Имтиёзли талабаликка энг иқтидорлилар муносиб кўрилди
Аввал хабар берганимиздек, умумтаълим фанлари олимпиадаси республика босқичининг иккинчи куни иштирокчилар тест синовидан ўтишди. Мусобақа якунига етгач, иккинчи тур натижалари эълон қилинди. Айни шу пайтда қизиқ, баҳсли ҳолатга дуч келинди. Она тили ва адабиёт фанидан беллашаётган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейи ўқувчиси Холида Абдусатторова ҳамда Китоб иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муниса Ғаффорова иккала тур натижаларига кўра бир хил балл тўплаб, учинчи ўринга даъвогарлик қилаётгани маълум бўлди.
Ҳакамлар ҳайъати икки ёш ўртасида тенг кечган муросасиз, ўзига хос беллашув ечимини қўшимча топшириқлар бериш орқали ҳал этди. Даъвогарлар қўшимча саволлар устида анча бош қотиришига тўғри келди. Якунда топшириқларнинг оригинал ечимини топа олган, муҳими, бирорта хатога йўл қўймаган Холида Абдусатторова 3-ўринга муносиб кўрсатилди.
— Беллашувда қатнашиб юртимизда билимли, салоҳиятли тенгдошларим кўплигига ишонч ҳосил қилдим. Улар билан дўстлашиб, ҳатто бир-биримизга рақиб эканимизни ҳам унутдик, — дейди Холида.
Фан олимпиадасида 1-, 2-, 3-ўринларни қўлга киритган 34 нафар йигит-қизга Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг дипломлари тантанали равишда топширилди. Асосийси, совринли ўринни эгаллаган ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори ҳамда олимпиада низомига биноан олий ўқув юртларига тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзига эга бўлди.
— Тинимсиз ўқиш ва изланишларим, ўқитувчиларимнинг меҳнати бесамар кетмаганидан хурсандман, — дейди Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Сирожиддинов номидаги академик лицей ўқувчиси Насиба Раҳматуллаева. — Биология фани бўйича 86,3 балл тўплаб, ғолиблик шоҳсупасининг иккинчи поғонасидан жой олдим. Келгусида Тошкент тиббиёт академиясида ўқишни давом эттириб, аҳоли саломатлигини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшаман.
Наманган давлат университети қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Ҳусайн Ҳасанов информатика ва ахборот технологиялари фанидан 90,5 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Иқтидорли йигит шу йил июль ойида Эронда ўтказиладиган дастурчилар кўрик-танловида муносиб қатнашиб, Ватанимиз байроғини юқорига кўтариш ниятида.
Барчани ҳаяжонга солган кунлар ортда қолди. Тўртинчи босқич якунига кўра, қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини қўшиб ҳисоблаганда, 15 фандан 34 нафар ғолиб ўқувчи аниқланди. Бироқ беллашувда 11 ўрин — физика фанидан учта, рус тили ва адабиёти (рус гуруҳлари учун) фанидан учта, рус тили фанидан (ўзбек гуруҳлари) иккита, кимё фанидан иккита, ўзбек тили фанидан (рус гуруҳлари учун) битта ўрин ўқувчилар томонидан етарли балл тўпланмагани боис бўш қолди.
Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти олтитадан совринли ўрин билан биринчи, Бухоро вилояти бешта совринли ўрин билан иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд, Наманган вилояти жамоалари тўрттадан совринли ўрин билан учинчи ўринни эгаллади. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё вилояти вакиллари бирорта ҳам совринли ўринни қўлга киритолмади.
Бу рақам ва кўрсаткичлар ҳудудларда чуқур таҳлил этилиб, ўқувчилар билимидаги бўшлиқлар ўрганилиши шубҳасиз. Негаки, қизғин ва муросасиз беллашувлар кимнинг қандай ишлаётганини, қайси ҳудудда билимли ёшларни излаб топиш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратилаётганини кўрсатиб берди.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
“Ma’rifat” мухбири