Фан олимпиадасининг якуний босқичи
Юртимиздаги олий таълим муассасаларида талабалар ўртасидан фан олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда иқтидорли йигит-қизлар 77 (39 мутахассислик, 38 умумкасбий) фан бўйича ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказмоқда.
— Фан олимпиадаси топшириқлари ўз йўналишига кўра, ёзма, оғзаки, ижодий иш, тест синови, шунингдек, матн таржимаси ва қўшимча саволларни ўз ичига олди, — дейди Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази лаборатория мудири, ташкилий қўмита масъул котиби Неъматжон Муқимов. — Барча савол ва топшириқлар ДТС ва ўқув дастурларига мувофиқ бўлиб, фанга киритилган энг сўнгги янгиликлар асосида тузилган ва халқаро олимпиада талабига тўла мос келади. Муҳими, улар мазмун ва мантиқ жиҳатидан иштирокчининг салоҳиятини аниқлашга қаратилган. Масалан, ижодий ишларда фанга тегишли муаммолар қамраб олинган бўлса, оғзаки саволлар талабанинг мантиқий фикрлашига йўналтирилган. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг муаммо, масала ёки тенгламага янгича услубда, тўғри ёндашгани, ишни хато ва нуқсонларсиз бажаргани, фикрларнинг тизимли, мушоҳадали баён этилгани каби қатор баҳолаш мезонларига алоҳида эътибор қаратди.
ЎзМУда математика фани бўйича ўтаётган олимпиада жараёнини кузатиб, топшириқларни бажариб чиққан иштирокчилардан бирини суҳбатга чорладик.
— Бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, математика аниқликни талаб этади, — дейди Самарқанд давлат университети 3-босқич талабаси ўайрат Тошпўлатов. — Олимпиаданинг ҳар бир тури холис, ҳаққоний ва адолатли ўтмоқда. Ўтган ўқув йилида ушбу беллашувнинг якуний босқичида 2-ўринни олгандим. Бу гал ғолиб бўлиш истагидаман. Бунинг учун СамДУ доценти Акбар Неъматов раҳбарлигида астойдил тайёргарлик кўрдим. Устозларим ишончини нечоғлик оқлаганимни якуний натижалар кўрсатади.
— Математик билимни қисқа вақт ичида самарали қўллаш алоҳида маҳорат талаб этади, — дейди Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Шоҳрух Ўрозматов. — 2015-2016 ўқув йилида ўқувчилар ўртасида математика фани бўйича ўтказилган халқаро олимпиадада қатнашиб, тажриба орттирганим боис, ҳаяжонни енгиш қийин бўлмади. Ўзаро суҳбатларда рақибларим — ғолибликка даъвогар тенгдошларимнинг билими бир-бириникидан қолишмаслигига амин бўлдим. Келажакда устозларим ва ота-онам изидан бориб, моҳир педагог, математик олим бўлишни ният қилганман.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11—19 май кунлари ўтказилиши белгиланган ушбу фан олимпиадасининг дастлабки 9 фан бўйича синовлари ўз ниҳоясига етди. Унга кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида маркетинг фани бўйича ўтказилган олимпиадада шу университет талабаси Абзалжон Собитов биринчи, Феруза Бекмуродова (БухМТИ) иккинчи ва Ирода Искандарова (ЎзМУ) учинчи ўринни эгаллади. ТДПУ мезбонлик қилган техник-механика фани баҳсида Севара Эшпўлатова (ТДПУ), Шаҳодат Каримжонова (Қўқон ДПИ) ва Айтгул Бекпўлатова (Нукус ДПИ) кучли учликдан ўрин олди.
Тошкент молия институти талабалари Дониёр Хайруллаев, Файзуллоҳ Сатторий бухгалтерия ҳисоби ва аудит ҳамда молия ва кредит фанларидан 1-ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, ҳуқуқшунослик, информатика ва ахборот технологиялари, жарроҳлик, фармакология, гидрология-гидрометрия, қишлоқ хўжалиги гидротехника мелиорацияси, электр техниканинг назарий асослари, материаллар қаршилиги фанлари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