Давлат дастури доирасида
Коллежни тугатган Шаҳнозанинг орзулари бир олам. У тикувчилик сир-асрорларини янада чуқурроқ ўзлаштириб, моҳир чеварга айланишни истайди. Тиккан либослари кўз қувнатса, кийганларга гўзаллик, нафосат бахш этса, одамлар уни “Қўли гул уста экан, касбу коридан барака топсин!” дея алқашса, жамиятда ўз ўрнига, эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборга эга бўлса...
28 ёшга қадам қўйган Илҳомжон катта режалар тузган. 4-5 йилча тажрибали усталар қўлида компьютер имкониятларидан кенг фойдаланиш маҳоратини ўзлаштирган тиришқоқ, тиниб-тинчимас ва серғайрат йигит ўз бизнесини йўлга қўйишни мўлжалламоқда. Аммо бунинг учун унга қулай муҳит ва катта маблағ зарур.
Улкан муваффақият орзу-ният уйғунлигида бошланади. Ўз вақтида қўллаб-қувватланмас экан, орзу-истак ўлда-жўлда қолиб кетади. “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурининг қабул қилиниши Шаҳноза ва Илҳомжон сингари минглаб ёшларнинг ҳаётига мазмун бағишламоқда.
Шаҳноза Собирова Қоракўл тумани марказида тажрибали ҳунарманд Гулчеҳра Шукурова раҳбарлик қилаётган замонавий тикув цехида фаолият юритади. У маҳоратли усталардан чеварлик сирларини ўрганиш билан бирга, яхшигина маош олмоқда. Кўплаб дўстлар орттирганидан мамнун.
— Ўқитувчи ва ўқувчилар учун либос тикаяпмиз, — дейди у. — Цехимизда иш қайнайди. Замонавий тикув машиналари билан буюртмани бекаму кўст тикамиз. Ишлаш осон ва унумли. Қисқа вақт ичида қўлим анча “келиб” қолди.
Шофирконлик Илҳомжон Исматов “Миллий банк”нинг туман филиалидан 75 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, “Наврўз” кўчасида ўз хусусий хизмат кўрсатиш шохобчасини очди.
— Компьютер техникаси — нусха кўчириш аппаратини таъмирлаш, интернет хизмати, таклифнома, буклет тайёрлаш ва тасвирга тушириш хизматларини йўлга қўйдик, — дейди у. — Аҳоли тўловни нақд пул, банк орқали кўчириш ва терминал воситасида амалга оширади.
— Дастур доирасида ёшлар муаммолари ўз ечимини топмоқда, — дейди Когон шаҳридаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамро Ҳайдарова. — Қисқа фурсат ичида Фаррух Эргашев, Азиз Бозоров, Алибек Аҳмедов ва Барнохон Бадриддиновага ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун банкдан кредит маблағи ажратилди. 26 нафар йигит-қизни Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бўш иш ўринларига жойлаштириш чораси кўрилмоқда.
“Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, солиқ, иқтисодиёт, молия, қурилиш бошқармалари, ёшлар иттифоқи ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳудудий кенгашлари, савдо-саноат палатасининг туман-шаҳар бўлинмаларидан иборат таркибда бош штаб ташкил этилган. 13 та туман-шаҳар штаб ва комиссияси, 540 та маҳалла кесимида 201 та идоралараро ишчи гуруҳи вақти-вақти билан ҳисобот бериб боради.
— Барча маҳаллаларда ёшлар ижтимоий фаоллиги ва турмуш шароити билан танишиш орқали уларнинг паспорти шакллантирилди, — дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлими бошлиғи Миршод Очилов. — 366873 та хонадонда бўлиб, 440068 нафар йигит-қизнинг анкетаси тўлдирилди. Ёшлардан 3075 нафари меҳнатга лаёқатсиз, 371 нафари доимий рўйхатда турмаслиги, 1420 нафари уй-жойга муҳтожлиги, 27325 нафари ишлаш учун четга чиқиб кетганлиги, 108 нафарининг оила қуриш учун имконияти мавжуд эмаслиги, 28339 нафарининг эса ишсизлиги аниқланди. Ёшларни қийнаб келаётган муаммолардан 5696 таси жойида ҳал этилди, қолган 47863 тасига ечим ахтарилмоқда.
Давлат дастури доирасида “Ёшлар меҳнат гузари”ни ташкил этиш ва тадбиркорликнинг бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш мақсадида 1589 та бўш турган бино ва ер участкаларининг аниқ манзилли рўйхати шакллантирилди. Маҳаллалар ҳудудида 37 та “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш учун бино ва ер майдони ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинмоқда. Бухоро шаҳрида “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази учун ер майдони танланди. Бўш иш ўринлари ярмаркаси ва бошқа тадбирлар натижасида 2457 нафар ишсиз кишининг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, шаҳар ва туманларда “Ёшлар — келажагимиз” жамғармасининг филиали ташкил этилиб, бюджет маблағлари ҳисобидан 47,2 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ногирон ва имконияти чекланган 80 нафар эҳтиёжмандга аравача топширилди, 1817 нафарининг соғлиғини тиклашга кўмаклашилди.
2018-2019 йилларга мўлжалланган “Йўл хариталари”нинг ишлаб чиқилиши бухоролик ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади.
Ирода ОРИПОВА