Касб-ҳунар таълими: истиқболли одимлар
Бугун мамлакатимизда соҳа ва тармоқларни жадал ривожлантириш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш баробарида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, мавжудларини техник ва технологик модернизациялаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Табиийки, бундай шароитда корхоналарнинг узлуксиз ва сифатли ишлаши, ўз йўналиши бўйича рақобатбардошлигини мустаҳкамлашда ишчи-хизматчиларнинг билим, кўникма ва малакаси муҳим аҳамиятга эга. Бундан йигирма йил олдин мутлақо янгилик сифатида ташкил этилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими соҳа ва тармоқлар учун ана шундай кичик мутахассисларни тайёрлаши кўзда тутилган эди.
Бироқ меҳнат бозори эҳтиёжи ва талабларининг тез ўзгарувчанлиги, шунингдек, ўтган давр мобайнида бу тизим мавжуд бозор қонуниятларига мослаштириб борилмагани, мамлакат, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳолати, истиқболи эътиборга олинмай мутахассис тайёрлангани оқибатида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими тубдан ислоҳ қилишга муҳтож бўлиб қолди. Президентимизнинг шу йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этишнинг ҳуқуқий асоси бўлди.
Дарҳақиқат, сўнгги тўрт-беш йилда касб-ҳунар коллежларидаги давомат масаласи оғриқли нуқталардан бирига айланди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими 12 йиллик мажбурий таълимнинг ажралмас қисми бўлгани учун баъзи ўқувчиларнинг ният-мақсадлари тўла ўрганилмай, ҳудудлардаги академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилинди. Ўз-ўзидан маълумки, ўрганаётган касбига қизиқиши бўлмаган ўсмир дарсга тўлиқ қатнамайди. Бундан ташқари, ҳудудларда касб-ҳунар коллежларини ташкил этишга тизимли ёндашилмагани боис, йўл транспорти муаммолари юзага қалқиб чиқди. Бу муаммога дуч келган айрим ота-оналарнинг фарзандини, айниқса, 15-16 ёшли ўсмир қизларини қишлоғидан узоқда жойлашган касб-ҳунар коллежига юборишни истамагани ҳам ҳақиқат. Эндиликда бу каби муаммоларга бар¬ҳам бериляпти.
— 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши жамоатчилик, ота-оналар ва 9-синф битирувчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланди, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори Муродулло Холмуҳаммедов. — Президентимизнинг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилганидек, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз ва бепул 11 йиллик таълим негизида амалга оширилади. Ўқувчилар 10—11-синфларда мактаб ва касб-ҳунар коллежларида ташкил этилаётган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида чуқур малака талаб қилмайдиган каштачи, сувоқчи, сартарош, боғбон ва асаларичи каби 50 дан зиёд касбларнинг бирини ўрганади. Шу билан бирга уларга давлат намунасидаги диплом ҳам берилади.
Дипломни қўлга киритган битирувчилар мактабни тугатгач, эгаллаган касби бўйича корхона ёки ташкилотга ишга кириши ёки тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин. Ёшлар 11-синфни битиргандан кейин, агар олий маълумот олишга имкони ёки билими етмаса, ёхуд ишга таклиф қилувчи корхона-ташкилотнинг малака талабларига жавоб бермаса, касб-ҳунар коллежида ихтиёрийлик асосида ўқиши мумкин.
Таълим муассасасида танланган мутахассисликнинг мураккаблигига қараб тингловчиларга 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатда касб-ҳунар ўргатилади. Эътиборлиси, олдин касб-ҳунар таълими муассасасига мактабнинг 9-синфини битирган ўқувчи қабул қилинган бўлса, 2019-2020 ўқув йилидан нафақат 11-синф битирувчилари, балки “ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили бўйича катта ёшлилар, ҳарбий хизматдан қайтганлар ва бошқа тоифадаги ишсизлар ҳам ўқиши мумкин. Шу билан бирга касб-ҳунар таълими тизимида кундузги, кечки, масофавий ва уйғунлаштирилган таълим шакллари йўлга қўйилади.
Айрим интернет нашрлари қарор моҳиятини нотўғри талқин этиб, “Касб-ҳунар ўрганиш пуллик бўларкан” қабилидаги ахборотларни тарқатмоқда. Аслида, 10-11-синфларда узлуксиз таълим давомида ўргатиладиган 50 дан зиёд касбларга тайёрлаш тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
11 йиллик мажбурий таълимдан кейинги юқори технологик тайёргарлик талаб қиладиган 6 ойдан 1 йилгача бўлган касбий таълим дастурлари бўйича касб-ҳунар ўргатиш буюртмачи — иш берувчи корхоналар, идора ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Буюртмачиси бўлмаган шахслар ўзларининг шахсий жамғармалари ҳисобидан тўловни амалга ошириши мумкин.
