Академик ёшларга намуна бўляпти
Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицейда академик Абдулаҳад Жалилов билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар академикдан кимё ва биология фанлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
— Мақсадга эришиш учун ўқиб-ўрганиш, меҳнат қилиш керак, — дейди академик ўқувчилар саволларига жавоб берар экан. — 17 ёшимда Москвадаги Менделеев номидаги университетга ўқишга кириш учун ҳужжат топширганман. Имтиҳон олдидан жуда ҳаяжонланганман. Лекин ўзимни қўлга олиб, берилган саволларга жавоб бериб, талаба бўлиш бахтига эришганман. Вақт ўтган сари кимё фани ҳаётим мазмунига айланди. Устозларим ёрдами, ўзлаштирган кўникмаларим асосида ўзига нам тортувчи, юқори бўкувчанлик хусусиятига эга гидрогел моддасини такомиллаштириш борасида илмий иш олиб бордим.
Юртимизда Абдулаҳад Жалилов каби олимларнинг саъй-ҳаракати билан кимё фанига қизиқиш ошиб боряпти. Бунга сўнгги йилларда кимё фани бўйича ёшларимиз эришган ютуқлар ёрқин мисолдир. Жумладан, ушбу академик лицей ўқувчилари сўнгги 10 йил ичида халқаро фан олимпиадаси ва бошқа нуфузли беллашувларда жами 37 (5 олтин, 10 кумуш, 22 бронза) медални қўлга киритди.
— Кимё фанига болалигимдан қизиқаман. Шу боис фаннинг сир-асрорларини пухта ўрганиш мақсадида мазкур таълим муассасасида ўқишни давом эттирдим, — дейди лицей ўқувчиси Дилнора Юсуфалиева. — Устозларимдан миннатдорман. Улар кимё бўйича билимимни бойитди. 2015 йили Боку шаҳрида кимё фани бўйича ўтказилган 47-жаҳон олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлдим. Академик билан учрашув тенгдошларим каби менда ҳам катта таассурот қолдирди.
Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА,
ЎзДЖТУ талабаси