Коллежнинг кечаги битирувчилари бугун ёш мутахассис, тадбиркор сифатида меҳнат қилаяпти
Шаҳобиддин Абдусатторов Зомин маиший хизмат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган чоғлари йўл чеккасида бунёд этилаётган намунали лойиҳадаги уй-жойларга ҳавас билан қарарди. Гоҳида қурувчилар олдига бориб, уларнинг иш жараёни билан танишар, шундай кўркам ва чиройли уй-жойларни бунёд этаётганлар сафида бўлиб қолишни орзу қиларди. Тақдир тақозоси билан ўқув амалиётини ўташ учун айнан мана шу бунёдкорлик ишларини олиб бораётган “Алишер Сарвиноз” хусусий қурилиш фирмасига шартнома асосида юборилди. Интилувчан ўқувчи дипломолди амалиётини ҳам шу ерда ўтади. Қисқа вақт ичида зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариши билан жамоада ҳурмат-эътибор қозонган Шаҳобиддин тўрт томонлама шартнома асосида мазкур фирмада доимий ишлаб қолиш имконига эга бўлди. Айни пайтда у Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида намунавий лойиҳа асосида барпо этилаётган уй-жойлар қурилишида меҳнат қилмоқда.
Шаҳобиддин сингари бу йил Зомин маиший хизмат ва транспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаган 288 нафар йигит-қизнинг барчаси келажаги учун муносиб пойдевор қўйди. Жумладан, улардан 7 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, қолган битирувчиларнинг барчаси тўрт томонлама шартнома асосида тўлиқ иш жойи¬га эга бўлди. Албатта, бундай кўрсаткичга эришиш осон эмас. Коллеж маъмурияти битирувчиларнинг доимий иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида йил давомида турли корхона ва ташкилотлар билан мунтазам алоқада бўлиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларнинг танлаган соҳалари бўйича иш билан таъминланишига шароит яратди. Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли Нуриддин Болбеков “Холбой Бозорбоев” хусусий фирмасига автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи, Гулором Маъмирова 64-мактабга компьютер оператори сифатида ишга қабул қилинди.
Битирувчилар орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, Дилфуза Тоштемирова ёшлигидан тадбиркорлик соҳасида имкониятларини синаб кўришни ният қилган. У чорвачиликни ривожлантириш борасидаги бизнес лойи¬ҳаси билан мутасадди ташкилотлар ишончини қозониб, 7 миллион 100 минг сўм имтиёзли кредит олишга эришди. Ҳозир ёш тадбиркор чорва моллари наслини яхшилаш, улардан олинадиган маҳсулотлар сифати ва ҳажмини ошириш йўлида астойдил изланмоқда.
Узлуксиз таълимнинг муҳим бўғини ҳисобланган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бугунги кунда ёшларнинг замон талаби даражасида билим олиши билан бирга, бир неча ихтисосликни чуқур эгаллашига хизмат қилаяпти. Айни пайтда Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган 46203 ўринли 75 та касб-ҳунар коллежи ва 3487 ўқувчи ўрнига эга 4 та академик лицей ёшларнинг таълим-тарбия олиб, касб-ҳунар ўрганишига беминнат хизмат қилмоқда. Ўқитиш сифати ҳамда касб-ҳунар ўргатиш кўламини ошириш мақсадида мазкур муассасалар 4 миллиард 353 миллион сўмлик ўқув-лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналар билан таъминланди. Йўналтирилган маблағнинг асосий қисми ўқув амалиёти ўтиладиган устахоналарни керакли жиҳозлар билан таъминлаш, тикув устахоналари ташкил этиш, томорқаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга йўналтирилди. Ўтган ўқув йилида амалий машғулотларни ўтказиш учун зарур хомашё ва ёнилғи-мойлаш материалларини харид қилиш мақсадида давлат бюджетидан 740,724 миллион сўм маблағ ажратилди. “В” ва “ВС” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш учун ҳам салмоқли маблағ йўналтирилганини таъкидлаш жоиз. Яратилган бундай қулайликлар битирувчиларнинг танлаган йўналиши бўйича иш билан таъминланиш имкониятини янада кенгайтирмоқда.
Ўтган ўқув йилида 97 та мутахассислик бўйича касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 19417 нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлашда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, меҳнат бошқармаси томонидан иш берувчилар иштирокида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 411 нафар битирувчи ўз иш жойига эга бўлди.
Касб-ҳунар коллежларида ёшлар муайян ихтисослик билан бирга, тадбиркорлик борасида билим ва кўникмага эга бўлмоқда. Шу кунгача битирувчилардан 77 нафари 947,2 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади. “Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор”, “Диплом билан бизнесга” каби лойиҳалар натижасида яна 1773 нафар битирувчи тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирди.
