Китобсевар ёшлар – мамлакат келажаги
Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди, деган эди донишмандлардан бири. Бугун бу ҳикматнинг нечоғлик ҳаётий ҳақиқат эканини атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар мисолида ҳам англаб турибмиз. Китоб тафаккур, маънавият, ахлоқ ва тарбия манбаи экани, унинг инсон камолоти йўлида тутган ўрни ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.
Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш ва амалий натижага эришишда бир қатор ишлар қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳаёт муттасил ўзгариш ва янгиланишлар замирига қурилган. Шу маънода одамлар тафаккуридаги ўзгаришлар ҳамда ҳаётий талаб бу соҳадаги ишларни яна қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш лозимлигини тақозо этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ва 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқишни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ҳар қандай давлатнинг келажаги – маърифатли, ақлли ёшлардир. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шу боис билим эгаллаш, доим мутолаа қилиш барчамизнинг вазифамизга киради. Айниқса, мамлакатимиз шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда, шунчаки диплом олиш мақсадида эмас, яхши билим учун курашадиган вақт келди.
КИТОБ, МУТОЛАА ВА ҒАЛАБА
Китобни ишонч билан, севиб ўқиш керак. Амир Темур бобомизнинг зиёлиларни астойдил қўллаб-қувватлаши, илмни қадрлаши, бир неча баробар кам сонли қўшини билан рақиблари устидан ғалабаларини эсланг...
Китобни содиқ дўст, деб билган машҳур сиёсатчи ва давлат арбоби Уинстон Черчиллга Англиянинг ҳарбий жараёнларини бошқариш берилганда, у гарчанд бу соҳада тажрибаси йўқ бўлишига қарамасдан ишонч билан “Бутун ҳаётим давомида мен мана шу ишга тайёргарлик кўрганман ва сўзсиз ғалаба қозонаман” деб бошлаган ва катта ғалабаларга эришган.
Хулоса ойдин. Барча муваффақиятлар замирида билим ва тафаккур қудрати жамланган.
СИНЕРГИЯ, СИНЕРГЕТИК ЭФФЕКТ
1+1=5 ёки 8 десангиз ҳеч ким ишонмайди. Синергетик эффект шундан иборатки, бирорта яхши хабар, воқеа, ҳаракат, қарор, лойиҳа, хуллас, барча яхшиликлар жуда тез тарқалади. Тарқалганда ҳам арифметик эмас, геометрик прогрессия билан тарқалади ва кучли синергетик оқибатни келтириб чиқаради. Демак, битта яхшилик кўплаб яхшиликларга, хурсандчиликларга сабаб бўлади ва занжир ҳосил қилиб давом этаверади. Буни – синергетик эффект, деб аташади. Синергетик эффект бирлашиб, катта кучга айланади. Мисол учун, битта чўпни ёки ходани синдириш осон, агар иккаласини бирлаштириб, боғлаб синдираман, десангиз, 5-8 баробар кўп куч кетади. Ана сизга 1+1=5 ёки 8 маҳсули.
Китоб ўқиш ўрнига интернет клубларига бориш кўпайиб кетди. Ралли, отишмалар, даҳшатли, мазмунсиз фильмлар ва ҳоказо. Интернет клубларда компьютер ўйинлари ўйнаш ёки ундан фойдаланишнинг бир соатлик нархи 2-3 минг сўмдан 5 минг сўмгача. Ота-оналар шу мазмунсиз интернет клубига кетган 2-3 кунлик маблағга китоб олиб берса яхши бўларди. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки, ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўп оилаларда бор. Исталган янгилигу ахборотларни интернет орқали олиш мумкин. Бир қарашда китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки бошқа кўнгилочар томошалар бадиий асар ўрнини босмайди. Масалан, “Ўтган кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, Абдулла Қодирий китобининг таъсири, жозибаси бошқача.
Бир мисол келтираман: бундан 2 йил олдин Америкадаги Гарвард университетига физиология бўйича илмий маъруза ўқишга чақиришди. Маълумки, Гарвард университети дунё таълим ва фан рейтингида етакчи ўрин тутади. Маърузадан кейин университет профессори қайси бўлимларни кўришни хоҳлайсиз, экскурсия қиламиз, деб сўради. Мен кутубхонани кўрсатишини сўрадим. Гарвард университетининг турли фан соҳаларини қамраб олган 80 та кутубхонаси бор экан. Қайси бирига олиб кирайлик, дейишди. Мен энг каттасига, дедим. Университетнинг энг катта умумий кутубхонаси 1000 ўринга мўлжалланган. Кутубхона зали бўйлаб айландик, тушлик бўлиб қолганига қарамасдан бирорта бўш жой йўқ. Столда компьютер бўлишига қарамасдан, бирорта талаба компьютерга қараганини кўрмадик.
Ҳамма китоб ўқиб, конспект қилиб ўтирибди. Мен ҳеч ким компьютердан фойдаланмайдими, дея сўрадим. Бизни профессорнинг жавоби ҳайратлантирди: “Компьютер билан уйида, ишхонада ва бошқа жойларда фойдаланиши мумкин, бу ер кутубхона. Кутубхонага талабалар китоб билан ишлаш, ўқиш, зарур манбаларни топиш учун келган”, деди. Китобни севганлиги ва қадрлагани учун Гарвард университети битирувчиларининг 75 нафари Нобель мукофоти соҳиби, дунё миллиардерлари бойлигининг ярми мана шу университетда таҳсил олган, айни пайтда дунёни ўз иқтидори ва эришган ютуқлари билан ҳайратга солган кишилар қўлида, Американинг 45 та Президентидан 12 нафари шу университетни битирган. Бу каби ажабланарли рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Дарҳақиқат, китоб – буюк устоз! “Тушлик вақтини ўтказиб юбориш мумкиндир, аммо умрнинг энг мазмунли қисмини китоб ўқимасдан ўтказиб юбориш асло мумкин эмас”, деган АҚШ файласуфи Жим Ронн.
Биргина китоб киши ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Бахт –миллионлаб китоблар ичида руҳингизга мос китобни топа билишда. Шунинг учун ҳам ҳаётда ўз китобингизни топмагунча асло тиниб-тинчиманг, таслим бўлманг.
МУТОЛАА УЧУН ВАҚТ ТОПИШ КЕРАК. БУ – ИЛМ АСОСИДИР
Атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисалар, шу жумладан, китоб мазмуни ва барча билимлар ҳам инсон мияси орқали қабул қилинади. Мия 15 ёшгача ўсади. Инсон 5 ёшгача ташқи муҳит ахборотларининг 70-80 фоизини олиб бўлади.
Демак, 3-4 ёшга келиб инсон мияси физиологик жиҳатдан ўқишга, ҳарфларни жамлашга тайёр бўлади. Миянинг мана шу физиологик хусусияти ҳисобга олинган ҳолда баъзи мамлакатларда 5-6 ёшдан, айримларида эса 7 ёшдан 1-синфга қабул бошланади.
Организмда нерв ҳужайраларининг ¾ қисми мияда жойлашган. Бу тахминан 14 миллиард нерв ҳужайрасига тўғри келади. Миянинг катта-кичиклигининг ақлий фаолиятга мутлақо алоқаси йўқ.
Шуниси қизиқки, бош мия ярим шарларидаги нерв ҳужайраларининг бор йўғи 2,5-3 фоизигина ақлий фаолият даврида ишлаб туради. Мана, сизга захира. Бош мияга қанча юклама берилса, албатта, меъёри билан, унинг қабул қилиш қобилияти шунча ошиб боради. Инсон мияси тана умумий оғирлигининг 2 фоизини ташкил килади. Унинг оғирлиги тахминан 1,4 килограмм. Мия кучли компьютерга ўхшайди. У ҳар хил сигналларни қабул қилади – товуш, ҳид, фигуралар каби. Уларни аниқлайди ва туркумларга ажратади, эслаб қолади. Миянинг эслаб қолиш қобилияти ҳар қандай компьютердан кучли.
Инсон мияси чексиз имкониятларга эга. Битта мисол: Лондон университетининг математика кафедраси талабаси 28 сонияда 13 рақамли сонни 13 рақамли сонга кўпайтириб, аниқ жавоб айтган. Бундай мисоллар жуда кўп. Зеро, ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш кабидир.
Китоблар инсонларга яхши ва муносиб яшашни, қалби пок ва бир-бирига меҳрибон бўлишни, меҳнатни севишни ўргатади. Кўп яхши китоблар ўқиган киши ўзини кучли, ақлли, инсонпарвар сезади. Аксинча, китоб ўқимаган инсон ўзини маданиятли, маърифатли, деб аташга асло ҳақли эмас. Қолаверса, китоб ўқиб яхши, равон гапиришни, чиройли жумлалар тузишни ўрганамиз. Бу каби инсонларни эса барча ҳурмат қилади ва яхши кўради.
Китоб – энг яқин дўстингиз, унга ишонинг. У керак бўлганда сукут сақлайди, керак бўлса сизга дунё эшигини очиб беради. Инсонлар китоб ўқимай қўйганда, фикрлашдан ҳам тўхтайди. Ҳаётнинг оғир лаҳзаларида китобга суянишингиз мумкин. Китоб қалбни ёритади, инсоннинг қаддини ростлайди, мустаҳкамлайди, ундаги эзгу ниятларни жонлантиради, ақлни ўткир, юракни енгил қилади.
ИНШО ЁЗИШНИ ТИКЛАШ ЛОЗИМ
Бир таклифим бор. Жонажон мамлакатимизда китобхонликни, китоб ўқишни риволантиришнинг энг муҳим тадбирларидан бири – бу, барча олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейларга кириш имтиҳонида иншо ёзишни тиклаш лозим. Иншо ёзаётган инсон, албатта, китоб ўқиган бўлиши кераклиги, саводхонлиги ҳам юқори даражада бўлишини ҳаммамиз тушунамиз. Ахир яқин ўтмишимизда биз ҳаммамиз мактаб битирув имтиҳонларида, олий ўқув юртларига киришда қандай мавзуда иншо ёзганимиз билан фахрланиб юрар эдик-ку. Иншо ёзишни йўқотишгандан кейин, ўзингизга маълум ўз исм-фамилиясини хато ёзадиганлар ҳам пайдо бўлди.
Россияда аҳолининг саводхонлигини ошириш учун барча олий ўқув юртларига кириш учун давлат имтиҳонларида иншо ёзиш қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари, бир неча йиллардан буён мамлакат бўйича ягона диктант куни мавжуд бўлиб, бу куни ўқувчи, талабадан тортиб то вазиргача иншо ёзади.
АҚШда ҳам мактаб битирувчилари албатта битирув ижодий иншони ёзишади. Ҳар бир штатда иншо ёзиб, совринли ўринларни олган битирувчиларга мукофотлар берилади, рағбатлантирилади. Масалан, 2017 йили Пенсильвания штатининг Питтсбург шаҳридаги “Shady Side Academy” мактабини аъло баҳоларга битирган ватандошимиз Азизжон Йўлдошевнинг ижодий иншоси мамлакатда совринли ўрин олгани учун "Мартин Лютер Кинг" мукофотига сазовор бўлди. Айнан шу мукофоти туфайли Азизжон Американинг 13 та олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, барчасига грант асосида ва йиллик стипендия билан қабул қилинди.
Университетлар Азизжонга йиллик стипендияни 10 мингдан 30 минг долларгача таклиф қилишди. У Вашингтондаги “American University” университетининг бизнес факультетини танлади. Бу Университет жамоаси Азизжонни суҳбатдан ўтказиб, талабалар орасида “лидер” (сардор) унвонини беришди. Ҳозир ватандошимиз ҳеч бир қийинчиликсиз 1 курсни аъло баҳолар билан битириб, таътилга чиққан. Мана иншонинг кучи.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бадиий асар ўқиган одам ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан. Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча ой давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидламоқда. Статистик маълумотларга кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади. Тадқиқотларда аниқланишича, китоб ўқишни хуш кўрадиган болалар мактабда ҳам аълочи бўлади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиради. Демак, китоб доимий ҳамроҳингиз бўлса, ҳаётда асло адашмайсиз. Иншо ёзиш эса, яна бир бор таъкидлаймиз, китоб ўқишга, пировардида мамлакат аҳолисининг илмини, саводхонлигини, маданиятини, маънавий ва моддий бойлигини оширишга хизмат қилади.
Бакридин ЗАРИПОВ,
Академик, ЎзМУ профессори,
Нью-Йорк фанлари академияси академиги,
Жаҳон Физиологлар жамияти академиги. ЎзА