Етакчининг товонидан ўт чақнаса...
Мактабда ўқув йилининг якунига бағишланган тадбир бўляпти. Кириб келаётган меҳмонлар қаторида истаралигина аёл билан ўқитувчи ва ота-оналар алоҳида сўрашаётганини кўриб, у ким экан-а, деган савол кўнглимдан ўтди. Ўз даврида етакчилик вазифасини сидқидилдан, фидойиларча бажарган севимли опа нафақат мактаб жамоаси, балки қишлоқ аҳли орасида ҳам обрў-эътибор қозонганини мактаб директори эътироф этгач, гап бу ёқда экан-да, деб қўйдим.
— Лайло опа етакчилар етакчиси эди, — дейди директор — Куч-ғайратга тўла. Ҳаммадан аввал мактабга келар, худди мезбондек ҳаммани қарши оларди. Ўқувчилигимизда мактаб раҳбари қолиб, Лайло опадан кўпроқ ҳайиқардик. Дарс қолдириш, дарсга кечикиш мумкин эмас. Лайло опа чора кўришидан чўчиймиз. Ҳаттоки, ўқитувчилар ҳам у билан бамаслаҳат иш тутарди. Фидойи инсон билан бирга ишлаганим учунми, етакчиларимдан худди шундай бўлишларини талаб қиламан. “Товонингдан ўт чақнасин” деган гапни қайта-қайта айтаман уларга. Афсуски, етакчиларда ташаббускорлик йўқ.
Етакчиларнинг ойлик маоши, нуфузи кўтарилгани, Ёшлар иттифоқининг муносиб вакилларини кашф қилиш, қўллаб-қувватлашдаги муҳим қадам бўлди. Бир пайтлар меҳнат дафтарчаси юриб туриши учун ишлашга мажбур бўлган етакчи энди нега ёниб ишламаслиги керак?!
Ўқувчининг шахс сифатида улғайиши, жамиятда ўзини намоён қила олиши, муносиб ўрнига эга бўлиши учун зарур фазилатларни айнан етакчи шакллантиради. Мактабдаги ҳар қандай тадбир, мусобақада унинг ўрни сезилиб туриши керак. Иқтидорли, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватловчи Ёшлар иттифоқининг жойлардаги таянч қанотларини “югур-югур”га эмас, аксинча ўз ғояларини рўёбга чиқаришга ундашимиз лозим.
Етакчи иқтидор эгаларини руҳлантириб, янги марралар сари отлантира билсин! Айрим мактаб раҳбарлари етакчи ёшларни тўғри келган ишга жалб қилаётганларида улар зиммасидаги энг муҳим вазифа ҳақида бир мулоҳаза юритиб кўришса ёмон бўлмасди...
Муножат МЎМИНОВА