Катта журналистикага кичик қадам
"Пойтахт" бизнес марказида "Журналист ихтисослашувининг публицистик асарлар сифатига таъсири" мавзусида давра суҳбати ҳамда ЎзМУ ва ЎзДЖТУ журналистика факультетлари талабалари учун ташкил этилган "Журналист ихтисослашуви" маҳорат дарсларида фаол иштирок этган тингловчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, марказий нашрлар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари, устоз журналистлар ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар дунё ахборот маконида фикрлар хилма-хиллиги юзага чиқиб, турли ахборий таҳдидлар кучаяётган бир даврда таҳририятлар қошида маҳорат машғулотларининг ташкил этилаётгани бўлғуси журналистларнинг касбий кўникмаларини шакллантириб, назария ва амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлашга, устоз-шогирдлик анъаналарининг давомийлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Айтиш жоизки, таҳририятлар қошидаги маҳорат мактаблари бўлажак журналистларнинг ўз йўли ва услубини топишида муҳим аҳамият касб этяпти. Бу дарслар давомида талабалар имкониятларини янада яхшироқ кашф этади. Соҳа вакили эгаллаши зарур бўлган билим ва кўникмалар хусусида бошланғич маълумотларга эга бўлади. Жумладан, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, "Бошланғич таълим" журнали билан ҳамкорликда “Ma’rifat”—“Учитель Узбекистана” газеталари қошида ташкил этилган “Журналист ихтисослашуви” маҳорат дарсларида талабалар устоз журналистлардан ихтисослашув сабоғини олишди. Уч ой давом этган маш¬ғулотларда тингловчилар таҳрир санъати, муаллифлар билан ишлаш, мавзу танлаш, таълим тизимига ихтисослашиш, болалар публицистикаси мавзуларида муайян билим ва тушунчага эга бўлди. Дарслар журналистларнинг тажрибалари, ижодий материаллари билан танишишдан бошланди. Бир неча машғулотдан сўнг тингловчилар олий таълим муассасасида олган назарий билимларини амалиётда қўллаб, маънавий-маърифий, таълимий ва адабий-бадиий мавзуларда мақолалар ёзишди. Сара материаллар “Ma’rifat”да чоп этилди.
— Маҳорат дарсларини ташкил этишдан кўзланган мақсад талаба-журналистларни ижодий муҳит ва жараён билан яқиндан таништириш, уларни соҳага олиб кириш, талабаларга ўз йўналишларини танлашда ёрдамлашишдан иборат, — дейди "Бошланғич таълим" журнали бош муҳаррири Ҳалим Саидов.
"Маҳорат мактаби" таълим-тарбия йўналишидаги газета-журналлар учун ихтисослашган кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Собиқ тингловчиларнинг аксарияти марказий нашрларда ишлаяпти. Жумладан, бу йил ҳам машғулотларда фаол қатнашган, долзарб мавзудаги мақолалари чоп этилган 4 нафар тингловчи "Ma’rifat" газетасига ишга қабул қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан "Маҳорат мактаби"га 10 дона замонавий ноутбук совға қилинди. Фонд директори Саид Абдулазиз Юсупов "Маҳорат мактаби" машғулотлари шу йил сентябрь ойидан ҳуқуқий, иқтисодий, ахборот хавфсизлиги йўналишлари бўйича ҳам давом эттирилишини таъкидлади. Йил охирида натижалар сарҳисоб қилиниб, курсларда фаол қатнашган, мунтазам мақолалари чоп этилган 10 нафар тингловчининг устозлар тавсияси асосида чет элга бир ҳафталик малака оширишга юборилиши бўлғуси журналистлар учун катта янгилик бўлди.
Фаёза АВЛАЕВА