Ютуқлар — интилишлар меваси
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети 2-курс талабаси Шаҳодат Жуллибоеванинг орзуларидан бири ушалди. У Президентимиз қарори билан бир гуруҳ иқтидорли қизларимиз қатори юксак эътироф — Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилди.
Бу хушхабар нафақат Шаҳодатнинг оиласи ёки таҳсил олаётган олий ўқув юрти жамоаси, балки бутун қорақалпоқ диёрига ўзгача қувонч ва баҳорий шодлик нафасини олиб кирди. Энди 20 баҳорни қаршилаган Шаҳодат Жуллибоева дастлаб Тахиатош туманидаги 9-мактабда ўқиди. У оилада икки ака ва икки опанинг синглиси, икки уканинг опасидир. Спортга эрта меҳр қўйган Шаҳодат 7-синфдан Нукус олимпия захиралари коллежида устозларидан сабоқ олди. Ҳозир эркин кураш билан шуғулланади.
Унинг машғулотга жиддий ёндашиши, уринишлари самара берди. Бугун у эркин кураш бўйича миллий терма жамоа аъзоси, спорт устаси. 2014 йили 1998—2000 йилларда туғилган қизлар ўртасида ўтган Ўзбекистон чемпионатида -56 кг вазн тоифасида ғолиб бўлди. Шу йили Таиландда кечган Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритган бўлса, Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтган II ёзги олимпия ўйинларида кучли тўртликка кирди. 2015 йили Босния ва Герцеговинада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бронза, Ҳиндистонда ўтказилган халқаро турнирда кумуш медаль соҳибаси бўлди. 2016 йили Филиппинда ўсмирлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида қатнашди, шу йили яна Ўзбекистон чемпиони бўлди. Ўша йили Ўзбекис¬тон Спорт курашлари ассоциацияси уни ёшлар ўртасида аёллар кураши бўйича «Энг яхши спортчи» номинацияси билан тақдирлади.
— Ким астойдил интилса, орзуларига албатта эришаркан, — дейди ҳаяжонини яширмай Шаҳодат. — Жисмоний маданият инсоннинг маънавий дунёсини ҳам тарбиялайди. Масъулият, ишонч, ирода каби жиҳатлари шаклланади. Бунга ўзимнинг спортдаги камтарона ютуқларим мисолида гувоҳ бўляпман. Айниқса, жаҳон ареналарида Ватанимиз байроғи ҳилпираб, мадҳиямиз жаранглаганда тоғдек юксалиб кетаман. Машаққату меҳнат қийинчиликларини унутиб, янги марралар сари интиламан.
Шунингдек, Шаҳодат институт тадбирлари, маҳалла-кўй ишларида ҳам фаол. У ўз ташаббуслари билан тенгдошларига намуна бўлмоқда.
Шоҳрух ИБОДУЛЛАЕВ