Ёш олимлар янги уйда
Илм-фан — ҳар қандай давлатнинг бугуни ва келажагини белгилайдиган муҳим омил. Мустақиллик йиллари юртимизда фундаментал, инновацион тадқиқотларни янада такомиллаштириш, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш, инновацион иқтисодиёт тараққиётига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада мамлакатимизда қатор илмий мактаблар яратилди. Олимларимизнинг илмий изланишларини дунё илм аҳли эътироф этди.
Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишга ўхшайди. Бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимлар меҳнати таҳсин ва рағбатга муносибдир. Сўнгги икки йил мобайнида давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи республика илм-фани ривожига, академиклар, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга бош бўлаётгани илм-фан кишилари қалбига хурсандчилик улашди. Айниқса, Президентимизнинг олимлар, академиклар билан учрашуви анъанага айланди. Хусусан, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда академиклар илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Шунингдек, уларнинг мавқеини янада ошириш мақсадида илмий мактаблар яратилди. Академиклар ва мухбир аъзоларга тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахслар даромадларига солинадиган даромад солиғидан озод этилди. Фан ва олий таълим соҳасида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдори оширилди. Энг асосийси, ёш олимларни бирламчи эҳтиёж — уй-жой билан таъминлаш тизимининг йўлга қўйилиши илм-фанимизда сўнгги йигирма йилнинг катта воқеасига айланди.
Бир умр далада ишлаб рўзғор тебратган Қумрихон ая фарзанди Абдуғаффорнинг илмга ташна бўлиб улғаяётганидан жуда мамнун бўларди. Шунинг учун ҳам чарчоқларини тез унутар, мактаб томон йўли тушганда ўқитувчилардан дилбанди ҳақида илиқ гапларни эшитиб, ўғлининг ўқиши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қиларди. Шу тарзда орадан йиллар ўтди. Абдуғаффорнинг тириш¬қоқ ва меҳнатсеварлиги, онаизорнинг дуолари кун келиб катта муваффақиятлар эшигини очди. 2010 йили Абдуғаффор Ҳурмаматов “Марказдан қочма куч майдонида толасимон чангларнинг чўкиш жараёнини жадаллаштириш ва секлон ускуналарини модернизация қилиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Унинг бу ютуғидан боши осмонга етган Қумри аяни доим бир нарса безовта қиларди: ўғли бола-чақасини олиб, даста-даста китобу қўлёзмалари билан Тошкентнинг дам у, дам бу ҳудудига кўчар, баъзан қирчиллама қиш кунлари ҳам бошпана излаб юрарди. Онахон олим боласининг ўз устида ишлаш, изланиш ўрнига уй-жой муаммоси билан курашиб яшаётганидан куйинар, шунда ҳам яхши кунларга умидлантирарди. Бу гал эса онахон фарзандига Сергели туманида қад ростлаган кўп қаватли янги уйлардан уч хонали квартира берилганини эшитиб, қувонганидан пойтахтга қанот чиқариб учиб келди.
— Уйимиз жуда шинам, ёнида мактаб, боғча бор, — дейди
Абдуғаффор Ҳурмаматов. — Турмуш ўртоғим билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтида ишлаймиз. Янги уйга кўчганимиздан сўнг кўп ўтмай, учинчи фарзандимиз дунёга келди. Бу қўшалоқ янгилик онамни ниҳоятда шодлантирди. У киши эзгу ишлар бошида турган Юртбошимизни узоқ дуо қилди. Инсоннинг кўнгли хотиржам бўлса, ишида ҳам унум, барака бўлади, дейишади. Айни кунда институтдаги “Кимёвий технология жараёнлари ва қурилмалари” лабораториясига мудирлик қилиш билан бирга, “Нефть-газ комбинцати аралашмаларини механик қўшимчалардан чуқур тозалаш жараёнини такомиллаштириш” мавзусида докторлик иши устида изланиш олиб боряпман.
Г.Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг кичик илмий ходими Элдор Ёдгоров ҳам Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигини янги уйда кутиб олаётган ёш олимлардан. У Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг геология ва кончилик иши факультетида ўқиб юрган кезларидаёқ илмий изланишлари билан устозлари эътиборини тортган эди. Магистратура босқичида таҳсил олаётганида унинг илм¬га иштиёқи янада ортди. Ёш олим “Юқори аниқликдаги магнит ўлчаш усулини маъданли зоналарни аниқлашда қўллаш (Шимолий Нурота ҳудуди мисолида)” мавзусида докторлик диссертацияси устида ишламоқда.
— Давлатимиз ғамхўрлиги билан ойлик маошимизнинг оширилиши, замонавий уйлар билан таъминланганимиз ҳаётимизга завқ-шавқ бағишлади, — дейди у. — Онам ҳам турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи. Улар бамаслаҳат янги уйни жиҳозлашга киришган. Энг аввал харид қилинган жиҳоз китоб жавони, биринчи меҳмонимиз эса бўлажак олим — укам Элёр бўлди. У ҳам илм-фан аҳлига кўрсатилаётган эътибордан руҳланиб магистратура босқичида ўқишини давом эттиришни, нефть ва газ саноати муаммоларини ҳал этишга доир илмий изланишлар олиб боришни дилига туккан.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий котиби Ғулом Исмоилов ҳам илм иштиёқида Қорақалпоғистондан Тошкентга келиб, ижарама-ижара юриш машаққатини чекканлардан. Турмуш ўртоғи Салтанатхон билан суҳбатларининг мавзуси ҳам кўпинча шу муаммога бориб тақаларди. Гоҳ ижарага олган хонадонининг эгалари турли инжиқликлар билан ҳолларини танг қилар, баъзан эса меҳмон келганда хижолат бўлишарди. “Шунча китоб ўқиб, тинмай ёзув-чизув қиласизлару, олган маошларинг зўрға тирикчиликларингга етса, қачон бошпанали бўласизлар?..” дерди айрим жонкуярлар. Шундай чоғларда Ғуломжон индамай елка қисиб қўяр, эртасига одатига кўра, яна йўлини китоб дўкони томон бурарди. Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида фаолият юритаётган қирқ нафар ёш олим қатори унга ҳам замонавий, арзон кўп қаватли уй-жойлардан уч хонали квартира берилгач, асосий муаммоси ҳал этилди.
— Айни кунда “Туркий тиллар фразеологизмларининг лингвокультурологик тадқиқи” мавзусида изланишлар олиб боряпман. — дейди у. — Уйдан кўнгил тўқ. Фарзандимиз ҳам шундоқ уйимиз қаршисидаги мактабгача таълим муассасасига қатнайди. Кечқурун оила даврасида келажакдаги орзу-ҳавасларимиз, режаларимиз хусусида суҳбатлашамиз. Қўни-қўшнилар ҳам биз сингари илм йўлини тутганлар. Гурунгларимиз соҳаларда тадқиқ этилаётган мавзулар, уларнинг ишлаб чиқаришга ижобий таъсири ҳақида боради. Бир-биримиздан ўрганамиз, тажриба алмашамиз. Болаларимизнинг ана шундай муҳитда улғаяётганидан жуда қувонаман.
Ойбуви ОЧИЛОВА