Танлов имтиёз берсин!
Зўрма-зўраки, кўзбўямачилик учун ўтказилувчи кўрик-танловлар ўқувчи-ёшлар ҳафсаласини пир қилади. “Жаҳолатга қарши маърифат” танловининг мактаб, туман, шаҳар, вилоят босқичларини рисоладагидек ўтказиш учун бир сўм ҳам маблағ ажратилмагани унинг нақадар паст савияда ташкил этилишига сабаб бўлмоқда.
Танловнинг номи ўтказилишига муносиб эмас, назаримда. Тўгарак раҳбари сифатида ўнлаб танловларга ўқувчи тайёрлайман. Улар юқори ўринларни банд этса ҳамки, “Беш юз сўмлик диплом” билан тақдирланишдан нарига (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи танловлари бундан мустасно) ўтмайди. Бошқа танловлар бунга яққол мисол. Бу эса боланинг руҳиятига жиддий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Танловлар нуфузини ошириш учун ҳар бирининг низомини қайта кўриб чиқиш зарур. Барча турдаги қизиқишлар қамраб олинмаяпти.
Ўтказилаётган танловларда ТХТБ мудирларининг шахсан иштирокини таъминлаш; ғолибларга имтиёз бериш тартибини шакл¬лантириш, рағбатлантиришда эса совға номи аниқ кўрсатилиши шарт. Фақат фан олимпиадаси ғолиблари муайян имтиёзга эга. Унутмаслик керакки, бирор фанни чуқур ўзлаштирмаган, аммо ноёб иқтидор эгалари кўплаб топилади. Тақдирлашда эса қуйидагича йўл тутиш мумкин: кашфиётчилар танловида дейлик, Эшпўлат Тошпўлатов биринчи ўринни эгаллади. Рангли телевизор, диплом ва техника йўналишидаги ОЎЮга имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин соҳиби эса 50 фоизлик қўшимча балга, рангли телевизор ва диплом, учинчи ўрин соҳиби 30 фоизлик имтиёз, рангли телевизор ҳамда диплом билан мукофотланади. Бу ўз-ўзидан танлов нуфузи ва қамровини оширади. Танлов жараёни фонида таниқли кишилар, соҳа мутахассислари билан учрашув ўтказиш, адолат мезонини таъминлаш, Жиззах вилоятида бўлиб ўтаётган танловга Навоий вилоятидан, Навоий вилоятига эса Бухородан ҳакамлар гуруҳини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Иқтидор эгаларининг кейинги тақдири билан қизиқиш, лозим бўлса, қўллаб-қувватлаш тизимини ишлаб чиқиш, уларнинг муносиб кадр бўлиб етишиб чиқишида амалий ва аниқ чораларни кўриш мақсадга мувофиқдир. Таклифларимиз амалга ошса, танловлар таъсир доираси янада кенгаяр эди.
Бекназар ҚОРАЖОНОВ
Ғаллаорол тумани