Таълим, мутахассислик ва бўш иш ўринлари
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Таълим ва мутахассислик” XIX халқаро кўргазмаси ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Таълим ва бандлик йўналишида ўтказилган кўргазмада мамлакатимиздан ташқари АҚШ, Хитой, Франция, Россия, Япония, Англия, Ҳиндистон, Испания, Канада, Германия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳлари, нодавлат таълим муассасалари ва ўқув курслари вакиллари қатнашди.
— Кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад ёшларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини янада оширишдир, — дейди ёшлар иттифоқи мутахассиси Бунёд Ғафуров. — Уч кунлик кўргазма доирасида Ёшлар Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўқув юртларида мавжуд мутахассисликлар бўйича таълим олиш имкониятлари, қўшимча ҳунар ўрганиш, малака ошириш, республикамизда фаолият олиб бораётган ўқув марказлари ҳамда улардаги мавжуд йўналишлар ҳақида маълумот олиши мумкин. Бундан ташқари, ўқув юртларини жиҳозлаш учун ишлаб чиқарилган техник воситалар, ўқув-методологик адабиётлар, мебель жиҳозлари ва АКТнинг сўнгги ютуқлари ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари ҳамда KOICA Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Талаба бўлиш истагидаги ёшларни тегишли мутахассислик бўйича тайёрлаётган ўқув курсларининг замонавий АКТ асосидаги тақдимотлари, марказда яратилган имкониятлар ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.
Кўргазма доирасида республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасидаги “Мен танлаган олийгоҳ” видео-роликлар танловининг якуний босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Танлов ғолиблари уч йўналишда аниқланди. Маданият, санъат, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар йўналишда 1-ўринга Тошкент давлат юридик университети сазовор бўлди. Техника, тиббиёт ва саломатлик йўналишида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ғолиб бўлган бўлса, хорижий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари йўналишида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети 1-ўринни эгаллади.
Ҳасан МЎМИНОВ