Физика ва астрономия олимпиадаси
Юртимизда буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни уларга муносиб равишда тарбиялаш, хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ташкил этилган халқаро олимпиада ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир. 19—23 июнь кунлари ўтказилаётган мазкур нуфузли халқаро танловда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан 45 нафар истеъдодли ўқувчи физика ва астрономия фанлари бўйича билимини синовдан ўтказмоқда.
Танловда иштирокчилар натижаларини адолатли баҳолаш мақсадида физика ва астрономия фанларидан таниқли халқаро экспертлар, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати шакллантирилди.
20 июнь куни иштирокчилар Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейига ташриф буюриб, буюк астроном ҳайкали пойига гул қўйди. Шу билан бирга уларга масканнинг яратилиш тарихи, буюк бобокалонимиз томонидан самони ўрганиш борасида олиб борилган изланишлар ҳамда ноёб ашёлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Ушбу халқаро олимпиаданинг айнан Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Чунки буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳам ўз даврида илм-фан ҳомийси сифатида дунёнинг турли мамлакатларидан олимларни Самарқандга чорлаб, астрономия, математика фанлари бўйича муҳим тадқиқотларни амалга оширган. Бу кўҳна шаҳарда илк олий таълим даргоҳи — мадрасаи олияга асос солган.
Халқаро олимпиада назарий ва экспериментал босқичда ўтказилиб, ўқувчилар билими ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган материаллар асосида баҳоланади. Биринчи турда иштирокчилар фанга оид масалалар тўпламини ечиб, 1 балдан 5 балгача баҳоланди. Биринчи кун баҳслари тугагач, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуасига саёҳат қилиб, маданий ҳордиқ чиқаришди.
— Мен Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари ҳақида кўп ўқиганман, аммо бу ерга илк маротаба келдим, — дейди туркманистонлик Язгелди Миллиев. — Таассуротларим жуда катта.
— Олимпиада, низомга мувофиқ, ҳар икки йилда ўтказилиши белгилаб олинди, — дейди Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Қадамбой Сайтов. — Келгуси йил танлов миқёси, сифати ва қатнашчилар сафи янада кенгаяди. Ушбу йўналишга қизиққан ёшлар кўп, улар келажакда ахборот-коммуникация технологиялари, физика-астрономия, микробиология, ген инженерияси, нанотехнология, космостехника соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз. Мақсадимиз — уларнинг аниқ ва табиий фанлар билан бирга чет тилларни ҳам мукаммал ўзлаштиришига эришиш. Физика ва астрономия бўйича материал ва дарсликлар яратиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳам олдимиздаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Халқаро олимпиаданинг биринчи кун тафсилотлари ҳақида хорижлик соҳа мутахассислари фикри билан қизиқдик.
— Синовнинг биринчи турида тақдим этилган уч гуруҳдан иборат масалалар тўплами бир неча босқичда бажарилиши боис мураккаб ҳисобланади, — дейди Халқаро физика олимпиадалари бўйича бош ҳакам, Москва давлат техника институти кафедра мудири ўринбосари Дмитрий Александров. — Иштирокчиларнинг иши учта масала бўйича умумий 30 балгача баҳоланади. Навбатдаги халқаро физика олимпиадаси Португалияда, математика олимпиадаси Руминияда ўтиши кутилмоқда. Мамлакатингизда илк бор ташкил этилган танловдаги дастлабки хулосамга кўра, навбатдаги халқаро олимпиадаларга астрономия фанини ҳам қўшиш таклифи туғилди.
Халқаро олимпиаданинг иккинчи тури Самарқанд давлат университетида ўтказилиб, бажарилган лаборатория ишлари низом талаблари асосида текширилди. Иштирокчиларнинг ҳар бир амалий иши 5 баллик тизимда баҳоланиб, умумий 20 балл тўплаш имкони берилди.
— Олимпиаданинг иккинчи тури бироз мураккаб ўтди, — дейди Қозоғистондаги Назарбоев интеллектуал мактабининг 11-синф ўқувчиси Аманқул Зҳанибек. — Физика ва астрономияга оид харитали масала берилди. Бунга қараб нур орқали астрономик жисм¬ни аниқлаш талаб этилди. Билим ва маҳоратимни ишга солиб, амалиётни бажардим. Ушбу жисмнинг 244 градусда ва кенгликда жойлашганини топдим.
Халқаро олимпиада шартлари бўйича ўқувчилар билими Беларусь давлат университети доценти Анатолий Слабажианиук, Наманган, Самар¬қанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети профессорлари томонидан адолатли баҳолаб борилмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги хал¬қаро олимпиада иштирокчилари иккинчи турни якунлагач, СамДУ фаоллар залида физик олимлар ва профессорлар билан учрашув бўлди. Сўнг Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуасига саёҳат уюштирилди. Самарқанд педагогика коллежининг амфитеатридаги гала-концерт ҳам томошабинлар кўнглини хушнуд этди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, танловда мамлакатимиздан 16 нафар иқтидорли ўқувчи ғолиблик учун баҳслашмоқда. Низомга мувофиқ, улардан фахрли ўринни эгаллаган уч нафари жорий йилда олий таълим муассасасига имтиёзли равишда қабул қилинади.
Ғолиблар олтин, кумуш, бронза медаллар, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Халқаро олимпиада давом этмоқда.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари