Ассоциация қўллаб-қувватлайди
Ўзига хос иқтидори, интеллектуаллиги билан ажралиб турувчи ўзбекистонлик ёшлардан маълум қисми турли сабабларга кўра хорижий мамлакатларда меҳнат қилади. Табиийки, киндик қони тўкилган юрт уларга азиз ва муқаддасдир. Ўзбек ёшлари қаерда, қандай шароитда яшамасин, давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йили июнь ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ана шу умуммиллий мақсаднинг ижтимоий аҳамиятини янада оширди. Ўтган бир йил ичида бу тузилманинг ёшларни фаол қатламга айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари сезиларли бўлди. Марказий кенгаш таркибида ўтган йилнинг октябрь ойи¬дан ўз фаолиятини бошлаган “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилоти турли хорижий давлатларда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ёшлар ҳаётини ўрганиш, уларнинг мақсад-интилишларини қўллаб-қувватлаш масалалари билан шуғулланмоқда. Жорий йил февраль ойида ассоциация фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, унинг ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг хорижий давлатлар билан ҳамкорликда фаолият юритиши дунё билан юзлашиш, турли миллат йигит-қизлари ҳаёти билан танишиш, у ерда таълим олиб, меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан учрашиш, илм-фан, маданият, санъат соҳасидаги янгиликлардан хабардор этиш имконини беради. Ассоциация низомида худди шу жиҳатлар қайд қилинган бўлиб, чет давлатларда унинг ваколатхонасини очиш белгиланган. Бунга кўра, йил бошидан бери ассоциациянинг АҚШ, Хитой, Россия, Германиядаги Ўзбекистон элчихонасида ваколатхоналари очилди. Туркиянинг Истанбул шаҳрида очилган ассоциация ваколатхонасида бу ерда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожир ёшлар билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда.
— Хорижда яшовчи мамлакатимиз ёшлари ҳаёти билан яқиндан танишувимизга ваколатхона кенг имконият яратмоқда, — дейди ассоциация раиси Муродилла Алимбоев. — Вакилларимиз Ўзбекистон билан ўша давлат ўртасидаги “кўприк”дир. Мисол учун Германия Федератив Республикасидаги ваколатхона ходими Камолиддин Бердиев Берлин шаҳрида миллий қадриятлар ва урф-одатларни ўзида мужассам этган қадимий Наврўз байрами нишонланишига бош-қош бўлиб, ҳар иккала давлат ёшларини бир-бирига янада яқинлаштирди. Илк маротаба Россия Федерацияси ҳудудида ассоциациямиз ташаббуси билан спортнинг мини-футбол тури бўйича миллатлараро мусобақа ўтказилди. Турнирда ўзбекистонликларнинг қўли баланд келди. Уларга ассоциация номидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширдик.
Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 10—16 апрель кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида “Ёш ватандошлар” фестивали ўтказилди. Бу хорижда истиқомат қилиб, фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, тадбиркорлик ва ахборот технологиялари соҳаларида юқори натижаларни қўлга киритган, катта салоҳиятга эга ёш ватандошларимизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, йирик иншоотлар, лойиҳалар, яратилган қулай тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитдан хабардор қилиш имконини берди. Фестивалга ассоциациянинг хорижий мамлакатлардаги вакиллари ҳам таклиф этилиб, улар билан давра суҳбати, семинар ўтказилди. Тадбир қайси йўналишда бўлмасин унинг таъсир доираси сезилмоқда. “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг 2018 йилга мўлжалланган Россия Федерацияси, ХХР, АҚШ ва ГФРдаги ваколатхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги йўл харитаси”нинг ишлаб чиқилиши эса яна бир ижтимоий воқе¬лик бўлди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА