Амалиётни аъло ўтаган ёшлар
Юртимизда ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаши учун яратилган шарт-шароитлар туфайли ҳар йили юзлаб етук малакали ёш мутахассислар ҳаётимизга кириб келмоқда. Турли жабҳаларда иш бошлаб, Ватанимиз ривожи учун меҳнат қилаяпти. Жумладан, 2015-2016 ўқув йилида Урганч тиббиёт коллежини тамомлаган 681 нафар ёш мутахассисдан 655 нафари ўз иш ўрнига эга бўлиб, оиласи фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Олти нафар битирувчи 65 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган бўлса, яна 21 нафар ўқувчи олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттираяпти.
— Таълим тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар натижасида коллежимизнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўқитиш мазмун-моҳияти ва кадрлар сифати йил сайин ошаяпти. Айниқса, олий таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва иш берувчи ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик ўрнатилгани ўқувчиларимизнинг назарий ва амалий билимларни бирдек пухта ўзлаштириши ҳамда иш билан таъминланишида муҳим омил бўлаётир, — дейди коллеж директори Нурулла Абдуллаев. — Жумладан, ўтган ўқув йилида коллежни тамомлаган ёшлардан Кумушой Милиева Янгиариқ туманидаги 4-мактабга ҳамшира бўлиб ишга жойлашди. У келгусида тиббиёт академиясида ўқишни давом эттириш учун билим ва малакасини оширмоқда. Яна, Мафтуна Шоназарова вилоят кардиология марказида, Муҳиддин Йўлдошев Шовот тумани тиббиёт бирлашмасида, Шаҳзод Қодиров Янгибозор туманидаги "Халқобод" қишлоқ врачлик пунктида, Ҳаётхон Мансурова Питнак шаҳарчасидаги давлат санитария-эпидемиология назорати марказида, Холида Мусаева Ҳазорасп туманидаги "Шехёп" қишлоқ врачлик пунктида, Юлдуз Пархатова Гурлан туманидаги "Алишербекфарм" хусусий корхонасида, Мухлиса Рўзимова Урганч туманидаги "Анжирчи" қишлоқ врачлик пунк¬тида ишлаяпти.
Айни пайтда коллежда 1498 нафар ўқувчи беш йўналиш бўйича касб-ҳунар эгалламоқда. Бўлғуси тиббиёт ходимларига 110 нафар педагог соҳанинг ўзига хос жиҳатларини қунт билан ўргатаётир. Муассасанинг барча ўқув ва амалиёт хоналари замонавий ускуналар билан таъминлангани ёшларнинг билим олиш имкониятини янада кенгайтирмоқда. Жумладан, Япониянинг "JICA" ташкилоти томонидан ажратилган 300 минг долларлик беғараз ёрдам ҳисобидан коллежнинг тиббиёт анжомлари билан жиҳозлангани таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Меҳрибон Давлетова ўтган йили ушбу коллежни тамомлаган ёшлардан. Айни пайтда вилоят дезинфекция станциясида ҳамшира бўлиб ишлаяпти. Тўрт томонлама шартнома асосида бир ой муддатга синов шарти билан вилоят дезинфекция станциясига ишга қабул қилинган ёш мутахассисга коллежда олган билими, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти даврида тўплаган малакаси асқотди. У ишга киришганиданоқ янги жамоа билан тезда тил топишди. Касбдошларининг ишончини қозонди. Ўқишга кирганида қандай қувонган бўлса, ишга киришнинг завқи ундан ҳам тотли бўлишини ҳис қилди. Ҳар иккала вазиятда ҳам оила аъзоларига чексиз қувонч ҳадя этди. Шифокор бўлиш орзусига эришолмай уй бекаси бўлиб қолган опасининг армони ҳам унинг ҳаётида ушалди.
— Еттинчи синфда ўқиб юрган кезларим касалликларнинг олдини олиш, беморларга ёрдам бериш иштиёқида тиббиёт ходими бўлишни орзу қилардим. Икки йил бу мақсадимни юрагимда сақладим, — дейди Меҳрибон Давлетова. — Тўққизинчи синфга ўтганимдан кейин тиббиётдан бошқа соҳани танлай олмаслигимни тўлиқ англадим. Ўқитувчиларимнинг маслаҳати билан Урганч тиббиёт коллежига ҳужжат топширдим. Омадим чопиб, имтиҳондан муваффақиятли ўтдим. Мана, ҳозир халқ хизматидаман. Чуқур билим олиб, касб-ҳунар ўрганишимиз учун кенг имкониятлар яратиб бергани учун давлатимиздан чексиз миннатдорман.
Меҳрибон илк маошини сақлаб қўйибди. Севган касбини эгаллаган ҳамшира ҳалол меҳнат билан топилган пулнинг қадри нақадар юқори эканини ҳаётида илк бор ҳис қилди ва шунинг учун ҳам илк ойлик маошини эсдалик учун сақлаб қўйишга аҳд қилди. Уни келажакда ўзининг энг хайрли мақсадлари учун харжлаш ниятида. Айни пайтда маошининг салмоқли қисмини оила бюджети учун сарф¬ламоқда.
Ёш мутахассис ўз касбининг нозик жиҳатларини яхши билади. Унинг вазифаси идора ва ташкилотларга шартнома асосида, аҳолига эса буюртма асосида маҳсулот етказиб бериш билан бир қаторда юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришдан иборат.
Коллежнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни самарали йўлга қўйганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Тошкент тиббиёт академияси ва Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари қўлланмалар яратиш, аттестация синовлари, турли кўрик-танлов ва илмий конференцияларни ташкил этишда коллежнинг энг яқин ҳамкоридир. Ёш ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш учун Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали кўмагида "Замонавий педтехнологияларни қўллаш самараси" мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Коллежда ташкил этилган "Ёш ўқитувчилар мактаби", "Педагогик маҳорат мактаби" фаолиятида ҳам ҳамкор олий таълим муассасалари кафедралари тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда. Натижада чуқур билимга эга битирувчиларни университет ва инс¬титутларга йўналтириш бўйича ҳам режали тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўқувчилардан 9 нафари Урганч давлат университети талабаси деган номга мушарраф бўлди. Гулчеҳра Қодирова ТТА Нукус филиалида, Дилноза Мавлонова ҳамда Шаҳноза Йўлдошева Тошкент тиббиёт академиясида, Меҳрибон Майлиева Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўқишни давом эттираяпти. Моҳинур Гулимова, Бобур Рустамов, Бобурбек Бозорбоев эса Россия Федерациясидаги нуфузли олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишида таҳсил олмоқда.
Айни кунларда коллеж ўқувчилари олган билимларини амалиётга татбиқ қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу йил улар ўқув, ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётини вилоят кўптармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази, Урганч тумани тиббиёт бирлашмаси, шаҳар ва туман давлат санитария-эпидемиология назорати марказида ҳамда ўзи яшайдиган ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасаларида ўтайди.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
"Ma’rifat" мухбири