Ёшлар қалби — нафис гавҳар
Глобаллашув даврига хос “кўнгил очиш индустрияси” — омма истеъмолига мўлжалланган маданият миллий маданият кушандаси ҳисобланиб, одамзоднинг фикрлашига қаршилик кўрсатган ҳолда ёт мафкурани онг остига сингдириш орқали намоён бўлади. Дунёда кенг ёйилаётган ана шундай мафкуралардан бири “евроцентризм”дир. Унда асосан, ғарбдан нусха олиш, унга тақлид қилиш тараққиётнинг бош омили эканлиги уқтирилади. “Евроцентризм” мафкурачилари “Ғарб изидан бор — бу энг яхши дунёлардан биридир”, деган чорлов билан ёшларни тўғри йўлдан адаштираётгани сир эмас.
Тўғри, компьютер клублари фаолияти, телевидениедаги миллий менталитетимизга ёт телесериалларни маълум маънода чеклаш ҳамда 18 ёшга тўлмаган ўсмирларни кўнгилочар масканларга ёлғиз киритмаслик учун чора-тадбирлар белгиланган. Бу тартиб-қоидалар “оммавий маданият” тарғиботчиларининг ғаразли мақсадларига қарши ҳимоя воситаси вазифасини ўташи мумкин. Бироқ бу хотиржамликка берилиш учун асос бўлолмайди.
Ёшлар қалби нафис гавҳарга ўхшайди. Гавҳар жуда нозик, озгина қалтис ҳаракат уни синдириши мумкин. Ота-она ва ўқитувчи ўзаро ҳамкорликда бола қалбига яхшилик уруғини сепса, иллатларга жой қолмайди.
— Ёшларни интернет тармоғидаги бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, уларда медиамаданиятни шакллантириш долзарб масаладир, — дейди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Сардор Марипов. — Интернетдан фойдаланувчилар аудиториясининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этади. Интернетдан маърифий мақсадларда фойдаланишни қораламоқчи эмасмиз. Бироқ ундан тўғри ва ўринли фойдаланмаётган ёшлар, назаримизда кўпроқ. Ахборот олиш, уни таҳлил этиш маданиятини юксалтириш учун партиямиз “Ёшлар қаноти” томонидан “Хавфсиз интернет” лойиҳаси амалиётга татбиқ этилмоқда. “Оммавий маданият” ниқоби остидаги иллатларнинг олдини олиш, йигит-қизларда интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришда бу лойиҳа самара беради, деб ўйлаймиз.
Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчиси