Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги якунланди
Пойтахтимизда “Infolib – 2017” VI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда бугунги кунда 12 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасаси бўлиб, уларда 29 мингга яқин ходим фаолият кўрсатмоқда.
Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиб бораётгани кутубхоналар фаолиятини бугунги кун талабларига мос равишда такомиллаштиришни талаб этмоқда. Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали олиб бориш, барча турдаги ахборот-кутубхона ресурсларининг ягона базасини шакллантириш, мумтоз жаҳон ва ўзбек адабиёти асарлари, қадимий қўлёзмаларнинг рақамли нусхаларини яратиш, ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари ва ўқув муассасалари кутубхоналарининг моддий-техник базаларини янада мустаҳкамлаш, фойдаланувчиларга масофадан туриб хизмат кўрсатишни такомиллаштириш соҳа олдида турган долзарб вазифалардир.
Президентимизнинг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги, 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорлари доирасида ташкил этилган “Infolib – 2017” VI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигида "Очиқ эшиклар", "Мутахассис", "Ижод ва танловлар", "Билимлар ва хорижий тиллар" каби тадбирлар, учрашувлар, анжуманлар ўтказилди. Ўқув-семинарларда соҳа мутахассисларига ахборот-кутубхона ресурсларини каталоглаштириш, қўлёзмалар ва нодир нашрлар билан ишлаш, фойдаланувчиларга виртуал хизмат кўрсатиш, илмий-таълимий маълумотлар базасидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмалар берилди.
Ҳафталик доирасида "Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси – 2017" танловининг мамлакат босқичи ўтказилиб, соҳанинг илғор вакиллари иш тажрибалари оммалаштирилди.
Ҳафталик “Маданий ранг-баранглик” куни билан якунланди. Тадбир доирасида халқ чолғу асбобларини ясаш, япон анъанавий санъати бўйича маҳорат дарслари, «Шекспир фестивали» театрлаштирилган кўргазмаси, Республика эстрада-цирк коллежи ўқувчилари иштирокида концерт намойиш этилди. “Infolib – 2017” якунлари сарҳисоб қилиниб, энг фаол иштирокчилар тақдирланди.
Малоҳат ҲУСАНОВА,
ЎзА мухбири