Малакали мутахассисга ҳамиша иш бор
Ўзбекистон Миллий университетида битирувчиларни ишлаб чиқариш тармоқларига тақсимлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёш мутахассис — 2018” меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Тадбирда тегишли вазирлик, ташкилот, корхоналар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари битирувчиларни ўз фаолияти билан таништирди, бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот берди.
— Меҳнат ярмаркасида 100 га яқин иш берувчи ташкилот қатнашди, — дейди университет маркетинг бўлими мутахассиси Зуҳриддин Маликов. — Қирққа яқин таълим йўналиши, 60 дан зиёд магистратура мутахассисликларини тамомлаётган, ўз йўналиши бўйича назарий ва амалий билимларни мукаммал эгаллаган, иш фаолиятини замонавий иқтисодиёт талабларига мос равишда ташкил эта оладиган ёш мутахассислар ўзларига мос иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот олишди. Жорий йил университетимизнинг бакалавриат босқичини 1541, магистратурани 304 нафар талаба битиради. Ярмаркада 800 нафар талаба уч томонлама шартнома расмийлаштирди.
Меҳнат бозорида рақобат бўлишига қарамай, малакали мутахассисга ҳамиша эҳтиёж мавжуд. Иш берувчиларни кадрларнинг билим ва малакаси, ахборот технологияларидан фойдалана олиши, хорижий тилни билиш даражаси қизиқтирмоқда.
— Темурийлар тарихи давлат музейига реставратор, кичик илмий ходим, экскурсовод, дастурчи, рассом-дизайнер сингари ходимлар керак, — дейди музей ходими Абдулҳамид Муталиев. — Асосан, тарих, археология, манбашунослик йўналиши битирувчиларига эҳтиёжимиз бор. Рус ва француз тилларини биладиган экскурсоводга ҳам талаб юқори. Музейда фаолият юритишга хоҳиш билдирган ёшлар билан суҳбатлашдик.
Таълим муассасаларида мусиқа, тасвирий санъат, чет тиллар, технология, жисмоний тарбия йўналишлари ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқорилиги кўринди. Бу битирувчи ёшлар учун катта имкониятдир.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири