Коллеж остонасидан иш жойи тайин
Болалигидан тикувчиликка қизиққан Дилноза 9-синфни тугатгач, Когон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. Таҳсил жараёнида ишлаб чиқариш амалиётини Бухоро шаҳридаги «Buhara brilliant silk» ¡збекистон-Хитой қўшма корхонасида ўтади. Мазкур корхона пиллани қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, жараёнда кўплаб замонавий автоматлашган ускуналардан фойдаланилиши ўқувчи қизни қизиқтириб қўйди. Шу боис ҳам коллежни тамомлагач, ҳеч иккиланмай шу корхонага ишга кирди.
— Айни пайтда пилла йигирувчи бўлиб ишлаяпман. Жараён мураккаб бўлишига қарамай, қизиқарли ҳам, — дейди интилувчан қиз. — Менга ёққан томонларидан бири — ишнинг сифати ва салмоғига қараб ҳақ тўланишидир. Шогирд сифатида фаолият бошлаган кезларимда иш ҳақим 200 минг сўм эди. Ҳозир 500 минг сўм маош оламан. Кунлик қатнов учун хизмат автобуслари ажратилган. Махсус кийим, ётоқхона билан таъминлангани эса ишчилар учун янада қулайлик яратади. Асосийси, ўзимга ёққан иш жо¬йимга эгаман. Бундан ота-онам ҳам хурсанд.
Бу йил Дилноза билан бирга коллежни тамомлаган яна 14 нафар қиз шу корхонага ишга қабул қилинди. Бу каби корхона ва ташкилотлар билан олиб борилаётган самарали ҳамкорлик битирувчиларнинг жамиятда ўз ўринларини топишида муҳим омил бўлмоқда.
— Айни пайтда 656 нафар йигит-қиз таълим муассасамизда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 8 йўналиш бўйича касб-ҳунар ўрганяпти. Уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштириш мақсадида «Buhara brilliant silk» қўшма корхонаси билан бир қаторда тумандаги 179 катта-кичик ташкилот ва фермер хўжаликлари билан тўрт томонлама шартномалар тузилган, — дейди коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари Ҳасан Жўраев. — Бу борада, айниқса, «Когон пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамияти, «Kogon grant stil» хусусий корхонаси, «Шоҳруд дўстлиги», «Гулистон сув йўллари», «Зарафшон», «Султонобод» ва «Гулобод» сув истеъмолчилари уюшмалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тузилган шартномаларга асосан, бу йил коллежни тугатган 262 нафар ўқувчининг 133 нафари ишга жойлашди. Шунингдек, бизнес лойиҳаларига эга битирувчиларимизнинг 6 нафарига тижорат банклари томонидан 37 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилди.
Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган Қоракўл нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида ҳам бу борада самарали фаолият йўлга қўйилган. Бугунги кунда мазкур таълим муассасасида 984 нафар ўғил-қиз нефть ва газ саноатининг 8 йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Келгусида уларнинг ўзлари эгаллаган соҳалар бўйича иш ўринларига эга бўлишини таъминлаш мақсадида 200 дан ортиқ корхона билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Келишувга мувофиқ, биргина «Олот нефть ва газ қидирув экспедицияси» масъулияти чекланган жамияти томонидан коллежнинг ҳар йили ўнлаб битирувчилари ишга қабул қилинади.
— Ушбу корхона билан беш йилдан буён ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган давр мобайнида 60 нафар битирувчимиз ўз иш ўрнига эга бўлди. Нефть ва газ қудуқларини бурғулаш техниги йўналишида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётини ташкил этиш, ўқув жараёнининг амалий машғулотлар билан уйғунлигини таъминлашда ҳам бу ташкилот асосий ҳамкор ва ҳомий сифатида яқиндан ёрдам бермоқда. Корхона томонидан 8 нафар тажрибали уста бириктирилган бўлиб, улар ҳафтада бир марта коллежда амалий машғулот ўтказади. Биргаликда экскурсиялар уюштирилади. Барча зарурий кўргазма воситаларига эга ўқув хонаси ҳам айнан шу ташкилот ҳомийлигида тўла жиҳозланди, — дейди коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари Озод Холлиев. — Жорий йилда коллежимизни тугатган 318 нафар ўқувчининг 200 нафари ўз иш ўрнига эга, қолгани ишга жойлашиш арафасида. Битирувчиларимизнинг 8 нафарига тижорат банклари томонидан 125 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилгани уларнинг мустақил иш бошлаб, ўз йўналишида самарали фаолият юритиши, иш ўринларини кўпайтириб, саноатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, туманимизда йирик лойиҳали «Қандим» нефтни қайта ишлаш заводининг бунёд этилаётгани коллежимиз ўқувчилари учун ҳам муҳим воқеа бўлди. 2018 йили ишга туширилиши режалаштирилган мазкур корхона билан ҳозирданоқ ҳамкорлик шартномаларини тузишга киришганмиз.
Айни пайтда Бухоро вилоятида 80 касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатяпти. Ўтган ўқув йилида уларни тамомлаган 26166 нафар ўқувчининг бандлигини таъминлаш, муқим иш ўрнига эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилаётир. Бу хусусида вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Яшин Раҳматов шундай дейди:
— Касб-ҳунар коллежларини битириб, катта ҳаётга кириб келаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган вазифалардан саналади. Вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан касб-ҳунар коллежларига амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг фаолиятини яхшилаш, битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Таълим муассасаларига буюртмаларни шакллантириш, ўқувчиларнинг амалиётини ташкил этиш ва битирувчиларни барқарор иш билан таъминлаш мақсадида мутахассисликлар бўйича 37 ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, уларга 147 корхона ва ташкилотдан 3327 нафар ходим масъул этиб тайинланган.
Ўқув йили аввалида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, битирувчиларнинг 3718 нафари олий таълим муассасаларида ўқиш, 1664 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган бўлса, қолган 20784 нафари ишга жойлашиш ниятида эканини маълум қилган. Шунга асосан, 3-курс ўқувчиларининг барчаси билан амалиётни ўташ ва кейинчалик ишга жойлаштириш бўйича 14,5 мингдан ортиқ турли соҳа ва тармоқлардаги корхона, ташкилот ҳамда муассасалар ўртасида тўрт томонлама шартномалар имзоланди. Унга мувофиқ битирувчилар ишлаб чиқариш муассасаларида дипломолди амалиётини ўтади. Жараёнда улар устоз-шогирдлик анъаналари асосида соҳа мутахассисларига бириктирилиб, замон талаблари даражасидаги амалиёт хоналари, махсус кийим-кечак ҳамда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида маош билан ҳам таъминланди.
Бугунги кунга қадар 17 минг 587 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 15 минг 968 нафари тўрт томонлама шартнома асосида ишга жойлашган бўлса, 1 минг 619 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Қолган 8579 нафари эса ишга жойлашиш арафасида.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 10—11 март кунлари Бухорога ташрифидан сўнг «Ўзбекенгилсаноат» АЖ ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 2017—2019 йилларда ҳудудда замонавий енгил саноат корхоналарини ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш дастури асосида ишлаб чиқариш муассасаларига талаб этиладиган мутахассисликларни тайёрлаш ва лойиҳаларни касб-ҳунар коллежларига бириктириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Уларга асосан, ўтган ўқув йилида вилоятдаги 57 касб-ҳунар коллежида енгил саноат йўналишида таҳсил олаётган 3183 нафар 3-курс ўқувчилари 28 ишлаб чиқариш корхонасига бириктирилган эди. Ҳамкорлик натижаси ўлароқ, айни кунга қадар битирувчиларнинг 1547 нафари янги лойиҳалар асосида ишга туширилган енгил саноат корхоналарига ишга жойлаштирилди.
Вилоят «Тадбиркор аёл» уюшмаси билан ҳамкорликда тикув цехлари мавжуд бўлган 31 дан ортиқ касб-ҳунар коллежида қисқа муддатли курс¬ларни ташкил этиш орқали ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилмоқда.
Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда жойларда ташкил этилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари ва кўргазмалар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бир қатор тегишли ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда ўтказиладиган бундай тадбирлар жараёнида кўплаб ёшлар ўз иш ўринларига эга бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 45 та ана шундай махсус ярмаркалар ташкил этилди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган «Таълим ва мутахассислик» кўргазмаси ҳам кўплаб битирувчиларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида ёрдам бермоқда. Шу йилнинг апрелида Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган навбатдаги кўргазмада Бухоро давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро муҳандислик-технология институти, Тошкент ирригация ва мелиорация инс¬титути Бухоро филиали, Тошкент стоматология институти Бухоро филиали вакиллари, турли вазирлик ва муассасаларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банклари, иш берувчи корхона ва ташкилотлар ходимлар, ота-оналар ҳамда ўқувчилар иштирок этди. Юқори савияда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги олий таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўзларида мавжуд мутахассисликлар ва ўқитиш жараёни акс этган турли кўргазмалар, видеороликлар, баннерлар ҳамда тарқатма материалларни йиғилганлар эътиборига ҳавола қилди. 158 иш берувчи корхона ва ташкилот томонидан 1300 бўш иш ўрни тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Айни шу жараёнда 221 нафар 3-курс ўқувчиларига ишга жойлашиши учун йўлланмалар расмийлаштириб берилди. Бундан ташқари, йил давомида 59 марта меҳнат бозори ярмаркалари уюштирилди. 10805 бўш иш ўрнига эга 1315 корхона ва ташкилот иштирокидаги мазкур тадбирларга 2536 нафар ёш жалб қилиниб, 831 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Бу йил вилоят тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежи битирувчиларига 27 миллиард 207 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган. Тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагини билдирган битирувчиларга иш юритишни ташкил этиш, бизнес режалар тузиш, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишга кўмаклашишда қатор масъул идоралар билан ҳамкорликда имзоланган чора-тадбирлар комплексига асосан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Марказий банкнинг вилоят бошқаруви билан ҳамкорликда барча касб-ҳунар коллежларида бизнесни ташкил этиш ва тижорат банкларидан кредит маблағларини олиш тартиблари жамланган «Ёш тадбиркорлар бурчаги» ташкил этилган.
«Start-up» лойиҳалари ҳафталигининг жорий этилгани ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшлар учун ўзига хос маҳорат майдони бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳафталикда юзлаб битирувчилар ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди. Тадбирнинг вилоят босқичида Жондор иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Лутфия Жумаева 3-ўринни қўлга киритиб, «Микрокредитбанк» вилоят филиалининг имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатига эга бўлди. Бизнес лойиҳалари юқори баҳоланган яна 10 нафар битирувчига вилоят тижорат банк¬ларининг худди шундай сертификатлари тақдим этилди. Лойиҳада фаол қатнашган 30 нафар битирувчига эса махсус ёрлиқлар топширилди.
Айни пайтга қадар тадбиркорлик қилиш истагини билдирган битирувчиларнинг 321 нафари 2 миллиард 608 миллион сўмлик имтиёзли кредитларга эга бўлиб, ўз бизнес режаси асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.
Ирода ОРИПОВА,
«Ma’rifat» мухбири