Тадбиркорликнинг ўзига яраша масъулияти ва қийинчиликларидан ёшларни хабардор этиш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманлардаги биттадан коллежда “Бизнес клуб”лар ташкил этилди. Вилоят солиқ ва меҳнат бош¬қармалари, “Камолот” ЁИҲ ҳудудий кенгаши каби қатор ташкилотлар ва тижорат банклари ҳамкорлигида ўтказилган семинарларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ёшларга бизнес режаларни тузиш, имтиёзли кредит олиш тартиби тўғрисида зарур маълумотлар берилди.
Тадбиркорликка қизиқиши баланд ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда турли тадбирларнинг аҳамияти катта бўлаётир. Жумладан, “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси — 2016” танлови ана шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Ғаллаорол иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зулфия Рус¬тамова мазкур танловнинг “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши лойиҳа” номинациясида иштирок этди. Иқтидорли қизнинг лойиҳаси куз фаслида йиғиб олинган хазонларни махсус ускунада чиритиб, табиий ўғит тайёрлашга бағишланган. Ушбу технология асосида тайёрланган ўғит иссиқхоналарда фойдаланиш учун жуда қулай бўлиб, хазонларнинг ёқилиши ва атмосфера ифлосланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Зулфия, аслида, тадбиркорлик фаолиятини анча олдин бошлаган. У “Агробанк”нинг Ғаллаорол тумани филиалидан 20 миллион сўм кредит олиб, туман марказида кийим-кечак дўконини очган эди. Ёш тадбиркор қарзларни ўз вақтида узгач, янги лойи¬ҳани ҳудуд шароитида амалга ошириш учун Наманган вилоятида бир муддат тажриба ошириб қайтди. Айни пайтда Зулфия ўз лойиҳасини ҳаётга татбиқ этмоқда.
Жиззах иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Сабоҳат Узоқова ҳам тиниб-тинчимас ёш тадбиркорлардан. У “Менинг бизнес ғоям” танловининг республика босқичида “Машина шиналаридан резина гранулаларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси билан қатнашди. Сабоҳатнинг бу лойиҳаси иқтисодий жиҳатдан маъ¬қулланиб, “Қишлоққурилишбанк” томонидан 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит бериладиган бўлди. Тенгдошининг муваффақиятидан руҳланган Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи битирувчиси Соҳиба Ўнғарова, Дўстлик қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мафтуна Омонбоева ҳам танловда ишлаб чиқариш ва сервис соҳасидаги лойиҳалари билан иштирок этиб, республика босқичига йўлланма олди.
— Бугунги давр шиддат билан ўзгармоқда. Кундалик ҳаётимизга янги-янги соҳа ва касблар кириб келмоқда. Ана шу эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларнинг истак ва хоҳишларига мос йўналишлар ташкил этилаяпти. Жумладан, Бахмал иқтисодиёт коллежи Бахмал хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи сифатида қайта ихтисослаштирилди. Ушбу ўқув йилида кўплаб янги йўналишлар очилди. Енгил саноат корхоналари жиҳозларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш механиги, гилам ишлаб чиқариш бўйича техник-технолог, полимер композитлар, пластмасса ва эластомерларни кимёвий ишлаб чиқариш техник-технологи, шиша буюмлар ишлаб чиқариш техниги, наққошлик бўйича уста-рассом, нон, макарон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологик жиҳозларини соз¬лаш механиги, сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш техник-технологи каби йўналишлар шулар жумласидандир, — дейди Жиззах вилояти ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Шомирзаев. — Янгидан фаолият бошлаган мазкур йўналишлар йигит-қизларнинг ҳаётимиз учун зарур бўлган касбларни эгаллаб, келгусида юртимиз равнақига ҳисса қўшишида муҳим аҳамият касб этади. Энг асосийси, ёшлар коллежларда касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштириб, малакали мутахассис бўлиб етишади. Ўз соҳасини чуқур эгаллаган битирувчига эса халқ хўжалигининг турли жабҳаларида ҳамиша эҳтиёж юқори.
Ёшларнинг келажаги йўлида амалга оширилган эзгу ишлар ҳеч қачон изсиз кетмаган. Фарзандлари тақдирига дахлдорлик ҳисси билан қараган давлатларда фақат юксалиш кузатилган. Юртимизда ёш авлод камолотига юксак эътибор, жумладан, ўғил-қизларнинг чуқур билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ёрқин самараларини бериши шубҳасиз.
Абдусаттор СОДИҚОВ