Тиббиёт, педагогика каби инсон ҳаёти ва таълим-тарбияси учун алоҳида масъулият талаб этадиган мутахассисликни ўқитиш олий таълимга муқобиллик асосида давлат гранти ва тўлов шартнома асосида амалга оширилади.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида кам таъминланган оилалар фарзандлари кўп тармоқли касб-ҳунар коллежларида, уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, бепул ўқитилиши белгиланган. Касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни эгаллаган касби бўйича ҳудудларда камида уч йил ишлаб бериши учун ишга юбориш тартиби ўрнатилади. Иқтисодий жиҳатдан барқарор вазирлик, идора ва корпорациялар, йирик иш берувчилар ўз акциядорлари, ички имкониятлари доирасида ўқувчиларга қўшимча стипендиялар ажратиши мумкин.
Касб-ҳунар таълимининг амалдаги ҳолатида касбларнинг мураккаблик даражаси инобатга олинмай, барча мутахассисликлар бўйича ўқувчилар ёппасига уч йил ўқитилди. Мутахассисларнинг танқидий-таҳлилий ўрганишлари натижасида касблар бўйича тузилган ўқув-меъёрий ҳужжатлар, тармоқ таълим стандартлари ва дастурлари амалда билим, кўникма ва малаканинг сусайишига, айрим йўналишлардаги коллеж битирувчиларининг меҳнат бозори талабларига жавоб бермаслигига олиб келгани маълум бўлди. Касбий бирлашмаларнинг касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларини модернизация қилиш ва такомиллаштиришда фаол қатнашмагани таълимнинг реал иқтисодиёт талаблари динамикасидан ортда қолишига олиб келди. Иш берувчиларнинг таъкидлашича, битирувчиларнинг амалий билим ва кўникмалари иш бошлаш учун етарли бўлмаган. Эндиликда касб-ҳунар коллежларининг вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тасарруфига берилиши малакали кичик мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
— Касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида Касб-ҳунар таълими маркази ҳузурида Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ташкил этиляпти, — дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати раҳбари Шарифжон Эргашев. — Келгусида ҳар бир таълим йўналиши бўйича ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш институт олдига қўйиладиган вазифалардан бўлади. Йирик иш берувчилар билан ҳамкорликда барча тайёрлов йўналишлари бўйича “квалификация рамкалари” (меҳнат бозорида тан олинадиган тизимлаштирилган малака даражалари) ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилмоқда. Хал¬қаро тажриба асосида тегишли вазирлик ва иш берувчилар талаби асосида профессионал стан¬дарт¬лар (муайян касбий фаолият соҳасида малака ва компетентлилик даражасига, меҳнатнинг мазмуни, сифати ва шароитларига қўйилган талабларни белгиловчи стандарт), малака талаблари ва модулли ўқув режаларининг янги авлоди ишлаб чиқилади. Соҳаларнинг ривожланиши, жорий қилинган замонавий техника ва инновацион технологиялар талаби, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 6 ойдан 2 йилгача бўлган касб-ҳунар таълимини ўз ичига олган табақалаштирилган ўқув дастурлари яратилади.
Касб-ҳунар таълими тизимига мультимедиали ресурслар, анимациялар, инфографикалар, очиқ таълим ресурслари, замонавий кўргазмали воситалар ҳамда электрон ахборот-таълим ресурсларини жорий этишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилади.
Тизимдаги муаммолардан яна бири — касб-ҳунар коллежлари ўқув устахоналарининг талабга жавоб бермаслиги, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан етарлича таъминланмаганидир. Айни пайтда касб-ҳунар коллежларини моддий-техник жиҳозлашнинг ўртача ҳолати 56 фоиз бўлиб, 31 та касб-ҳунар коллежида ўқув устахонаси умуман мавжуд эмас.
Келгусида бу бўйича ҳам тизимли ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Илгари коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш ўқитувчилар ва иш берувчиларга муайян қийинчиликларни туғдирган бўлса, эндиликда корхона ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган реал эҳтиёжи асосида қабул квотаси шакллантирилиб, ёшларнинг бандлиги манзилли таъминланади. Касб-ҳунар коллежларини сақлаш, харажатларини молиялаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш улар бириктирилган буюртмачилар — вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар зиммасига юклатилди.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири