Битирувчи бандлигига янгича ёндашув
Аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга муносиб иш ўринлари яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан. Аҳамиятлиси, ўтган йилларда касб-ҳунар коллежларида таҳсил олган кичик мутахассисларни саноат тармоқларига жалб қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланишини қўллаб-қувватлашга эътибор янада ортгани йигит-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.
2016-2017 ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги 160 касб-ҳунар коллежини 53 минг 263 нафар ўқувчи 112 мутахассислик бўйича битирди. Уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан қатор манзилли тадбирлар амалга оширилди.
— Бу йил битирувчиларнинг касб маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилди, — дейди Самарқанд вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи М.Ҳамроев. — Яъни, ҳар бир таълим муассасасига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлиги, иқтисодиёт тармоқлари мутахассислари бириктирилиб, белгиланган вазифаларнинг ижроси мувофиқлаштириб борилди. Битирувчининг ишлаб чиқариш амалиётини ўз мутахассисликлари бўйича тегишли корхона ва ташкилотларда ўташи ташкил этилди. Амалиётчиларга корхона фаолиятидаги иштироки, ўқишда олган билимини амалиётда қўллаш даражаси юзасидан корхона раҳбарининг тавсияномаси берилади. Бу эса, ўз навбатида, иқтидорли ёшларни саралаш, уларнинг амалиёт ўтаган жойида ишда қолишини таъминлаш, малакали кадрларга эҳтиёж катта бўлган саноат тармоқларига жалб қилиш имкониятини яратади.
Ҳозирги кунга келиб ўтган ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларнинг 52 минг 577 нафари, яъни 98,7 фоизи билан вилоятимиздаги 21 минг 600 та корхона-ташкилот раҳбарлари ўртасида ишга жойлашганлик тўғрисидаги тўрт томонлама шартнома имзоланишига эришилди. Бандлиги таъминланганларнинг 12 минг 509 нафари ўз мутахассислиги бўйича ишлаётган бўлса, 1 минг 275 нафар ўқувчи олий таълим муассасасига ўқишга кирди.
— Шу йил Самарқанд енгил саноат ва иқтисодиёт коллежининг бухгалтерия ва аудит йўналишини битирдим, — дейди Ш.Шарипова. — Коллежимизда уч йил давомида олган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш касбим масъулиятини англашимга имкон яратди. Сартепа масканидаги “Умид” хусусий уй-жой мулк¬дорлари ширкатида ишлаб чиқариш амалиётини ўтадим. Бу давр¬да тўловларни қабул қилиш ва йўналтириш, энг асосийси, аҳоли билан ишлаш кўникмасини ҳосил қилдим. Касбимга бўлган меҳрим янада ошди. Ширкат раисининг тавсияномаси асосида “8 март” масъулияти чекланган жамиятининг бухгалтерия бўлимига ишга кирдим.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган битирувчиларга истиқболли бизнес режа тузиш ҳамда имтиёзли кредит олишлари учун зарурий кўмак берилмоқда. Жумладан, 2016-2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларнинг 4 минг 600 нафари тадбиркорлик йўлини танлаган бўлса, бугунга қадар уларнинг 834 нафарига тижорат банкларининг 6 миллиард 900 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги имтиёзли кредити ажратилди. Бу йўналишдаги ишлар тизимли равишда давом этмоқда.
— Оиламизда барча тадбиркорлик билан шуғулланади, — дейди Ш.Юнусова. — Шу боис, мен ҳам болалигимдан тадбиркор бўлишни, ўз бизнес ғоямни ишлаб чиқиб, мустақил иш бошлашни орзу қилардим. Айни мақсадда Самарқанд банк коллежида ўқиб, устозларимдан бухгалтерия ҳисоби ҳамда бизнес юритиш борасида сабоқ олдим, миллий иқтисодиётимизни ўргандим. Тўплаган билимларим истиқболли бизнес режа тузиш ва уни ҳаётга татбиқ этишда кўмак берди. Ўқишни битиришим билан яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб, 40 миллион сўм имтиёзли кредит олдим ҳамда кўмир брикетларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Кўмир савдо файз” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этдим. Натижада уч нафар тенгдошимни ҳам иш билан таъминладим. Келажакда корхонам фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишни мақсад қилганман.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири