Боёвутда бир ҳафта давом этган тарғибот лойиҳаси ниҳоясига етди
Боёвут туманида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Обод кўнгил” тарғибот лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
“Ёшлар – Ўзбекистон келажаги!” шиори остида ташкил этилган тадбирда таниқли маданият ва санъат арбоблари, шоир-ёзувчилар, турли идоралар раҳбар ва мутасаддилари гуруҳларга бўлинган ҳолда тумандаги мавжуд 20 минг 296 хонадоннинг 13 минг 17 тасида бўлиб очиқ мулоқотлар ўтказди, 63 ижтимоий соҳа объектининг ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида турли йўналишларда 3 минг 601 муаммо аниқланиб, 1 минг 569 таси жойида бартараф этилди. Жойида ҳал этилишининг иложи бўлмаган муаммолар юзасидан “Йўл хариталари” шакллантирилиб, мутасадди идораларга бу камчиликларни бартараф этиш юзасидан керакли топшириқлар берилди.
Ўрганишлар жараёнида аҳолининг китобхонлиги ва сиёсий жараёнлардан хабардорлигини ошириш мақсадида республика тарғибот гуруҳлари томонидан 7 минг 800 дан зиёд бадиий адабиёт, 4 минг 500 марказий газета ва журналлар бепул тарқатилди.
Ёшлар иттифоқи томонидан тумандаги барча маҳаллада “Work out” спорт майдончасини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди ва биринчи спорт майдончаси қисқа фурсатда қурилиб, боёвутлик ёшларга совға қилинади.
Ўтказилган тадбирлар давомида республика ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда ҳомийлар ташаббуси билан 10 китоб дўкони, 10 газета ва журнал тарқатишга мўлжалланган шохобча ташкил этилиши ҳамда 7 касб-ҳунар коллежида кинотеатрлар барпо этиш ишлари бошлаб юборилгани туман аҳлини беҳад қувонтирди.
Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида электрон ва аудио ёзувли китоблар, ногиронлик аравачалари, турли спорт анжомлари, телевизорлар, DVD плеерлар, мобиль телефонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари тарқатилди.
Виртуал олам орқали ахборот алмашишни йўлга қўйиш мақсадида “Тelegram” ижтимоий тармоғида “Тезкор педагогик хизмат” канали очилиб, бу орқали ёшлар тарбияси билан шуғулланишда муаммоларга дуч келган ота-оналар, педагог ходимларга тавсиялар, маслаҳатлар бериб бориш, ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилди.
Тумандаги 121 нафар мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, услубчилари жалб этилган ҳолда ўқув-семинар, ўқувчилар ўртасида ташкил этилган “Ёш математиклар” олимпиадаси педагоглар ва ота-оналарнинг диққат марказида бўлди.
Тарғибот тадбирлари доирасида тумандаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли маънавиятини юксалтириш, тарбиявий ишларни жадаллаштириш, соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида турли номинациялар бўйича танловлар ташкил этилди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир доирасида ташкил этилган ёшлар сайлида 11 бекат ташкил этилди. Ҳар бир бекат туман аҳолиси, айниқса, ёшлар учун зарур бўлган йўналишларни қамраб олди. Масалан, “Тадбиркорлик ва фермерлик бекати”да тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, инновацион ишланмалар, тижорат банклари, давлат хизматлари маркази, бўш иш ўринлари ярмаркаси, фермерлик ва тадбиркорлик сирлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. “Спорт бекати”да миллий кураш, армрестлинг, турникда тортилиш мусобақалари, “Гулчилик бекати”да тувакда ва ерда ўстириладиган гуллар кўргазмаси, гул экиш ва парваришлаш бўйича мутахассис маслаҳати, “Санъат ва маданият бекати”да жонли ижрода қўшиқ куйлаш, мушоира, расмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Сайл давомида шоир-ёзувчилар томонидан 27 нафар ижодкор ёшларнинг ижод намуналари туман, вилоят ва республика матбуот нашрларида чоп этилиши белгиланиб, 4 нафар иқтидорли ёшларнинг китоб тўпламлари нашр этилиши режалаштирилди.
Санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ходимлари иштирокида ташкил этилган гала-концерт барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбири