта, пластик арралайдиган аппаратлари, бетон тешадиган перфаратордан тортиб дрелларигача 7 та тўпламдан келтирилди. Ўқувчи устахонада кошин териши, изоляция ўтказиши, шпаклёвка тортиши, мармарни кесиши, қумни элаб, цементни махсус асбобда қориштириши мумкин. Устахонадаги жиҳозларни кўрган моҳир қурувчи усталар “Қанийди, менда ҳам шундай асбоб-ускуналар бўлса...” деб орзу қилади, десак адашмаймиз. Айниқса, ҳавоза (иморат кўтарилган сари кўтарилиб борувчи махсус нарвон), бир қутичада жойлашган 17 номдаги қурилиш асбоб-ускунаси, текислик ва тикликни тўғри аниқлайдиган симобли ускуна, лазерли қурилма билан ишлаб кўрган ўқувчидан, албатта, яхши мутахассис чиқади-да.
— Коллежимиз вилоятда иккита чет тили (инглиз ва немис) ўргатиладиган ягона таълим муассасаси. KNAUF фирмаси вакиллари меҳмон бўлиб келганида ўқувчиларимизнинг аксарияти улар билан немис тилида мулоқот олиб боришди. Бухгалтерия йўналишида таълим олаётган 3-курс ўқувчиси Мадина Нусратуллаева эса таржимонлик қилди. Меҳмонлар ҳам ўзбек ёшларининг иқтидори, билимга интилувчанлигини кўриб ҳайратга тушди, — деди Муҳаммаджон Исмоилов.
Коллежда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида ибратли ишлар қилинмоқда. 8та касбий, 11 та фан, 10та спорт тўгарагига ўқувчиларнинг 90 фоиздан ортиғи қамраб олинган. Бир сўз билан айтганда, коллеж ёшлари ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил интилишаяпти.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
“Ма’rifat” мухбири